Унинг асл исми Ҳусайн бўлиб, отаси Абдуллоҳ ва онаси Ситорабону 980 йили таваллуд топган фарзандига шу номни маъқул кўришганди. Бухоронинг Афшона қишлоғида туғилган болакай кейинчалик бутун дунёга Ибн Сино номи билан машҳур бўлди...
Хўш, нима сабабдан Ҳусайн эмас, айнан Ибн Сино?
Тарихдан маълумки, арабларда, қолаверса, исломий ўлкаларда ўз номини ўғлининг исми билан аташ русуми бўлиб, бу анъанани куня дейишарди. Улар наздида киши исми ўғлининг номи билан аталганида, ҳурмат-иззати бажо келтирилгандек ҳисобланган. Шу боис ҳам ўша вақтда одамлар, одатга кўра, ўзини катта ўғлининг номи билан атаганлар.
Абдуллоҳ Ибн ал-Ҳасан ибн Абу Али ибн Сино (Ҳусайн)нинг 985 йилда туғилган Маҳмуд исмли укаси ҳам бор эди. Демак, Абдуллоҳнинг Ҳусайн ва Маҳмуд исмли икки нафар ўғли бўлган.
Ҳусайн ўзига бобосининг ҳурмати, аждоди ёди сабаб Ибн Сино (яъни Синонинг ўғли) деган куняни танлайди. Гарчи тарихда Ҳусайн ибн Сино номи билан кўпроқ машҳур бўлса-да, ўша даврларда унинг илми сабаб «Ҳужжат ал-ҳақ», «Шараф ал-мулк», «Ҳаким ал-вазир», «Ад-Дастур», «Шайх ур-раис» ҳам деб атаганлар.
Бироқ оддий одамлар, аллома яшаган Бухоро, Хоразм, Журжон, Ҳамадон аҳли уни Абу Али ибн Сино деб номлашган. Яъни, Синонинг ўғли, Алининг отаси деб. Ҳатто, суюкли шогирди Абу Убайд ал-Жузжоний устози ҳақида ёзиб қолдирган маълумотларда улуғ табиб номини Абу Али, аниқроғи, Алининг отаси деб ёзган. Ўша даврдаги исмни аташ удумидан, қолаверса, Абу Али деган ўз давридаги машҳур номдан келиб чиқадиган тарихий мулоҳаза, тахмин шуки, Ҳусайн – Ибн Сино оила қурган, ўғил ҳам кўриб, фарзанди шарафига ўзига Абу Али дея куня қўйган бўлса эҳтимол?!
Тўғри, ибн Синонинг ўзи ёзган таржимаи ҳолида ва шогирди Жузжоний маълумотида бу ҳақда умуман эслаб ўтилмаган. Уларда кўпроқ фан, илм сирлари хусусида ёзилган. Ҳатто, фақат илм-фан тўғрисидаги таржимаи ҳолида ибн Сино отаси, онаси ва укасининг исмларини ҳам эслатиб ўтмайди. Демак, аллома оиласи ҳақида мутлақо маълумот бермаган. Фақат Жузжоний «Али – шифо» асарига ёзган муқаддимада Абу Али 32 ёшга кирганида унга шогирд тутинганини айтиб, ибн Синонинг шундан кейинги ҳаётини ёзиб ўтган. Ёзганда ҳам алломанинг ўтмишини, оилавий ҳаётини эмас, 32 ёшдан 57 ёшигача – вафотига қадар бўлган даврдаги 25 йиллик илм сирлари билан яшаган онларини умумий қайд этиб ўтган. Шундай экан, Ибн Сино – Ҳусайн 32 ёшигача уйланган ва ўғил фарзанд кўриб, исмини Али деб номлаган бўлиши мумкин. Жузжоний ҳам ана шу боис уни кўпинча шундай атагандир эҳтимол?!
Тарихчи ўтмишга оид битик ёзганида, фақат қўлёзмалар, тарихий ҳужжатларга суяниб қолмасдан ўша даврлардаги расм-русум, удумлардан келиб чиқиб, мушоҳада юритишга ва шу асосда тахмин қилишга ҳам ҳуқуқи бор.
Абу Али ибн Сино яшаган даврдаги удум ва Жузжоний маълумотлари, қолаверса, буюк табиб Ҳусайнни ўз даврида одамлар Абу Али дея номлаганидан келиб чиқадиган шахсий мулоҳаза шуки, Ҳусайн оила қуриб, Али исмли фарзанд ҳам кўрган бўлиши мумкин.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Манба: Xabar.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар