21:36 / 15.02.2023
527

Ер ҳам хусусий мулкка айланмоқда. Бу ислоҳот халққа нима беради?

Ер ҳам хусусий мулкка айланмоқда. Бу ислоҳот халққа нима беради?
Фото: KUN.UZ
Сўнгги йилларда амалга оширилган жиддий ислоҳотлардан бири – ерларни хусусийлаштириш бошлангани бўлди. Эндиликда жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган) ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин. Бу – мулк ҳуқуқи шаклланишида муҳим омил ҳисобланади.

Ўзбек халқи асрлар давомида ўтроқ турмуш тарзида яшаб келади. Шу жиҳатдан, кўчмас халқларда ернинг ўрни ҳаддан ташқари юқори. Собиқ совет иттифоқи давридаги колхозлаштириш сиёсати ортидан ўзбекистонликлар ердан фойдаланувчи “рутба”сига туширилган эди.

Мустақиллик даврида ҳам ерни хусусийлаштиришга бир неча марта уриниш бўлган, аммо бу уринишлар турли сабабларга кўра муваффақиятли якунланмади. Одамлар ернинг эмас, фақат унинг устига қурилган бино мулкдоригина эди, холос.

Шундай шароитда фуқаролар мулкини ҳимоя қилишнинг қонуний механизми пайдо бўлди. 2021 йилнинг 15 ноябрь куни қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун ва шу асосдаги ҳукумат қарори билан фуқаролар ўзларига тегишли ҳовли уйлар жойлашган ерларни хусусийлаштириш имкониятига эга бўлди.

Ерларни хусусийлаштиришдан мақсад нима?

Биринчидан, бу ислоҳот одамларни мулкдор қилишга қаратилган. Яъни фуқаролар ва ташкилотлар ўзлари эгалик қилаётган ёки фойдаланаётган ер участкасини давлатдан муайян номинал қийматда харид қилган ҳолда, бозор нархида ундан бир неча баробар қиммат мол-мулкка эга бўлади. Шунингдек, ер хусусий мулкка айлангач, ўз-ўзидан ер бозори пайдо бўлади, худдики бир пайтлар уй-жой хусусийлашгач, уй бозори пайдо бўлганидек. Демак, ернинг ҳақиқий бозор баҳоси шаклланади.

Иккинчидан, ернинг хусусий мулкка айланиши мулк ҳуқуқи шаклланишида муҳим омил ҳисобланади. Ер участкаси мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлгандан кейин нафақат унинг устидаги бино, балки умуман ер майдонининг ўзи ҳам қонунан дахлсиз бўлади. Бу – тадбиркор ва маҳаллий инвесторлар учун муҳим кафолат.

Учинчидан, ерни гаровга қўйиш, ижарага бериш каби имкониятлар пайдо бўлади, яъни ер иқтисодий муомала объектига айланади.

Тўртинчидан, фуқароларда ҳокимият билан можароларда ўз мулкларини ҳимоя қилиш учун яна бир қўшимча инструмент пайдо бўлади.

Бешинчидан, ернинг бозор нархи шаклланиши ва унинг шаҳар марказларида қимматроқ бўлиши ишлаб чиқаришнинг ер ва ишчи кучи арзонроқ бўлган ҳудудларга кўчишига импульс беради. Яъни шаҳарнинг марказида ишлаб чиқариш корхоналари сони камаяди.

Олтинчидан, ер участкасига оид мулк ҳуқуқини амалга ошириш ва ҳимоялашнинг аниқ юридик процедуралари пайдо бўлади.

Ерни хусусийлаштириш учун қанча маблағ тўлаш керак?

Хусусийлаштириш тўлови Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида ҳисобланган ер солиғининг 10 баравари, бошқа ҳудудларда 5 баравари миқдорида белгиланган. Бунда мол-мулк солиғи қўшиб ҳисобланмайди, айнан ер участкасига тўланадиган солиқ ҳисобга олинади.

Масалан, агар сиз бир йилда ҳовлингиз учун 300 минг сўм ер солиғи тўласангиз, фақат бир марта шу сумманинг 10 баробари миқдорида, яъни 3 млн ёки 5 баробари миқдорида 1,5 млн сўм бадал тўлайсиз ва ер участкасига нисбатан мулк ҳуқуқини қўлга киритасиз.

Шу билан бирга, ер участкасини хусусийлаштириш сизни ер солиғи тўлашдан озод қилмайди. Ер солиғини худди аввалгидек тўлаб боришингиз лозим.

Хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар давлат бюджетига йўналтирилади.

Ер участкаларини хусусийлаштириш ихтиёрийлик асосида амалга оширилади. Чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл юридик шахслари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, шунингдек давлат органлари, муассаса ва корхоналари хусусийлаштириш субъектлари бўла олмайди. Бу жуда кўп давлатлар учун асосий принцип.

Хусусийлаштириш қандай тартибда амалга оширилади?

Фуқаролар хусусийлаштиришни икки шаклда амалга ошириши мумкин: давлат хизматлари марказига бориб ариза бериш ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали мустақил тарзда электрон ариза тўлдириш мумкин.

Аризалар ваколатли органлар томонидан инсон омилидан холи тарзда автоматик равишда 5 иш кунида кўриб чиқилади. Агар ваколатли орган бу аризани кўриб чиқиб, маъқул топса, аризачига ҳисобварақаси юборилади. Аризачи 10 календар кунида кўрсатилган миқдордаги тўловни тўлаши керак бўлади. Пул тўланган заҳоти бир неча дақиқа ичида мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери мулкдорга автоматик равишда тақдим этилади.

Хусусийлаштириш мумкин бўлган ерлар:
  • юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, шунингдек тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкалари;
  • хусусийлаштирилиши лозим бўлган давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкалари;
  • бўш турган ер участкалари.

Қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди:
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар;
  • фойдали қазилма конлари, қонунчиликка мувофиқ хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки объектлари жойлашган ер участкалари;
  • табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари, шунингдек ўрмон ҳамда сув фондларининг, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси объектларининг муҳофаза зоналари, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари);
  • хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;
  • қонунчиликда белгиланган тартибда махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига тақдим этилган ер участкалари – махсус иқтисодий зона фаолият кўрсатадиган даврда;
  • кўп квартирали уйлар жойлашган, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ер участкалари;
  • давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини, ижтимоий шериклик тўғрисидаги келишувлар ва шартномаларни амалга ошириш учун берилган, шунингдек юридик шахсларга давлат ва жамият эҳтиёжлари учун берилган ер участкалари.

Ер участкалари қуйидаги шаклларда хусусийлаштирилади:
  • умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ерни сотиб олиш;
  • ерни электрон онлайн-аукцион орқали сотиб олиш.

Ерга нисбатан хусусий мулк институти жорий этилиши оддий инсонлар ва тадбиркорларга ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун муҳим база яратилишига, ердан фойдаланиш самарадорлиги ошишига сабаб бўлиши мумкин.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият