17:39 / 07.07.2022
1 931

Ўзбекистонда 4 кунлик иш ҳафтасини синаб кўриш таклиф қилинди

Ўзбекистонда 4 кунлик иш ҳафтасини синаб кўриш таклиф қилинди
Адҳам Бекмуродов
Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов хориж тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам ҳафталик иш кунларини тўрт кунгача қисқартириш бўйича тажриба ўтказишни таклиф этди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жамоатчилик кенгаши йиғилишида бу таклифни ўртага ташлаган Бекмуродов вазирликдан сўровномалар орқали давлат ташкилотларида меҳнат унумдорлигини баҳолаб чиқишни сўради.

Йиғилишда Давлат бошқаруви академияси ректори бутун дунё, жумладан, Буюк Британия ҳам тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича тадқиқот ўтказгани, шу сабабли Ўзбекистонда ҳам иш режими ва меҳнат унумдорлиги масаласида илмий-тадқиқот ишлари ўтказилиши кераклигини таъкидлади.

Биз эса ҳали якшанба куни [дам олишга] курашиб, эриша олмаяпмиз. Шунинг учун бир яхшилаб ўйлаб кўришимиз керак. [Ҳафтасига] етти кун ишлаганимиздан кейин, саккизинчи кундаги меҳнат унумдорлиги жумага нисбатан қанчага тушиб кетади? Буни олимлар ҳисобласа бўлади. Ҳеч бўлмаса [шу масала] бир кун кўтарилган пайтда: “Мана, бу борада тадқиқот бор, 4 кунлик иш режимига ўтсак, бизда меҳнат унумдорлиги бунақа бўлади”, деб айта оламиз.

Оддий битта мисол: Марказий давлат бошқарув органлари билан уларнинг ҳудудий бошқармалари ўртасида беш юздан ортиқ бир-бирини такрорлайдиган функционал вазифалар бор. Ўша ишни кимдир қилиши керак, лекин битта ишни учта даражада қиладиганлар бор. Шунинг учун меҳнат унумдорлиги 8 соатда давлат идораси ходими учун қанақа интенсив бўлиши керак ва шундан келиб чиқиб, уни хронометраж қилиш керак.

Масалан, бир кунда у нима иш қиляпти? Бу саволни кўтарсак, дарров бизга эътирозлар бўладики, ўзи ўтирган одамларнинг фойдаси борми? Биз фойдаси бор ёки йўқлигини баҳолашимиз керак, бунинг учун эса аввал илмий тадқиқот ўтказилиши керак
”, – деди академия ректори.

Бекмуродовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда 120 мингга яқин давлат хизматчиси бор. Охирги 5 йилда давлат идоралари сони 2 баробарга, меҳнат интенсивлиги эса 4,5–5 баробарга ошган.

Ўтган йили 97 мингга яқин давлат хизматчиси, яъни давлат бошқаруви органларининг турли даражадаги раҳбар-кадрлари академиямизда ўқиди. Жорий йилнинг 6 ойи давомида эса 52 минг кишини ўқитдик. Уларнинг аксариятига дарсга ўзим кираман-да, доим кўзларига қараб баҳо бераман: улардаги меҳнат унумдорлигини оширишнинг биринчи драйвери – иш режимини оптималлаштириш.

Ўтган шанба куни Тошкент шаҳри туманларининг раҳбар-кадрлари ўқиши бўлди. Туман даражасидаги бўлим бошлиқлари, улар академиямиз номенклатурасидаги энг қуйи босқич ҳисобланади. Кўпчилиги дарсларда ухлаб ўтирибди, чунки зўриқиш ҳаддан зиёд юқори уларда.

Улардан сўрадим: меҳнат унумдорликларингизни оширишнинг биринчи йўли нимада? “Домла, ҳар шанба икки соатга бўлса ҳам академияга чақириб ўқитинглар”, деяпти. Лекин афсуски уларнинг ўқиши шу билан кейинги йили бўлади. Одатда бизда таҳсил олувчилар дарслардан сўнг ўқитувчиларнинг ишларини баҳолашади. Натижаларни кўтартирсам, туманлардан келган мутахассислар тайм-менежмент ҳамда стресс-менежмент бўйича дарс берган ўқитувчиларга юқори баҳо беришган. Нима учун? Чунки уларга шу фанлар кўпроқ керак
”, дейди Адҳам Бекмуродов.

Халқаро тажриба

Адҳам Бекмуродов таъкидлаганидек, дунёнинг қатор мамлакатларида 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича фаол изланишлар бошланган. Жумладан, 2018 йилда Янги Зеландиянинг Perpetual Guardian компаниясида ходимлар иш ҳақи камайтирилмаган ҳолда беш кун ўрнига тўрт кун ишлашган ва натижа аъло бўлган: ходимларда ҳаётдан умумий қониқиш янада ўсган. Бандлик ҳисси пасайиб, зўриқиш даражаси 45 фоиздан 38 фоизга тушган.

2019 йилда Microsoft корпорациясининг Япониядаги филиали ходимларига бир ой давомида жума кунлари ишламасликка имкон берганидан сўнг тўрт кунлик иш ҳафтаси компаниянинг иш унумдорлигини оширади, деган хулосага келган.

Бундан ташқари, Испания, Белгия, Германия, Шотландия ва АҚШда иш вақтини қисқартириш, 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича режалар амалга оширилаётгани эълон қилинган. Исландия пойтахти Рейкявикда эса 2015 йилдан бери ишчилар ҳафтасига тўрт кун ишлаб келмоқда.

Ўзбекистондаги вазият

Аслида иш ҳафтасини қисқартириш, барча учун беш кунлик қилиб белгилаш кўп йилдан буён илгари суриб келинади. 2018 йили “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталига иш ҳафтасини барча учун беш кунлик қилиб белгилаш ҳақида петиция жойлаштирилган, мурожаат муаллифи бу амалиёт ривожланган Европа ва Осиё мамлакатларида кенг қўлланиб, ўзининг иқтисодий ва ижтимоий самарасини амалда исботлаганини таъкидлаганди.

Қайд этилишича, мамлакат бўйлаб барча идораларни 5 кунлик иш режимига ўтказиш қуйидаги афзалликларни беради:
  • ишчиларда қўшимча дам олиш кунининг пайдо бўлиши, уларда дам олишга нисбатан эҳтиёжни оширади ва бу албатта, ички туризмнинг ривожи учун муҳим ҳисобланади;
  • ишчиларда ишга нисбатан иштиёқнинг ошиши. Олимларнинг таъкидлашича, 5 кунлик иш куни ишчиларда қўшимча ғайрат пайдо қилар экан. Улар ҳафтанинг биринчи иш кунини барча уй ташвишларидан холи, муаммоларсиз бошлаш имкониятига эга бўлишади;
  • турмуш фаровонлигининг ошиши. Икки кунлик дам олиш ишчи ходимларда оиласи билан кўпроқ вақт ўтказиш имкониятини яратиб, уларда оиласи билан дам олиш, саёҳатларга чиқиш ва бола тарбияси билан биргаликда шуғулланиш, уй юмушларини камайтириш имкониятини яратади ва бу ўз навбатида, жамиятимизнинг асосий бўғини бўлган оиланинг мустаҳкам бўлишига қулай имконият яратади;
  • бюджет ташкилотлари учун харажатларни иқтисод қилиш имконияти. Турли хил коммунал харажатлар ўртача 15–20 фоизга қисқаради. Ходимлар ҳам қисқартирилган кунлар ҳисобига йўл ва овқатланиш харажатларидан иқтисод қилиш имкониятига эга бўлади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу таклифга муносабат билдириб, Меҳнат қонунчилигига ўзгариш ва қўшимчалар киритишни талаб этадиган бундай таклиф мақсадга мувофиқ эмаслиги, қолаверса, барча бюджет ва нодавлат ташкилотларни тўлиқ беш кундан иборат мажбурий иш ҳафтасига ўтказишга зарурат йўқлигини маълум қилганди.

ДХРА сўровнома ўтказмоқда

2022 йил 28 июнда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат хизматчиларининг иш вақти масаласи тадқиқ қилинаётгани, айрим тоифадаги давлат хизматчилари мослашувчан иш режимига ўтиши мумкинлигини билдирди.

Агентлик томонидан тизимни янада такомиллаштириш, давлат хизмати жозибадорлигини ошириш мақсадида ўтказилаётган сўровномадан респондентларнинг давлат органи ёхуд хусусий секторда ишлаши, бир кунда ўртача неча соат вақтини иш жойида ўтказиши, ҳар куни ишга соат нечада келиб нечада кетиши, респондент учун маъқул мослашувчан иш графиги, мослашувчан иш режимини ташкил этишга муносабатини аниқлаштирадиган саволлар ўрин олган.

Сўровнома аноним характерга эга, яъни унда иштирок этганларнинг шахси сир сақланади. Сўров натижалари умумлаштирилган ҳолда таҳлил қилинади.

Сўровда иштирок этиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг: https://forms.gle/p9GktyQ8Z5YfsnmE8

Жамшид Ниёзов, журналист

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда 4 кунлик иш ҳафтасини синаб кўриш таклиф қилинди