22:24 / 04.05.2023
842

Қозоғистон БМТда Россияга қарши овоз берди. Бу нимадан дарак?

Қозоғистон БМТда Россияга қарши овоз берди. Бу нимадан дарак?

26 апрел куни БМТ Бош ассамблеяси БМТ ва Европа Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида резолюция қабул қилди. Ҳужжат матнидаги жумлалардан бирида Россиянинг Украинага қарши ҳаракатлари агрессия деб аталган.

Резолюцияни Россия ўзига “дўст” деб билувчи давлатлардан Қозоғистон, Хитой, Туркия, Арманистон ва Бразилия ҳам маъқуллаб овоз берди. Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва яна 15 мамлакат бетараф қолди.

Kun.uz мухбири сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан шу масалаларда суҳбатлашди.

 Нима учун Қозоғистон бундай позицияси нимадан дарак беради?

— Қозоғистоннинг бундай позицияни билдириши катта ўзгариш ва кўп маънони англатади. Авваламбор, БМТда қўйилган саволга қараш керак, уни бир нечта позицияда талқин қилиш мумкин. БМТ ва Европа Кенгаши ҳамкорлиги муҳимми, деган саволнинг ичидаги бандлардан бири Россияни тажовузкор давлат сифатида айблайди. Уруш бошлангандан бери Марказий Осиё давлатлари урушга оид масалалардаги резолюциялар бўйича овоз беришда иштирок этмаган ёки бетараф қолган. Россия минтақамиз учун муҳим иқтисодий ҳамкор ҳисобланади. Шундай вазиятда Россия билан конфликтга киришмаслик учун Марказий Осиё давлатлари бетарафлик позициясини танлаган. Лекин бетараф дегани бефарқ деганимас. Россиянинг Украинага босқини Марказий Осиё давлатларини кучли хавотирга солади, аслида.

Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам шу пайтгача овоз бериш жараёнида бетараф бўлди. Фақат БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашда Россия қолиши керакми, деган саволга “ҳа” деб жавоб берди. Қозоғистон биринчи марта Россияни агрессияда айбловчи овоз беришда тасдиқ жавоб берди. Бу билан Қозоғистон Россияга ўз эътирозини билдирмоқда.

Бундан ташқари, Россиянинг яқин ҳамкорлари бўлган ХХР, Ҳиндистон, Туркия каби давлатлар ҳам Россияга қарши овоз берган. Энди бу вазиятда Россияга қарата “Биз сенга қарши овоз бермадик, балки БМТ ва Европа Кенгаши ҳамкорлиги учун овоз бердик” дейишлари мумкин. Ростдан ҳам бу ҳамкорлик муҳим.

Қозоғистон масаласида икки талқин бор: Қозоғистон сиёсий элитасида: “Россия заифлашди, энди бизга босим қилолмайди”, деган позиция ёки “Россия Украинадан сўнг бизга тажовуз қилади, шунинг учун халқаро ҳамжамиятни шу ҳолатга тайёрлашимиз керак”, деган хулоса бўлиши мумкин.

Аслида, постсовет ҳудудида энг катта боғлиқлик Россия ва Қозоғистон ўртасида. Назарбоев даврида улар энг яқин иттифоқчилар эди. Кейинги 4 йилда Тўқаев ва Путин муносабатлари ижобий бўлмади. Тўқаев халқаро ҳуқуқ доирасида иш кўриб, Россияни ҳисоблашишга мажбур қилаётган сиёсатчи сифатида намоён бўлди. Назарбоев эса автократ эди. Тўқаев ва Путин ўртасида кўп тўқнашувлар бўлди. Хусусан, 2022 йил бошида Санкт-Петербургда Тўқаев “ДХР” ва “ЛХР”ни тан олмаслигини Путиннинг ёнида туриб айтганди ва бу орқали Путиннинг обрўсига путур етган. Бу билан муносабатлар янада совуқлашади. Лекин бу сафар Россияга яқин бўлган бошқа давлатлар ҳам қарши овоз бергани вазиятни бироз юмшатади.

— Путин ўз обрўсини тиклаши учун ғалабалар кераклиги айтилади. Украинадаги уруш тўхтаса, Қозоғистоннинг шимолига босқинчилик қилиши мумкин, деган фикрлар ҳам бўляпти. Россияда Қозоғистонга нисбатан провокациялар ҳам кўпаймоқда. Айни шу дамда Қозоғистоннинг бу ҳаракати Россия томонидан қандай реакцияга сабаб бўлиши мумкин?

— Қозоғистон аллақачон Кремлнинг “қора рўйхат”ида. 2020 йилда Евроосиё иқтисодий ҳамкорлигининг давлат раҳбарлари йиғилишида Путин ва Тўқаев ўртасида тортишувлар бўлган эди. Тўқаев ўз баёнотида ЕОИИда тенглик мавжуд эмас, Россия бошқа давлатларнинг салоҳиятини суғуриб оляпти, деган эди. Икки йил олдин телевидениега берган интервьюсида Путин совет иттифоқига кичик бўлиб кириб, катта ерлар билан чиққан давлатлар бор, дея Қозоғистонга ишора қилган эди. Лекин Кремлга яқин бўлган сиёсатшунослар аниқ қилиб Қозоғистон назарда тутилганини айтди. Тўқаев эса Қозоғистон ҳудуди халқаро тан олингани ва унга тажовуз бўлса, бу ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаслигини айтди.

Украинадаги уруш муваффақиятсиз бўлаётгани учун Қозоғистонга бўлиши мумкин бўлган тажовуз режаси ортга сурилди. Россия ўзи айтганидек ғалаба қозонолмади. Ёрдам сўраб Шимолий Кореяга, Эронга мурожаат қилди, яъни бутун дунё тасаввурида қудратли армия йўқ бўлди. Қозоғистонга иккинчи фронт очишга Россияда салоҳият етарли эмас. Украинадаги мағлубият Россияда сиёсий инқирозни тезлаштириб юборади, шунинг учун Кремл вакиллари Украинани компенсация қилиш йўлларини излашяпти. Айнан компенсация учун Марказий Осиё танланиши мумкин, шунинг учун минтақа давлатлари жуда эҳтиёткор бўлиши керак.

Юқорида айтганимдек, ХХР, Ҳиндистон каби давлатлар ҳам Россияга қарши овоз берди. Бу ҳолатда Россия тарафидан фақат Қозоғистонга нисбатан муносабат билдирса, иккиюзламачилик бўлиб қолади. Шунинг учун Россия бу вазиятни “ютишга” – қабул қилишга ва унутишга мажбур. Лекин Қозоғистон билан бўладиган келажакдаги ҳолатларда бу нарса эсланади. Россия билан энг катта чегараси бор давлат ҳам Қозоғистон.

— Яқин орада Марказий Осиё давлатлари ташқи хавфларга нисбатан биргаликда “йўқ” дея олишини кутиш мумкинми?

— Овоз бериш жараёнидан билиш мумкинки, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги мувофиқлашув даражаси жуда паст. Шу пайтгача Туркманистон ташқари барча давлатлар бир хилда овоз берган эди. Аммо бу сафар Қозоғистон ва қолган 3 та давлат фикри бир жойдан чиқмади. Аслида, тажовузга учраши мумкин бўлган давлат ҳам айнан Қозоғистон. Бундай вазиятда минтақанинг иккига бўлиниши қолган давлатларнинг ҳам Россия агрессиясига учраши имкониятини оширади. 4 та республика ҳам битта позицияда туриши керак эди. Бир ярим аср илгари Чор Россияси келганда ҳам хонликларни бўлиб ташлаш орқали минтақани истило қилган эди. Тарих такрорланяпти бугун. Агар минтақа давлатлари бир хил фикр берганда эди, Россиянинг босим қилиш имконияти пасаярди.

Ҳозирги ҳолатда Марказий Осиё учга бўлиняпти: Россиядан қўрқиш даражаси юқори бўлган Туркманистон, бетараф бўлган 3 та республика ва қарши чиқаётган Қозоғистон. Бу нарса минтақанинг якдил эмаслигини кўрсатади.

— Ўзбекистон доим бетараф қолган. Лекин қачондир Россияга қарши овоз бериши мумкинми?

— Путин ҳокимиятда бўлар экан, бу нарсани кутиб бўлмайди, менимча. Чунки постсовет ҳудудидаги давлатларнинг орзуси – Путиннинг ҳокимиятдан кетиши.

Путин ҳокимият тепасига келганда Каримов ва Елцин муносабатини ўз даражасида сақлашга мажбур бўлди. Чунки Путин бирдан катта куч бўлиб келмади, босқичма-босқич ўсиб борди. Шунинг учун ҳам Каримов даврида Путин ҳокимиятига нисбатан баъзи танбеҳлар бўлди, Қрим аннексиясига муносабат билдирилди. 2016 йилда Ўзбекистонда ҳокимият ўзгарган вақтда Путин халқаро майдонда катта куч эди. Шунинг учун Марказий Осиё давлатлари Елцин билан бўлгани каби тенг муносабат ўрнатолмасди. Шу сабабли ҳам Марказий Осиё давлатлари ҳокимиятлари Путин кетишини истайди. Ҳозир минтақа давлатлари Россия билан тўқнашмасдан, Путин ҳокимияти кетишини кутяпти.

Суҳбат бошида айтганимдек, бетарафлик бефарқликни англатмайди. Марказий Осиё давлатларида ҳокимиятни ва ҳудудий яхлитликни сақлаб қолиш муаммоси бор. Ички муаммоларни қўллаш орқали босим қилиш – Россияга хос ҳолат. Дунёнинг бошқа қудратли давлатлари бирор бир давлатни ресурслар таклиф қилиш орқали ўзига оғдиради, Россия эса босим, шантаж орқали бу ишни амалга оширади.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият