
Шаҳарда автобуслар ҳаракатини тўсиқсиз амалга ошириш учун 4 та кўча: Алишер Навоий, Беруний, Амир Темур ва Фарғона йўли каби марказий кўчаларда автобуслар учун махсус йўлаклар барпо қилиняпти.
Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидовнинг таъкидлашича, йўлаклар пойтахтнинг 36 та коридорида, яъни жамоат транспорти кўп юрадиган кўчаларда ташкил этилади. Унинг умумий узунлиги 475 км бўлади.
«Бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилади. 2023 йилда 13 та коридор белгилаганмиз. Коридор – кўча эмас, масалан, Алишер Навоий ва Беруний кўчалари битта коридор бўлса, Амир Темур кўчаси яна битта коридор, Фарғона йўли билан Истиқлол кўчалари ҳам битта коридор ҳисобланади. Шунга ўхшаш жами 36 та коридорда автобуслар учун махсус йўлакларни ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, улар орасида Кичик ҳалқа йўли, Нурафшон кўчалари ҳам бор» дейди Обидов.
Бу жараёнда йўл бўйида жойлашган автотураргоҳлар тартибга солиниб, чекловлар ўрнатилади.
«Текин тураргоҳ бўлгани ҳисобига шаҳар кўчаларида ҳаракат оқими кўпайиб кетган. Бутун дунёда йўл бўйи текин автотураргоҳ деган тизим йўқ, пулли автотураргоҳлар йўлга қўйилган ва улар ҳам чекланган миқдорда. Тошкент шаҳрида ушбу тизим тартибга солинмагани учун марказга ҳамма фуқаролар автомобили билан келади, шахсий машинасида келганидан кейин умумий жамоатчиликка тегишли бўлган ҳудудни чеклайди.
Тошкент шаҳрида ўзининг шахсий транспортига эга бўлмаган 70 фоиз аҳоли бор, мана шу одамлар ҳуқуқларини қолган 30 фоизи шахсий транспортига эга аҳоли маҳрум қиляпти. Жамоат транспорти кўпчилик учун ишлаши, жамоатчилик ҳудуди пиёданинг ҳаракатланиши, сайр қилиши учун ажратилиши, кўкаламзорлаштирилиши керак. Лекин кўкаламзорлаштириш учун берилган майдонларда ҳам транспортлар турибди.
Буни тартибга солиш мақсадида шаҳар марказида автотураргоҳлар сонини чеклаб, имконият бор жойларда, метрога яқин ҳудудларда «тутиб қоладиган автотураргоҳ» тизимини жорий қилмоқчимиз. Масалан, Амир Темур кўчаси билан Кичик ҳалқа йўли устидан ўтган кўприк остида катта жой бор. Амир Темур кўчасида Юнусобод тумани ҳокимияти тарафдан бошлаб кўплаб йўл бўйи тураргоҳларни кўриш мумкин. Мана шуларни кўприк остига жойлаштирсак бўлади», дейди Обидов.
Обидовнинг айтишича, пулли паркоматлар бўйича лойиҳа ҳали тасдиқлангани йўқ, ҳужжат Тошкент шаҳар ҳокимиятида турибди, келишув жараёнида бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг феврал ойида президент «Тошкент шаҳар жамоат транспорт тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолаганди. Унга кўра, 2022 йилда 10 та кўчада синов тариқасида йўл бўйи пулли автотураргоҳлар қилиниши керак эди. Ноябр ойида 2 минг 251 та паркоматлар айнан қайси кўчаларга ўрнатилиши бўйича рўйхат ҳам эълон қилинган. Аммо йил якунланишига 7 кун қолган бир вақтда бу лойиҳа амалга оширилгани йўқ.
Автобус ЙўлаклариТошкент ТранспортЖамоат ТранспортиКўчалар РивожланишиАвтотураргоҳларПулли Паркоматлар Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар