date

Компани таслим бўлмади: "Бавария" яна қайтишига ишонмоқда...

Мюнхеннинг “Бавария” клуби бу мавсум Чемпионлар лигасида бош соврин учун асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрилган эди. Бироқ яримфиналда Франциянинг “ПСЖ” клубига қарши икки учрашув якунларига кўра 5:6 ҳисобида мағлуб бўлган немис гранди мусобақани тарк этишга мажбур бўлди.

Учрашувдан кейин “Бавария” бош мураббийи Венсан Компани жамоанинг чиқиши, имкониятлари ва келажак режалари ҳақида фикр билдирди. Белгиялик мутахассиснинг таъкидлашича, у мавсум давомида жамоаси билан Чемпионлар лигасини ютиш мумкинлигига чин дилдан ишонган.

— Мен ҳар доим Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш имкониятини ҳис қиламан. Бу йил ҳам шу туйғу бор эди. Жамоада характер, сифат ва катта иштиёқ мавжуд эди. Лекин бу турнир жуда мураккаб, — деди Компани.

Мураббийнинг айтишича, “Бавария” каби улкан клуб учун ҳам Европанинг энг нуфузли мусобақасида ғолиб чиқиш осон эмас. У Чемпионлар лигаси тарихи давомида ҳатто энг кучли клублар ҳам ҳар йили зафар қуча олмаслигини эслатиб ўтди.

— “Бавария” бу турнирда олти марта ғалаба қозонган. Чемпионлар лигаси қарийб 60-70 йилдан бери ўтказиб келинади. “Реал”дан ташқари, аксарият топ-клублар одатда ўн йилда бир марта чемпион бўлади. Шунинг учун мен ортиқча босим қилишни истамайман. Бу совринга эришиш нақадар қийинлигини яхши тушунаман, — деди мутахассис.

Компани шу билан бирга жамоа бу йил ҳам финалга чиқиш ва ҳатто бош совринни ютиш имкониятига эга бўлганини таъкидлади. Унинг фикрича, айрим кичик деталлар ва вазиятлар “Бавария” тақдирига салбий таъсир қилган.

— Бу йил ҳаммасини ютишимиз мумкин эди. Балки келаси мавсум омад ва вазият биз томонда бўлар. Энг муҳими — тўхтаб қолмаслик ва янада кучлироқ қайтиш, — деди белгиялик мураббий.

Эслатиб ўтамиз, Чемпионлар лигаси финалида Франциянинг “ПСЖ” клуби Англиянинг “Арсенал” жамоасига қарши майдонга тушади. Қитъанинг бош футболь баҳси 30 май куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳридаги машҳур “Пушкаш Арена” стадионида бўлиб ўтади.

“Бавария” мухлислари эса жамоанинг янги мавсумда яна Европа тахти учун жиддий кураш олиб боришига ишонмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Компани таслим бўлмади: "Бавария" яна қайтишига ишонмоқда...