date

“Ал Аҳли” мураббийи: биринчи бўлим биз учун сабоқ бўлди

“Ал Аҳли” мураббийи: биринчи бўлим биз учун сабоқ бўлди

ОФК Элит Чемпионлар лигаси 1-туридан ўрин олган “Ал Аҳли” – “Насаф” учрашуви жуда кескин ва кўп голли тарзда кечди. Жидда шаҳрида бўлиб ўтган тўқнашувда саудияликлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Баҳсдан кейин мезбонлар бош мураббийи Маттиас Яйссле ва икки гол муаллифи Энзо Мийо матбуот анжуманида иштирок этиб, ўз фикрларини билдиришди.

Маттиас Яйссле биринчи бўлимдаги суст ўйинни кескин танқид қилди:
— Жуда оғир ўйин бўлди. Илк 45 дақиқада биз майдонда деярли кўринмадик. Ҳеч қандай сабабсиз, ўзимиз йўл қўйган хатолар туфайли икки гол ўтказдик. Шу боис, танаффусда футболчиларга иккинчи бўлимда бутунлай бошқача ўйнаш зарурлигини айтдим.

Унга кўра, иккинчи бўлимда жамоа бутунлай ўзгариб кетди:
— Биз айрим кичик ўзгаришлар киритдик. Кейин футболчиларнинг бирлашиб ҳаракат қилишини кўриш жуда ёқди. Мухлислар билан биргаликда стадиондаги муҳитни ҳис қилдик. Шу сабаб, иккинчи бўлимда кўрсатган ўйинимиз билан ғалабага тўлиқ ҳақли бўлдик, — деди Яйссле.

Учрашув қаҳрамони Энзо Мийо ҳам ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирди:
— Биринчи бўлим биз учун қийин ўтди. Аммо танаффусда кийимхонада кўп суҳбатлашдик. Жарима майдонига кўпроқ ҳужум қилиш, кўпроқ югуриш ва юқори сифатли ўйнаш ҳақида келишиб олдик. Майдонга қайтгач, буни амалга оширдик ва ғалаба қозондик, — деди у.

Футболчи рақибнинг қаттиқ ҳимояси ва ўйиндаги ритм етишмаслигини илк бўлимдаги камчилик сифатида кўрсатди:
— Тўп тезлиги юқори бўлиши керак эди. Бир қанотдан иккинчисига тез ўтказиш ва сўнгги чизиқни ёриб ўтиш зарур бўлди. Бу иккинчи бўлимда яхшироқ чиқди ва натижада ғалаба бизники бўлди, — дея қўшимча қилди Энзо.

Маттиас Яйссле жамоасининг биринчи бўлимда ёмон ўйнашига нима сабаб бўлганини қуйидагича изоҳлади:

— Биринчи бўлимда яхши ўйнашимизга тўсқинлик қилган сабаблар кўп. Биз тез ўйнаш ва тўпни бир томондан иккинчи томонга ўтказиш муҳимлигини билардик, аммо буни уддалай олмадик. Бу биз учун жуда муҳим сабоқ бўлди.

Бизда яхши жамоа бор. Ўйинлардан тегишли хулосалар чиқаришимиз керак. Ишончим комилки, кейинги ўйинларда бундан-да яхшироқ ўйнаймиз.

Албатта, мураббий сифатида доимо кенг кўламда фикрлашимиз лозим. Ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишни хоҳлаймиз, бу табиий.

Маттиас Яйссле шунингдек олдинда жуда муҳим ўйинлар кутаётганини таъкидлади:
— Бизда жароҳат олган футболчилар бор. Шунинг учун ҳеч кимни хавф остига қўйгим келмади. Кейинги ҳафтада икки жуда муҳим учрашув бор. Умид қиламанки, асосий таркиб футболчилари тезроқ сафга қайтиб олишади, — деди устоз.

Энзо Мийо эса “Ал Аҳли”даги кайфияти билан ўртоқлашди:
— Мен бу клубда ўзимни жуда бахтли ҳис қиламан. Жамоадошларим қўллаб-қувватлаяпти, бу эса майдондаги ҳаракатларимга ижобий таъсир қилади. Умид қиламанки, мавсум ҳам клуб ва мухлислар учун омадли кечади, — дея хулоса қилди футболчи.

Шу тариқа, “Ал Аҳли” мураббийи ва ўйин қаҳрамонининг фикрлари жамоанинг қай даражада катта мақсадлар йўлида ҳаракат қилаётганини яна бир бор намоён этди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Ал Аҳли” мураббийи: биринчи бўлим биз учун сабоқ бўлди