06:30 / 16.04.2023
494

Ҳасад ва ҳаваснинг нозик фарқлари

Ҳасад ва ҳаваснинг нозик фарқлари

Ҳасаднинг маъноси

Ҳасад бирон кишидаги Аллоҳ берган неъмат ёки фазилат йўқ бўлиб, ўзига ўтиб қолишини хоҳлашдир. Бундай кимса биродарида Аллоҳ таолонинг неъматини кўриб, аччиқланади, ундаги бор нарса завол топиб, фақат ўзига насиб этишини истайди.

Ибн Қаййим бундай деган: “Ҳасаднинг асли Аллоҳ таоло берган неъматни ёмон кўриш, унинг заволини исташдир. Ҳасадгўй неъматнинг душманидир. Бундай ёмонлик ўзининг табиатидандир. Ҳасад бирон одамдан юқтириб олинган касаллик эмас, балки нафснинг пасткашлигидан, ёмонлигидан келиб чиқади”. (Ат-Тафсирул Қаййим)

Мовардий: “Ҳасаднинг ҳақиқати фазилатли одамлардаги яхшиликларни кўриб қаттиқ аччиқланишдир”, деган. (Адаб уд-дунё вад дин)

Баъзилар айтишича, ҳасад неъматнинг заволини хоҳлаш эмас, балки бировнинг муваффақиятини кўра олмасликдир. Бир одам ўзгалар қўлидаги неъматни хушламаса, бундан жаҳли чиқса, унинг заволини хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам ҳасадчи ҳисобланади.

Ҳасад билан ҳавас ўртасида қандай фарқ бор?

Ҳасад бировга ёмонликни раво кўриш, ҳавас эса бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлиб, ўзига ҳам шундай неъматлар берилишини орзу қилишдир.

Ҳасад – катта гуноҳ. Ҳавас эса гуноҳ эмас. Ҳасадчи биров эришган ютуқдан хафа бўлади. Ҳавас қилувчи эса кимдир муваффақият қозонса, хурсанд бўлади, ўзига ҳам шундай неъмат берилишини Аллоҳдан сўрайди.

Ўзингизда ҳасад туйғуси бор-йўқлигини билиш учун биродарингиздаги бир фазилатини эсланг. Бу фазилат унга Аллоҳ ато этган неъмат. Мана шу неъмат билан сиздан афзал. Энди ростини айтинг: Бу неъматга муносабатингиз қандай? Шу неъмат сабаб дўстингизни ёқтирмай қолмаяпсизми, унинг йўқ бўлишини ич-ичингиздан хоҳламаяпсизми? Агар ўша ҳолатни ҳис қилсангиз, бу аниқ ҳасаддир.

Агар биродарингизга берилган неъматдан кўзларингиз қувонса, ўзингизга ҳам шундай неъмат берилишини хоҳласангиз, бу ҳавасдир, ҳасад эмас.

Қуръони каримда ҳасад ҳақида нима дейилган?

Қуръони карим қалбни ҳасаддан поклашга чақиради. Жумладан, Аллоҳ таоло айтади:

“Аллоҳ бирон неъмат билан бирингизни (бошқа) бирингиздан ортиқ қилиб қўйса, сизлар уни (ҳасад-адоват билан) орзу қилманг! Эркаклар учун ҳам қилган меҳнатларидан насиба бор. Аёллар учун ҳам қилган меҳнатларидан насиба бор. Сизлар (бировларга берилган неъматларга кўз олайтириш ўрнига) Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўранг. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчи Зотдир” (Нисо сураси, 32-оят).

Қуръонда айтиляпти: эй инсон, кимда бирон неъматни кўрсанг, унга ҳасад қилаверма, бировнинг ютуғига кўз олайтирма. Унинг ўрнига Аллоҳдан сўра. Аллоҳ сўраганингни беради.

Бир одамнинг бойлиги кўпайиб кетса, мартабаси юқориласа, парво қилманг. Ахир, ўша нарсаларга сизнинг ҳимматингиз эвазига эришгани йўқ-ку! Тўғрими? Ҳасад қилиш ўрнига сиз ҳам сўранг Аллоҳдан. Аллоҳнинг карами кенг. Ўзингизни қийнаб, бировларга ёмонлик тилаб ҳасад қилишнинг нима кераги бор?! Унинг ўрнига феълингизни кенг қилинг, инсонларга хайрихоҳ бўлинг, неъмат берувчи Зотдан фазлу марҳамат истанг.

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Киши: “Қани мендаям фалончининг бойлиги бўлса, пистончининг мол-дунёси бўлса эди!..” деб орзу қилмасин, “Агар менда ҳам фалончидагидек бойлик бўлганида эди...” демасин. Аллоҳ бу ишдан қайтарган, балки банда Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўрайди”.

Каломуллоҳнинг бошқа ўрнида бундай дейилган:

“Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қиладиларми?” (Нисо сураси, 54-оят).

Анави кимсалар Аллоҳ таолонинг марҳамати бандаларига тор бўлишини истайдилар, Ислом умматининг ўзларидан кўра афзалроқ бўлишини истамайдилар. Чунки уларда насл-насаб билан ғурурланиш иллати бор. Қалбларида ҳасад бор. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўра олишмайди, у зотга берилган нубувват ва рисолат неъматига ёмон кўз билан қарашади. Шунинг учун Расулуллоҳ олиб келган нарсаларни тасдиқлашмайди, имон келтиришмайди.

Аллоҳ таоло ҳасадчининг ёмонлигидан паноҳ сўрашга чақирган:

“(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Мен тонг Раббисидан паноҳ сўрайман. Яратган (нарса)ларининг ёмонлигидан, қоронғу кечанинг ёмонлигидан, тугунларга дам урувчи (аёллар)ларнинг ёмонлигидан, ҳасад қилувчи ҳасадчининг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)” (Фалақ сураси, 1-5-оятлар).

Аллоҳ таоло бу ерда бандаларини Ўзи яратган нарсалар ёмонлигидан, тугунларга дам урадиган хотинлар шарридан, ҳасадчилар ғаразидан паноҳ сўрашга буюрмоқда. Бундан чиқди, ҳасад энг ёмон иллатлардан экан.

Ҳусайн ибн Фазл айтади: “Аллоҳ таоло бу оятда барча ёмонликларни жамлаб, энг тубан хусусиятлигини билдириш учун уларни ҳасад билан якунлаган”. (Саълабий, “Кашфул Баён”)

Давоми бор...

Зиёвудин Раҳим

Манба: Azon.uz


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият