date
views 269

Ёмғирлар ҳавони тозалади – энди тупроқ ва сув заҳарланади(ми?)

Ёмғирлар ҳавони тозалади – энди тупроқ ва сув заҳарланади(ми?)
Шу кунларда ёғаётган ёмғирлар ПМ2.5 заҳарли заррачасини ерга олиб тушди ва бу ўзбекистонликларга вақтинчалик тоза ҳаводан нафас олиш имконини берди. Лекин энди бошқа муаммо пайдо бўляпти. Ҳаво таркибидаги заҳарли моддалар ёмғир билан қўшилиб ерга тушиб, сув, ўсимликлар ва тупроқни заҳарлаши мумкин. Хўш, бу қандай содир бўлади?

Нажот ёмғирлари

Қарийб 2 ойдан бери Тошкент шаҳри аҳолиси заҳарли ҳаводан нафас оляпти. Пойтахтдаги 5 мингдан ортиқ объектнинг кўмир ва мазут ёқаётгани ва бошқа сабаблар ҳаво таркибида ПМ2.5 заҳарли заррачасининг 20-30 ва баъзан ундан ҳам кўпроқ марта ортишига сабаб бўляпти. 27-29 январ кунлари ёғган ёмғир ва қор шаҳар ҳавосини яхшилади. 29 январ куни ҳатто Тошкент ҳавоси дунёнинг энг тоза ҳаволи шаҳарлари ТОП20 талигига ҳам кирди. Кўпчилик вақтинчалик бўлса ҳам тоза ҳаво борлигидан мамнун. Бироқ тупроқ ва сувни ўша кўпчилик сафига қўшиб бўлмайди.

Ҳаво таркибидаги заҳарли ПМ2.5 заррачасини тинимсиз ёғган ёмғирлар ерга олиб тушаётгани бу заррачалар йўқолиб кетди дегани эмас. Улар шунчаки ерга ва сувга қўнди холос. ПМ2.5 ер ва сув учун қандай хавфли бўлиши мумкин?

Бир нечта заҳарли моддалар йиғиндиси

Ҳаво таркибидаги ПМ бу ягона заррача эмас, балки бир неча кимёвий моддаларнинг қўшилувидан юзага келади, дейилади Калифорния Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги маълумотида. Заррачалар ҳажми, шакли ва кимёвий таркиби жиҳатидан хилма-хил бўлиб, улар таркибида ноорганик ионлар, металл бирикмалар, элементар углерод, органик бирикмалар ва ер қобиғидаги бирикмалар бўлиши мумкин.

ПМ2.5нинг энг асосий манбалари эса ёнилғи ва ёқилғилар ҳисобланади. Буларга ички ёнув двигателлари, кўмир, қўнғир кўмир, нефт маҳсулотлари, мазут ёқувчи заводлар; қурилишлар, фойдали қазилмалар қазиб олиш, цемент, керамика маҳсулотлари, ғишт, металл эритиш жараёнлари кабилар киради. Олдинги мақолаларда унинг инсон саломатлигига таъсири ҳақида маълумот берилган эди.

Тупроқ унумдорлиги пасаяди

Энди ПМ2.5 экотизимларга, яъни ўсимликлар, тупроқ ва сувга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. ПМ2.5 жуда енгил бўлгани учун ерга қўнмай ҳавода муаллақ туриши ҳисобга олинса, уни фақат ёмғир ёки қор ерга тушира олади. Лекин энди касалланиш яна ҳам жиддийроқ тус олади. ПМ таркибидаги металл ва органик бирикмалар ўсимлик ўсиши ва ҳосилдорлигини ўзгартириш учун етарлича заҳарга эга. У тупроқдаги озуқа моддаларини ўлдириб боради. Бу фақатгина инсон истеъмол қиладиган мева-сабзавот эмас, балки тупроқда яшайдиган жонли мавжудотлар ҳаётига ҳам хавф солади ва бу таъсир бир йилда эмас, бир неча йиллардан кейин ўзини ошкор қилади.

Сув ҳавзалари заҳарланади

АҚШ Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш агентлиги маълумотига кўра, ПМ2.5 заррачалари шамол орқали узоқ масофаларга – дарё, канал, ариқ ва кўлларгача учиб боради. Қирғоқ сувлари ва йирик дарё ҳавзаларида озуқа баланси ўзгаради, балиқлар касалланади. Дарахтлар ва қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етиб, заррачалар кислотали ёмғирларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Яна бир қизиқ факт шуки, ПМ заррачаларининг ўзи тош ва бошқа материалларни, жумладан, ҳайкаллар ва қадимий ёдгорликлар каби маданий аҳамиятга эга объектларга таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ПМнинг кислотали ёмғирни ҳосил қилишдаги улуши билан боғлиқ.

Кислотали ёмғир нима?

Кислота ёмғир деб асосан олтингугурт диоксиди ва азот оксиди каби бирикмалар ҳавога чиқарилганда пайдо бўладиган ёмғирга айтилади. Яъни бу моддалар атмосферага жуда баланд кўтарилиши натижасида сув, кислород ва бошқа кимёвий моддалар билан аралашиб, кислотали ёмғир деб номланувчи ёмғирни ҳосил қилади. Ёнилғи қазиб олиш, ишлаб чиқариш, нефтни қайта ишлаш заводлари, электр энергияси ишлаб чиқариш учун кўмирдан фойдаланиш ва транспорт воситаларининг барчаси олтингугурт ва азот оксидларини атмосферага чиқаради. Бундай ифлослантирувчи моддалар кислотали ёмғирни келтириб чиқаради. Бу эса тупроқ самарадорлигини пасайтириб, сувда яшайдиган жонзотларнинг нобуд бўлишига олиб келади.

Ҳаво таркибидаги ПМ2.5нинг ёмғир билан тушиши ҳам кислотали ёмғирни пайдо қилади.

Кўпроқ тадқиқотлар керак

АҚШдаги Тиббиёт миллий кутубхонаси тадқиқотчилари ПМ.25 заррачалари ва улар билан боғлиқ кислотанинг экотизим фаолиятига таъсири номли тадқиқотида ПМ2.5нинг экотизим фаолиятига таъсири бўйича билимларимиз жуда чекланганини айтади. Яъни айнан ПМ2.5нинг табиатга таъсири бўйича кўпроқ тадқиқотларга муҳтожмиз. Лекин шуниси ҳам аниқки, ПМ2.5нинг инсонга таъсири сезилаётган пайтда, унинг тупроқ ва сувни заҳарлашини инкор қилиб ҳам бўлмайди.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист[right][/right]
Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ёмғирлар ҳавони тозалади – энди тупроқ ва сув заҳарланади(ми?)