
Қарши шаҳрининг янги бош режаси ва ривожланиш дастури бўйича Ҳукумат жорий йил 24 февралда қабул қилинган қарорга асосан, шаҳар ҳудуди келгуси 18 йилда жадал ривожланишни бошлайди. 2030 йилга қадар Қарши шаҳрининг ҳудуди 11 минг гектарга, 2042 йилга келиб эса 16 минг гектаргача кенгайиши кутилмоқда. Бу йилларда шаҳар аҳолиси ҳам мос равишда 300 мингдан 470 минг кишигача ўсиши кутилмоқда.
Қарши шаҳрининг ривожланиш режаси бўйича, уй-жой фонди биринчи навбатда 7 миллион 200 минг квадрат метргача, ҳисоб даврида эса 10 миллион 810 минг квадрат метргача кенгайиши назарда тутилган. Бу шаҳар аҳолисининг уй-жой билан таъминланиш даражасини кўтаришга ёрдам беради. 2030 йилда ҳар бир киши учун ўртача 18 квадрат метр, 2042 йилда эса 23 квадрат метрлик уй-жой майдони тақдим этилади. Эътиборлиси, шаҳарнинг уй-жой фондида 2-3 ва 4-5 қаватли уйлар қисмининг камайиши, 7, 12, 14 ва 16 қаватли уйлар қисмининг ортишини кўрсатади. Бу ўз навбатида шаҳар ландшафтининг ўзгаришини ҳам тақозо қилади.
Шаҳарнинг ижтимоий инфратузилмасига ҳам катта эътибор берилмоқда. Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактаблари сони оширилади ва 2030 йилга келиб уларнинг умумий қуввати мос равишда 22 минг ва 64 минг ўринга етказилади. Тиббий хизматлар ҳам ривожланади, шифохоналар ва поликлиникалар сони, шунингдек, дўконлар, клублар, маданият саройлари, театрлар ва кинотеатрлар ҳам кўпайиши кутилмоқда.
Транспорт инфратузилмаси ҳам сезиларли даражада ривожланади. Қаршида магистраль кўчаларнинг узунлиги 2030 йилда 155,35 километрга, 2042 йилда эса 291,33 километрга етказилади. Бу кўчаларда ташиладиган йўловчилар сони ҳам ортиши кутилмоқда, 18 йилдан кейин 235 миллион нафар йўловчи ташилади.
Шу билан бирга, экологик муҳитни яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Қарши шаҳрининг янги ривожланишида кўкаламзор ҳудудлар майдонини ошириш, санитар-ҳимоя ҳудудлари майдонини кенгайтириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирларни камайтириш мақсад қилинади. 2030 йилга қадар экологик талабларга мос умумий фойдаланишдаги кўкаламзор ҳудудлар майдони 423 гектарга, санитар ҳудудлар майдони эса 586,7 гектаргача кенгайтирилади.
Қарши шаҳрининг келажаги ҳақидаги ушбу қарорлар шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштиради ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган. Бу саъй-ҳаракатлар шаҳарни нафақат маҳаллий, балки минтақавий даражада ҳам ривожлантиришга катта ҳисса қўшади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг