16:43 / 06.05.2023
259

Маҳалладаги собиқ дўкончининг надоматлари (ҳаётий ҳикоя)

Маҳалладаги собиқ дўкончининг надоматлари (ҳаётий ҳикоя)

Фото: Kun.uz

Танишларимдан бири касалхонага тушиб қолди. Ундан ҳол-аҳвол сўраш учун борсам икки кишилик палатада ёши элликларга борган киши билан бирга ётган экан.

Танишим билан у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирар эканман, ҳамхонаси ҳам суҳбатимизга қўшилди. Гап асносида унинг нима дарддан даволанаётгани билан қизиқдим.

«Касалим нималигини ўзим билмайман. Шифокорлар ҳам аниқ ташхис қўя олмаяпти. Доимий ҳолсизлик ва бош оғриғидан қийналаман. Дардимни эшитган одам борки яхшироқ овқатланиш, кучлироқ, витаминларга бой таом ейиш ҳақида гапиради. Иштаҳам яхши, овқатланишим ҳам жойида. Бироқ еганим танамга юқмайди. Бу номи йўқ касалликнинг келиб чиқиш сабабини фақат ўзим биламан», деди.

Шундан сўнг у одамнинг шифокорлар ҳам топа олмаётган касалга нима сабаб чалинганига қизиқдим.

«Вақтингиз бўлса айтиб бераман, шунда сиз ҳам мени бу дардга нима йўлиқтирганини тушуниб оласиз» деди ҳалиги одам. Қизиқувчанлигим сабаб унинг ҳикоясини эшитишга иштиёқим ортди ва вақтим бемалол эканини айтгандим, ҳикоясини бошлади:

«Болалигимда отам вилоятдаги дўконларни маҳсулот билан таъминловчи ташкилотда ишларди. Оиламизда ҳамма нарса ошиқчаси билан турар, еб-ичишда камчилик бўлмаган. Мустақилликдан кейин отам нафақага чиқди. Мен ҳам мактабни битирдим.

Ўша пайтда отам маҳалламиздаги аҳолига ун, ёғ каби кундалик маҳсулотлар сотиладиган дўконни олиб ишлатмоқчи бўлди, бироқ ололмади. Магазинчининг туман матлубот жамиятида ишловчи «танка»си кучли экан.

Орадан кўп ўтмай иқтисодий қийин даврлар бошланди. Магазин пештахталари бутунлай бўшаб қолди. Шу пайтларда ҳукумат аҳолига ун ва ёғ каби кундалик зарур маҳсулотларни арзонроқ нархда қатъий ўлчов билан етказиб бериш тартибини жорий қилди.

Шундан сўнг магазинни ишлатишдан наф қолмади шекилли кўп ўтмай магазинчининг ўзи отамнинг олдига келди. У магазинни олишни таклиф қилди:

«Аввалроқ магазинни бер деганингизга рад этгандим. Энди олинг деб ўзим келдим. Сўнгги пайтларда магазин пештахталарида ҳеч нарса қолмади. Фақат сигарет, совун ва яна бир икки хил нарса бор холос. Асосий ишим аҳолига арзон нархларда бериладиган ун ва ёғни тарқатиш бўлиб қолди. РайПОдагилар (туман матлубот жамиятлари шундай аталарди) оғир шарт қўйяпти, мен бунга рози бўлолмайман».

Унинг айтишича, РайПОдагилар аҳолига арзон нархларда бериладиган ун ва ёғнинг бир қисмини қимматроқ нархда бозорчиларга сотишни режа қилишган. Магазинчилар маълум ҳақ эвазига ҳар ой улар тўлдирадиган ҳужжатларга қўл қўйиб турса бўлди экан.

«Бу ишнинг бошланганига анча бўлди. Авваллари халқнинг ҳақидан камроқ олишарди, чидаб келаётгандим. Энди нафслари ҳакалак отиб, кўпроқ ҳисса олиб қолишмоқчи. Мен ҳамқишлоқларимнинг ризқига чанг соладиганларга шерик бўлолмайман. Вилоятда ишлагансиз, шунга бу шартни сизга қўя олишмайди деб ўйладим», деди у.

Шундан сўнг отам РайПОдагилар билан келишиб, магазинни менга олиб берди. Аввалги магазинчи отамга айтган гаплар менга бироз таъсир қилган, шу сабабли РайПОдагилар билан қай тариқа келишиб ишлаш масаласи олдимда кўндаланг турганди.

Отамга бу ҳақда айтгандим, «Қора қозоним қайнаб турсин десанг, айтганини қилиб ишлайверасан. Бўлмаса магазинни сендан тортиб олиб бошқага бериб юборишади» деди.

Шу тариқа олдинги магазинчи кўнмаган шартга отам кўнди ва мен РайПОдагиларнинг «шеригига» айланиб, ҳамқишлоқларимнинг ҳақини туя қила бошладим.

Ўша пайтда марказдан (Тошкент назарда тутилмоқда) ҳар бир оилага бир ойда истеъмол қилинадиган ун ва ёғнинг ўртача миқдори белгиланган, ҳудудларда аҳолига ўша тартиб бўйича тарқатиларди.

Туман матлубот жамияти мутсаддилари барча магазинчиларга «Фалон тонна ун ва ёғ олиб аҳолига тарқатдим» қабилида тўлдирилган ҳужжатларга қўл қўйдиришарди.

Сўнг магазинларга меъёрда белгиланган маҳсулотнинг бир қисмини беришар, қолганини бозорларда ноқонуний ун ва ёғ сотувчи одамларга қимматроққа пуллашарди.

Энг қизиғи, РайПОдагиларнинг бундай ноқонуний ишларини барча тегишли ташкилотлар, жумладан солиқчилар ҳам биларди. Тахминимча маълум бир ҳақ эвазига барчаси кўз юмишарди.

Ўша пайтларда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилгани ун ва ёғнинг эркин савдоси тақиқланган, улар фақат РайПОга қарашли магазинлар орқали сотилиши белгиланганди.

Катта эҳтимол билан солиқчилар бозорларда ун ва ёғ сотадиганлардан ҳам «ҳақ ейишар» ва бир ўқ билан икки қуённи уришарди.

Отамнинг келишиб ишлайверасан деган гапидан сўнг РайПО раҳбарлари қандай шарт қўйса кўниб ишлашга мажбур эдим.

Бозорда ун ва ёғ қиммат бўлгани учун магазинга бу маҳсулотлар келган кун маҳалла арини ини қўзғалгандай бўларди. Барча замбилғалтак ва идиш билан магазинга ошиқарди. Ун ва ёғни ҳар бир оиладаги одамнинг сонига қараб килограммлаб тортиб берардим.

Ўшанда халққа тегишли маҳсулотнинг бир қисми РайПО томонидан уриб қолингани учун одамларга берилаётган ун ва ёғ кўпга етмасди.

Қолаверса ўзбекнинг нимаси кўп, маъракаси кўп, меҳмон кутиши бор, биз тарқатаётган «паёк» одамларнинг эҳтиёжи учун етмасди. Одамлар барибир ўзларига арзон нархда етказилиши лозим бўлган ун ва ёғнинг бир қисмини бозордагилардан қиммат нархга олишга мажбур бўлишарди.

Ўша пайтда халқнинг ҳақи туя қилинганига виждоним қийналганми? Энди иш бошлаган кезларимда бир муддат РайПОдагиларнинг ҳамтовоғига айланиб ноқонуний иш қилаётганим учун виждоним сал қийналди.

Бироқ кейинчалик ҳаммаси худди шундай бўлиши керакдай ҳеч нарсани ўйламай қўйдим. Ундан кейин эса ўзимнинг ҳам нафсим ҳакалак отди.

Магазинда ишлай бошлаганимга 4-5 йил бўлиб қолган кезларда ҳам ун ва ёғни ўлчаб сотардик. Ўшанда РайПОдагилар ажратаётган ҳисса кўзимга кам кўрина бошлади. Шундан сўнг ўзимга бериладиган ун ва ёғдан ҳам маълум қисмини олиб қолиб, бозордагиларга яширинча сотишни режа қилдим.

Магазинга ун ва ёғ келганда одамларга бу сафар ўтган галгидан кам берилганини ва миқдор бироз камайтирилишини айтдим. Шу пайтгача эътироз билдирмаган ҳамқишлоқларим бу сафар ҳам индашмади ва вазиятни «кўпга келган тўй» қабилида баҳолашди. Бу эса менга жуда қўл келди.

Биринчи марта йигирма қоп ун ва 200 килограм ёғ «орттириб» бозорчиларга пулладим. Фойда яхши бўлди. Шундан сўнг бу ишни одат қилдим.

Бу орада марказдан аҳолига арзон нархда тарқатиладиган ун ва ёғ миқдорини бироз кўпайтиришди. РайПО ҳам менга бериладиган миқдорни оширди. Бироқ мен оширмадим ва аввалгидан кўпроқ фойда қила бошладим.

Ўша пайтда бошқа қишлоқлардаги магазинларда мен тарқатаётган миқдордан кўпроқ ун ва ёғ тарқатилар, буни эшитган айрим ҳамқишлоқларим мендан гумон қила бошлашди.

Бироқ «қўлга тушмаган ўғри ўғри эмас» дейилгандай қилаётган ишимнинг «исини чиқармаганим» учун ҳеч ким мени айблай олмасди. Лекин тез-тез нега ун ва ёғни бошқа магазинчилардан кам бераётганим ҳақида сўрашарди. Ўшанда РайПО берганини тарқатаётганимни айтиб қутулардим. Бу гапимга кимдир ишонар, бошқаси ишонмасди.

Ўша пайтда одамлар бетимга қараб ҳеч нарса демаган бўлса-да, орқамдан сўкар, аёллар қарғар экан. Буни кейинроқ билдим.

Бир марта қишлоқда ўтказилган маъракалардан бирида мендан сал нарида ўтирган одамлар ун ва ёғ тарқатиш мавзусини муҳокама қилишарди.

«Ҳаммасини магазинчимизнинг ўзи қиляпти. Қўшни қишлоқнинг магазинчиси ун ва ёғни бизникидан кўпроқ тарқатяпти. Чунки улар анча «закунчи», магазинчи улардан қўрқади. Биз индамаймиз, шу учун магазинчимиз билганини қиляпти. Илоҳим кўпнинг ҳақи тешиб чиқсин. Боши балодан чиқмасин», деди кимдир. Бошқалар омин дейишди.

Шундан кейин ҳам орқаваротдан бундай қарғишларнинг кўпини эшитдим. Бироқ қалбим қорайиб бўлганди шекилли, улар таъсир қилмас ва ноқонуний ишларимни тўхтатмасдим.

Шу тариқа ўн беш йилча магазинчилик қилдим ва соғлигимда муаммолар келиб чиқа бошлади. Доимий равишда ҳолсизлик, қувват камлиги туфайли ортиқ ишлай олмадим ва магазинни топширдим. Ўшандан буён шу дард билан яшаб келяпман.

Вақт ўтиб одамларнинг турмуш даражаси ошди. Кўп ўтмай ун ва ёғнинг нархи эркин бозорга қўйиб юборилди. РайПО ва унинг таркибидаги магазинлар ҳам тугатилди. Бироқ менинг гарданимда кўпнинг ҳақи осилиб қолди. Энди хоҳласам ҳам уларни қайтара олмайман.

Бугун дарддан ҳам кўра, менга азоб бераётган нарса ҳамқишлоқларимнинг кўзларига қарай олмаслигим бўляпти. Назаримда ҳамқишлоқларимнинг ҳақини еб келганим учун жазоимни оляпман».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият