
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати давлат хизматчиларининг иш вақтига қанчалик риоя этилиши бўйича аноним сўров ўтказди. Эслатиб ўтамиз, Kun.uz бир ҳафта олдин шу мавзуда интервю эълон қилган, унда экспертлар ҳукуматни кадрларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини сақлашга чақирган.
Респондентлар ҳақида
“Юксалиш” сўровномасида жами 560 нафар давлат хизматчиси иштирок этган. Уларнинг 21,4 фоизи вазирлик ва идоралар, 27 фоизи маҳаллий ҳокимият органлари, 12,1 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва 39,5 фоизи бошқа давлат ташкилотларида ишловчи ходимларни ташкил этган.
Респондентларининг 376 нафари (67,6%) эркаклар ва 180 нафари (32,4%) аёлларни ташкил этган. Сўровномада 385 нафар (69,2%) оддий мутахассис ходимлар, 172 нафар (30,8%) раҳбар ходимлар иштирок этган.
Умумий натижалар
Ўрганиш давомида маълум бўлишича, респондентларнинг ярмидан кўпи, яъни 57,3 фоизи иш вақтидан ташқари ишга жалб этилади.
Жумладан 36,8 фоизи ҳар куни қўшимча 1-2 соат, 13,9 фоизи ҳар куни кечки соат 22:00 га қадар, 6,4 фоизи кечки соат 24:00 га қадар ишлашини билдирган.
42,3 фоиз иштирокчи эса меҳнат қонунчилигига мос равишда ҳар куни белгиланган 8 соат ишлашини маълум қилган.
Қўшимча ҳақ
Меҳнат кодексининг 262-моддасида ходимга иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгилаб қўйилган. Сўровда қатнашган ва қўшимча ишлайдиганларнинг 13,3 фоизи иш берувчилар томонидан қўшимча иш учун камида 2 баравар ҳақ тўлаб берилишини қайд этган. Улар асосан давлат бошқарув органларининг марказий идоралари вакилларига тўғри келади.
Сўровнома иштирокчиларидан иш вақтидан ташқари қўшимча ишлайдиганларнинг 81,7 фоизига қўшимча ишлаган вақти учун иш берувчи томонидан қўшимча ҳақ тўлаб берилмайди.
Сабаблар
Давлат хизмати ходимларининг иш вақтидан ташқари ишлашига нима сабаб бўлаётганлиги ҳақида табиий савол туғилади. Иш вақтидан ташқари қўшимча ишловчиларнинг 47,7 фоизи бунга иш ҳажмининг ортиб кетгани, 22,8 фоизи турли хилдаги ортиқча топшириқларнинг ҳаддан зиёд кўплиги, 17,6 фоизи ўз вазифасидан ташқари ишларнинг юклатилиши ва мажлис ва йиғилишларнинг чўзилиб кетиши туфайли, 12 фоизи раҳбари кетмагунча иш жойидан кетмаслигини билдирди.
Мажлисбозликлар
“Юксалиш” тадқиқотида, давлат хизматида қўшимча ишланишининг сабабларидан бири – мажлис ва йиғилишларнинг кўплиги ҳамда мажлислар вақти чўзилиб кетиши омили алоҳида ўрганилган.
Унга кўра, респондентларнинг 31,6 фоизи йиғилишларда иштирок этмайди, 41,3 фоизи бир хафтада 4 соатгача, 11,4 фоизи 5-7 соат, 15,8 фоизи 8 соатдан кўп вақтини мажлис ва йиғилишларга сарфлайди. Тадқиқотга кўра, ортиқча мажлисбозлик Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида кузатилади.
Шанба ва якшанба
Қайд этилишича, давлат фуқаролик хизмати ходимлари асосан 5 кунлик иш хафтасида меҳнат қилади. Шунга қарамай, баъзида хафтанинг дам олиш кунлари (шанба ва якшанба) ходимларнинг иш жойида бўлиши, шунингдек, дам олинадиган байрам кунлари ҳам ишга чақириш ҳолатлари бор.
Бу борада сўровнома иштирокчиларининг 35,2 фоизи дам олиш кунлари ҳам ишга чиқиши, 29,5 фоизи баъзида ишга чиқиши ва 35,4 фоизи дам олиш кунларида ишга чиқмаслиги маълум бўлган.
Меҳнат таътили
Сўровнома иштирокчиларининг 299 нафари (53,4%) белгиланган муддатларда меҳнат таътилига чиқиб, тўлиқ дам олишини маълум қилган. Бироқ 26,2 фоиз респондент меҳнат таътилига тўлиқ чиқа олмаслиги, таътилдан чақириб олишлари ва 20,4 фоизи таътилга чиқиш ҳужжатлари расмийлаштирилиши, аммо умуман дам олмасдан ишлашини маълум қилган.
“Юқоридаги рақамлар бутун мамлакат ҳудудидаги ҳолатни тўлиқ акс эттиришга етарли бўлмаса-да, давлат хизматида меҳнат қонунчилигига риоя этмаслик ҳолатлари мавжудлигини тасдиқлайди”, – дея қайд этган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати.
Халқаро тадқиқотлар
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорликда ўтказган тадқиқотга кўра, иш вақтидан ташқари иш инсон саломатлигига салбий оқибатларга эга экани исботланган.
2016 йилда дунё бўйлаб ҳафтасига 55 соатдан кўп ишловчи 745 минг нафар одам инсульт ва юракнинг ишемик касаллигидан вафот этгани қайд этилган. Бу кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 29 фоизга кўп ҳамда бу каби ўлим ҳолатларининг қарийб 72 фоизи эркаклар хиссасига тўғри келган.
Тадқиқот натижаларига кўра, ҳафтасига 55 соат ва ундан кўп ишлаш одамда инсульт билан касалланиш хавфини 35 фоизга, юрак ишемик кассалиги билан хасталаниш хавфини 17 фоизга ортишига сабаб бўлади деган хулосага келинган.
Мутахассисларнинг фикрича, ходимларнинг дам олишсиз ишлаши уларда стрессни келтириб чиқаради. Қолаверса, ишхонада кўп вақтини ўтказувчи инсонлар бола тарбиясига етарлича вақт ажрата олмаслиги ҳам салбий баҳоланади. Бунинг натижасида оиладаги барқарорликка путур етади. Бу каби омилларнинг жамият учун зарари ҳали баҳоланмаган бўлиб, бунинг салбий таъсири янада кенгроқ бўлиши ҳам мумкин.
ЖССТ ва ХМТ ҳукуматларга иш вақтидан ташқари ишлашни тақиқлаш бўйича қатъий чоралар кўришни, иш берувчилар ва касаба уюшмаларига эса жамоавий битимларда иш ҳафтаси 55 соатдан ошмаслиги керак бўлган мослашувчан иш вақтини кўрсатишни тавсия қилади.
Бу борада ривожланган мамлакатларда ходимларнинг саломатлигини асраш, улар самарали меҳнат қилишда давом этишлари учун иш вақтидан ташқари ишлаш бир қатор қонунлар билан тартибга солинади. Мисол учун, Швецияда ходим бир ойда 50 соатдан ортиқ ёки календар йилида 200 соатдан ортиқ иш вақтидан ташқари ишлаши мумкин эмас. Бу борада Венгрияда иш юкламаси нисбатан кўпроқлигини кузатиш мумкин. Мамлакат қонунчилигига кўра, максимал қўшимча иш чегараси йиллик 250 соатни ташкил этади. Агар жамоа шартномасида назарда тутилган бўлса, бу 300 соатгача оширилиши мумкин.
Ўзбекистонда Меҳнат кодексига мувофиқ иш вақтидан ташқари иш соатлари йилига 120 соатдан ошмаслиги лозим.
“Юксалиш” эълон қилган релиз якунида Ўзбекистоннинг бу борадаги кичик ижобий тажрибаси йўқ эмаслиги эслаб ўтилган: 2021 йилда Адлия вазирлиги барча ходимларнининг иш вақти тугаши билан иш компьютерларини автоматик равишда ўчириш амалиётини киритган эди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!