969
Ўзбек оиласи асраб олган украин қизи: “Ўзбекчани ўзбеклардан ҳам яхши гапираркансиз дейишади”
Василиса Найпак 24 ёшда. У Фарғонадаги болалар уйида катта бўлган. Отаси украин, онаси рус бўлган бу қиз ҳозир Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти магистратура босқичида ўқийди.
Василиса Найпак 2000 йил Фарғонада туғилган. Ота-онаси чақалоқлигида вафот этгач, Василиса Фарғонадаги 8-сонли меҳрибонлик уйида катта бўлган. Ўзбек тилини ҳам шу ерда ўрганган.
“Ҳужжатимдан биламанки, туғилганимдан то 7 ёшимгача меҳрибонлик уйида тарбияландим. Онам оғир касаллик билан вафот этган, оилам билан қанча вақт яшаганимни эслолмаяпман”, – дейди у.
Василиса ўзбек мақомларини дуторда ижро этади. Бу истеъдоди ортидан халқаро танловларда иштирок этиб келади. У ўзбек тилини яхши билгани ўзбек мақомларига қизиқишини яна ҳам орттирганини айтади.
“Меҳрибонлик уйимизга 11-сонли болалар мусиқа мактаби яқин эди. Шу ерга қатнаб, мақомга меҳрим тушиб қолди”, – дейди у.
Василиса мусиқа мактабида рус тилида ўқиган. У ўзбек ва рус тилларини биргаликда ўрганган. Кейинчалик Фарғонадаги мусиқа коллежида ўқий бошлайди. Коллежда ўқиб юрган вақтлари унинг ҳаётида жуда катта бурилиш бўлади. Василисанинг коллежда ишлайдиган устози Қаҳрамонжон Умаров қизи сифатида қабул қилишини айтиб, унга оиласи билан бирга яшашни таклиф қилади.
“Коллежда ўқиб юрган вақтларимда таътил берилиб қолса, ҳамма уйига кетса, мен қаерга кетишни билмасдим. Тез-тез касал бўлиб қолардим. Шундай пайтларда дадам уйларига таклиф қиларди, уларникида кўп қолардим. Бундай ҳол такрорланиб-такрорланиб, улар мени ўз қизларидек кўришларини, оила аъзолари сифатида қабул қилмоқчи эканликларини айтди. Бу ҳаётимдаги энг катта мукофот бўлса керак. Чунки 16 ёшимгача ота-она, оила билан яшаш қандай эканини билмасдим, юрагимнинг бир четида оила қандай экан, оилада яшасам қандай бўларди, деган ўкинч доим бўлган”, – дейди Василиса.
Василисанинг янги оиласида 2 нафар опаси бор ва у 3-фарзанд бўлиб оилага қўшилган. У ўзбек урф-одатлари, қадриятларини ва тарбияни шу оиладан ўрганганини айтади.
“Дадам мени ҳам санъатда, ҳам оилада жуда кўп қўллаб-қувватлайди. Олган ютуқларимда аввало дадам, кейин мени меҳрибонлик уйида тарбия қилган опаларимдан бошлаб, коллеж ва институтда ўқитган устозларимнинг ўрни катта”, – дейди Найпак.
Янги оиласи Василисага жуда маъқул бўлади, улар ҳам қизни ўз фарзандлари каби қабул қилишади. Худди шу орада Найпакнинг ҳаётида иккинчи қувончли воқеа юз беради. У 2016 йилда Ниҳол мукофотини қўлга киритади ва Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг бакалавриат босқичига грант асосида ўқиш имкониятини қўлга киритади. 2022 йилда эса Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибасига айланади ва шу институтнинг магистратура босқичига ҳам грант асосида ўқиш имконига эга бўлади. Ҳозир у магистратуранинг 2-босқичида ўқияпти ва бир пайтнинг ўзида Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабида ўқувчиларга сабоқ бериб келяпти.
Василисанинг ташқи кўриниши ўзбекларга ўхшамагани учун кўпчилик унинг ўзбек тилида равон гапиришини кўриб ҳайратланади ва у бундай ҳайратларга кўп дуч келишини айтади. “Поездда ёки самолётдами ёки умуман паспортимни текширишаётганда украин эканимни билиб қолганлар ўзбек тилида ҳатто шевада гапираётганимни кўриб ҳайрон қолишади. Ўзбекчани ўзбеклардан ҳам яхши гапираркансиз, ўзбек тилини бундай гапиришни қандай ўргангансиз деб қойил қолишади”, – дейди у.
Василиса украин тилида гапира олишни жуда хоҳлашини ва бу тилни ўрганишни бошлаганини айтади. “Инсон қаерда яшашидан қатъи назар, аввало яшаётган жойининг тилига ҳурмат кўрсатиб, ўша тилни ўрганиши ва албатта, ўз миллати тилини ҳам унутиб қўймаслиги керак. Мен ҳам украин тилини ўрганишни давом эттиряпман”, – дейди у.
Зуҳра Абдуҳалимова
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди