15:21 / 19.10.2024
26

АОКА директори: “Қонунчиликда журналист фаолиятига аралашиш тақиқланган, бироқ...”

АОКА директори: “Қонунчиликда журналист фаолиятига аралашиш тақиқланган, бироқ...”
Асаджон Хўжаев
Фото: АОКА

Ўзбекистонда мансабдорлар томонидан журналистлар фаолиятига аралашиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида ташкил этилган тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директори Асаджон Хўжаев маълум қилди, дея хабар берди “Дарё” нашри.

Пойтахтда “Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги” давом этмоқда. Ҳафталик доирасида Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлашга доир мулоқот бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Асаджон Хўжаев мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ ютуқлар билан бирга, муаммолар ҳам мавжудлигини айтди.

Айрим амалдорлар ОАВда чиқарилган танқидий материалларни олиб ташлаш ёки ўзгартиришни сўраб, журналист фаолиятига аралашишга уринмоқда. Биз бундай ҳолатларни бартараф этиш устида ишлаяпмиз. Қонунчиликда журналист фаолиятига аралашмаслик белгиланган. Лекин бу тартибни бузганлик учун жавобгарлик йўқ. Ҳозирда бундай қонунбузарлик учун жавобгарликни таъминлаш бўйича махсус қонун лойиҳаси ишлаб чиққанмиз. Янги сайланган парламентга ушбу ҳужжатни киритамиз”, деди АОКА раҳбари.

Мулоқотда Асаджон Хўжаев “Ахборот кодекси” ишлаб чиқилаётгани, ҳужжат кенг қамровли бўлишини айтди.

Кодекс ўзида 8 та қонунни бирлаштиради. Ҳужжатда ахборот олиш, излаш ва ундан фойдаланиш, медиамаконни тартибга солиш каби барча жиҳатлар қамраб олинади. Бу тор соҳавий кодекс эмас, ҳар бир фуқарога тегишли бўлади. Кодексни ишлаб чиқишда ЮНЕСКО ва ЙХҲТ экспертлари тавсиялар бермоқда. Ҳозир ҳужжатни тайёрлаш жараёни якуний босқичда. Яқинда кодексни кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиб, парламентга киритиш ҳаракатидамиз”, деди агентлик масъули.

“Ахборот кодекси” бундан икки йил аввал ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди. Асаджон Хўжаев ўз чиқишида ҳужжат устида кўпроқ ишланаётгани, уни шошмасдан қабул қилиш зарурлигини айтди.

Шу билан бирга, АОКА масъули оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар бўйича айрим маълумотларни очиқлади.

Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 32 миллион кишидан ошди. Бугун мамлакатдаги барча ижтимоий тармоқларнинг 66 миллион аудиторияси бор. Хусусан, Telegram’дан 28 миллион киши фойдаланади. Илгари ОАВни рўйхатга олиш қўл режимида бўларди. Ҳозир жараён рақамлаштирилиб, онлайн рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлди. Ҳаммаси электрон равишда бўляпти. Аввал рўйхатдан ўтишга 15 кун кетган бўлса, ҳозир бу 10 кунга қисқарган”, деди у.

Маълум қилинишича, ҳозирда Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари сони 2340 тага етган. Шундан интернет сайтлари 738 тани ташкил этмоқда. ОАВнинг 65 фоизи нодавлат ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » АОКА директори: “Қонунчиликда журналист фаолиятига аралашиш тақиқланган, бироқ...”