1 292
Камолиддин Раббимов: «Марказий Осиё қудратли субъектларнинг босими остида бирлашишга маҳкум...»

Бугун Тошкент шаҳрида Марказий Осиё экспертлари форуми бўлиб ўтди. Ушбу форумни ташкиллаштиришда фаол қатнашган сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга Azon.uz мухбири бир неча саволлар билан мурожат қилди.
- Ушбу форумдан кўзланган мақсад нима? Нега Марказий Осиё экспертлари уюшмаси ташкил этилмоқда?
– Марказий Осиё минтақаси янги бир трансформациялар, ўзгаришлар арафасида турибди, дейиш мумкин. Чунки, постсовет ҳудудидаги катта-катта воқеаларнинг гувоҳи бўляпмиз ва мана шу фонда, постсовет ҳудудидаги ўзгариш Марказий Осиёдаги геосиёсий вазиятнинг трансформация бўлиши минтақадаги экспертларнинг доимий, муттасил ўзаро алоқада бўлиши, ягона позиция ишлаб чиқиши, минтақа атрофида ва минтақа ичкарисидаги чақириқлар, муаммоларга биргаликда, коллектив фикрлаган ҳолатда муаммоларга ечим таклиф қилиши ҳамда биргаликда жамоатчилик фикрини шакллантириш вазифаси турибди.
Ўтган даврда, яъни, мустақилликка эришилгандан кейинги биринчи чорак асрда мустақил давлатлар имкон қадар суверенитетга тўйиниш даври ва имкон қадар баъзи бир ҳолатларда, ҳаттоки иҳоталанишни кузатдик. Лекин биз глобаллашув жараёнига кирдик. Бундан кейин глобаллашув чақириқларига ягона жавоб бу коллектив жавоб бўлиши керак. Минтақа бу макроҳудуд. Биз ўтмишда бирга яшаганмиз ва ҳудуднинг олдинги номи Туркистон. У пайтда ҳали миллий давлатга бўлиниш ва ўзликлар ўртасидаги фарқланиш у қадар кўзга кўринмас эди.
Бугунги кунда гобаллашув фонидаги Марказий Осиё минтақаси атрофидаги қудратли субъектларнинг босими остида биз бирлашишга ва бирликда муаммоларга жавоб излашга маҳкуммиз. Шунинг учун ҳам Тошкентда Марказий Осиё экспертлари альянси тузиляпти. Бу тарихий воқеа. Беш республика экспертлари бош қўшиб, ягона платформада бирлашиши ва мана шу бирлашувдан кейин минтақанинг ягона тақдир эканлигини англаши ва буни жамиятга тушунтириши, биргаликда муаммоларга ечим излашга ҳаракат бошланади, деб умид қиламан.
– Бу уюшма томонидан ишлаб чиқилган таклифлар жамоатчиликками, ҳукуматгами, кимга тақдим этилади?
– Иккаласигаям. Чунки бир томондан ҳокимиятлар ҳукуматлар билан ишлаш вазифаси албатта сақланиб қолаверади, лекин минтақада ватандошлик, фуқаролик жамиятини шакллантириш бу глобал тараққиётнинг муҳим шартларидан биридир. Қолаверса, жамоатчилик билан тўғридан тўғри ишлаш ва жамоатчилик фикрини шакллантириш ва ундаги айтайлик у ёки бу томонга миллий манфаатлар ва минтақа манфаатларидан оғишувлар бўладиган бўлса, унга эксперт даражасида муносабат билдириш ва йўналтириш вазифаси сақланиб қолади.
– Экспертлар хавфсизлиги қандай таъминланади?
– Экспертлар сиёсатга аралашмайди. Яъни улар сиёсий ҳокимият учун курашмайди ёки ҳокимият билан тўқнашмайди. Экспертнинг вазифаси ҳокимиятга ҳам, жамиятга ҳам академик этикет доирасида маслаҳатлар беради. Шунинг учун экспертлар ўзининг салоҳияти ва мақомини тўғри англайдиган бўлса, ўйлайманки, муаммо бўлмайди.
– Бу борада уларнинг сўз эркинлиги-чи?
– Бу муҳим масала. Минтақада бу юзасидан ўзгаришлар бўляпти, деб ўйлайман. Масалан, биринчи йигирма беш йилликка нисбатан Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам жиддий ўзгаришларни кўрдик. Бундан кейин глобаллашув шароитида информация фақат муқобилликларни назарда тутади. Бундан кейин эркин ахборотдан ихоталаниш мумкин эмас. Мана, Ўзбекистонга дахлдор ахборот манбалари Ўзбекистон ичкарисига қайтди. Муҳим хабарлар, давлатга, миллатга тегишли хабарлар кўпроқ четдан шакллантирилар эди. Ҳаммаси Ўзбекистоннинг ичкарисида ва мана шу ташаббусни нафақат сақлаб қолиш, балки уни парваришлаш вазифаси турибди.
– Асосий вазифа моддий таъминоти қанақа бўлади?
– Бу масала ҳали шаклланиш жараёнида. Бир томондан нодавлат сектори, тадбиркорлар ва давлатлар билан маълум бир ҳамкорликда экспертлар алянсини молиялаштириш масаласи кўриб чиқилади ва ижобий ечим топади, албатта.
– Ҳар бир давлат ўзининг позициясига эга. Ва экспертлар гуруҳи ҳам бешта давлатдан йиғилиб ишлайди. Бунда позициялар хилма-хиллиги бўлиши мумкин-ку?
– Бу, албатта, табиий ҳолат. Демак, ҳар бир давлатнинг ўз миллий манфаатлари бор. Ҳар бир давлатда ўрнатилган сиёсий институтлар бор. Яқинда Тожикистон билан Қирғизистон чегара ҳудудидаги зиддиятларни кўрдик. Демак, минтақа атрофидаги экспертлар альянсини ташкил қилишдан мақсад биз умумий, минтақавий ўзлик ва минтақавий ечим излашимиз керак. Яъни, биз ўша миллий давлат қобиғида қолиб кетмасдан бир поғона юқорига кўтарилишимиз керак деган вазифа турибди. Имкон қадар этник миллатчиликка берилмаслик ва минтақа ўзлигини шакллантириш ва минтақа интеграцияси маънавий, сиёсий платформа яратилади.
– Мазмунли суҳбатингиз, ажратган вақтингиз учун ташаккур. Сизга ва тузилаётган уюшмаган муваффақиятлар тилаймиз.
Нурбек Ғофуров суҳбатлашди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар