
Таълим масалалари бўйича эксперт, собиқ “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев Kun.uz’га берган интервюсида ҳукумат таркибида ўзгаришлар кузатилганига қарамай унда нега “янги юзлар” йўқлиги, мамлакатда профессионал бошқарув синфи шаклланмаётгани — кадрлар муаммоси ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
Баҳодир Ғаниевга кўра, у охирги олти йилда мамлакат кадр сиёсатида тубдан ўзгариш бўлишини кутган.
“Кутгандим, профессионал кадр хизмати чиқишини, “Давлат хизматчиси тўғрисида”ги қонун вақтлироқ қабул қилинишини, давлат хизматчилари бўйича тизим жорий қилинишини, давлат хизмати учун кадр тайёрловчи бир-иккита муассасалар халқаро стандартда ишлайдиган муассасаларга айлантирилишини. Чунки буларнинг ўрни жуда катта.
Бизда давлат бошқаруви учун кадр тайёрлайдиган муассасалар йўқ. Ҳатто яқин-яқингача олий таълимда ҳам давлат бошқаруви йўналиши йўқ эди. Оддий мисол, ривожланган давлатлардаги ҳар битта университетда давлат бошқаруви йўналишлари бор. Шунингдек, бу университетларда соҳалар бўйича ихтисослашган тарзда кадр тайёрланади. Масалан, соғлиқни сақлаш, иқтисод бўйича. Демоқчиманки, профессионал давлат бошқаруви бўлиши учун аввало унга кадр тайёрловчи муассасалар бўлиши керак”, – дея ўзининг кутганлари ҳали амалга ошмаётгани ҳақида гапирди Ғаниев.
Экспертга кўра, у учун ҳукуматдаги сўнгги ўзгаришлар давомида вазирликларга қўйилган кадрлар янгилик бўлмаган.
“Бунда янги таркиб йўқ. Бу ерда кўча тилида айтадиган бўлсак, шашка ўйнаб қўя қолишди. Ўзгаришларда янги таркиб бўлса, ўша соҳанинг ичидан чиққан янги юзлар бўлиши керак эди. Биз бу таркибда янги юзлардан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровани кўряпмиз, лекин у ҳам давлат тизимига айланган. Президент ижод ва ихтисослашган мактаблар агентлигини бошқарган. Хуллас, таълимда юрган одам. Лекин қолган ҳамма юзлар ўша-ўша юзлар-да.
Менда шундай тушунча пайдо бўляптики, давлат раҳбари ё ўз кадр хизматига ишонмайди ёки бу хизмат кадр топиш вазифасини умуман бажармаяпти. Ҳозир кадрлар давлат раҳбари шахсан ўзи ишини кўрган, ишлашини биламан, тортиб кетса керак, дея умид билдирганига қараб қўйиляпти.
Бу вазифаларга қандайдир катта танловлар орқали ўтилмаяпти. Бу хизматнинг бошқа хизматлари ҳам бор, лекин айнан раҳбар кадрларни тайёрлаш ва етарли миқдорда таъминлаш вазифасини мутлақо бажармаяпти. Чунки ўша жойларга қўйилаётган шахслар ичида янги шахслар умуман йўқ.
Бу ҳолат бугун давлат раҳбарини маълум кадрларни уёқдан буёққа айлантиришга мажбур қиляпти. Бу тизимдан воз кечмасак, ўзгариш бўлмайди”, – деди Баҳодир Ғаниев.
Эксперт фикрлари давомида ҳукуматдаги ўзгаришларда шошиб бўлмаслиги, у аниқ ва кўп йилилк стратегияга асосланиши кераклиги ҳақида ҳам гапирди.
“Мен ўтган интервюмда ҳукумат тўртта раҳбарнинг ундай-бундай қилиб чизиб ташлаши билан янгиланмаслигига умид билдирган эдим. Буни масалага жиддий қараб, олти ой, бир йил ичида ҳар бир вазирликнинг функционал вазифалари бўйича таҳлилларни қараб, стратегияни белгилаб, кейин қилиш керак эди. Чунки оптималлаштириш, ўттиз фоизга қисқартириш дейилди, лекин бу ҳам нотўғри. Масалан, қайсидир вазирликда битта ҳам қисқартириш керак эмасдир, қайсидир вазирликнинг эллик фоизини олиб ташлаш керакдир.
Вазирликларни ёппасига қисқартириш бу советдан қолган режали иқтисоднинг сарқити. Қисқартириш ё кенгайтириш таҳлилга қараб бўлиши керак.
Бунда шу соҳада беш, ўн йилдан кейин қаерда бўлишимиз керак деган саволга жавоб бўлса ва ундан кейин бунга қанча ресурс керак ёки қонунчиликда қандай ўзгаришлар керак, деган саволга жавоб топилса, шундан келиб чиқибгина стратегиялар қилиш керак.
Айниқса, таълимда бир йиллик режа қилинмайди. Таълимда режа 15-20 йилга қилинади. Йигирма йилдан кейин қандай бўлишимиз керак? Таълимдаги ислоҳот шундан келиб чиқиб қилинади.
Масалан, давлат эълон қилиши керак: Бизнинг йигирма йилдан кейинги энг асосий драйверимиз бу робототехника бўлади. Биз дунёга фақат роботларни етказамиз. Бунда масалан, таълимнинг режалари шунга қараб олинади.
Иқтисодни ҳам шунга олиб чиқиш керак. Йўқ, биз йигирма йилдан кейин қишлоқ хўжалиги етиштирадиган давлат бўламиз, деса унда бошқача стратегия қилиш керак.
Йўқ, биз йигирма йилдан кейин қайсидир давлатнинг таркибига кириб кетамиз, мустақил бўлмаймиз, деган қандайдир стратегия қилинган бўлса, демак, таълим ҳам одамларни аҳмоқлаштириш, “қўйлаштириш” сиёсати бўйича кетади.
Мен бу каби мисолларни келтираётганимки, таълим стратегияси давлат стратегияси билан узвий боғлиқ. Аввал давлат стратегияси ишлаб чиқилади, ундан кейин, шунга қараб, таълим стратегияси ишлаб чиқилади. Ва шундан келиб чиқиб, унга ресурс ажратиш, вазирлик қолдириш ёки қолдирмаслик масаласи белгиланади.
Афсуски, маъмурий ислоҳотлар эълон қилинганига бир ҳафта ўтмай вазирликлар бирлаштириб юборилди, вазирлар ҳам тасдиқлаб юборилди. Менинг тушунчам бўйича, яна шошяпмиз. Яна бажарилди дейиш учун ишлаяпмиз. Агар бундай бўладиган бўлса, ҳеч нарса ўзгармайди.
Бундан ташқари, ҳозир аввалги ишлаган жойида бирор ислоҳот қилиб, ўша соҳани кўтармаган одамлар янги соҳага вазир қилиб қўйилмоқда (ичида кўтарганлари ҳам бор) ва янги вазирликларда ҳам улардан бирор натижа бўлмайди”, – деди Баҳодир Ғаниев.
Ҳукумат ўзгаришиПрофессионал кадрБаҳодир ҒаниевТаълим ислоҳотиКадр муаммосиДавлат бошқаруви Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар