Миср ҳукумати яқинда араб давлатлари орасида янги ҳарбий иттифоқ – шартли равишда «Араб НАТО»си деб аталиши мумкин бўлган тузилмани яратиш ташаббусини илгари сурди. Бу ҳақда World Israel News нашри маълум қилди.
Маълумотларга кўра, мазкур ғоя илк бор қарийб тўққиз йил муқаддам ўртага ташланган, аммо амалга ошмай қолганди. Кейинчалик, Исроилнинг Қатарга йўллаган зарбасидан сўнг бу масала яна долзарблик касб эта бошлади.
Қоҳиранинг таклифига кўра, агар янги иттифоқ тузилса, Миср унга 20 мингга яқин ҳарбий хизматчисини йўналтиришга тайёр. Шу билан бирга, улардан «зарурат туғилганда фойдаланиш имконияти»ни таъминлайдиган ва араб мамлакатлари армиялари ҳамда аҳолисига мос тарзда шакллантириладиган махсус механизм ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда.
Номи ошкор этилмаган мисрлик расмий таъкидлаганидек, ушбу ҳарбий бирлашмани бошқаришда етакчи мақомини Миср ўз зиммасига олиш ниятида. Ундан кейинги даражада Саудия Арабистони туриши мумкин, сўнгра эса Форс кўрфази давлатларидан бири асосий шерик сифатида кўрилмоқда.
Шу тариқа, Қоҳира минтақада араб давлатларини ягона мудофаа тизимида бирлаштириш орқали геосиёсий нуфузини оширишга интилаётгани кўзга ташланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!