
Шавкат Мирзиёев 21 март куни Янги Ўзбекистон боғида бўлиб ўтаётган Наврўз шодиёнасида нутқ сўзлаб, Ўзбекистон халқини байрам билан табриклади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади. Табрик нутқи президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
"Бугунги мунаввар кунни элу юртимиз билан тинч ва хотиржам кутиб олаётганимиз учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз. Бу йилги Наврўз муқаддас Рамазон ойида, унинг табаррук фазилатларига уйғун ҳолда ўтаётгани байрамга алоҳида руҳ, ўзгача файз ва қувонч бағишламоқда. Қалбларимиз шодликка тўлган шундай баракатли кунларда юртимиз мўмин-мусулмонларини, бутун ислом умматини Рамазони шариф билан яна бир бор қутлаб, жамики пок ниятларимиз ижобат бўлишини тилаймиз. Хорижий мамлакатларда она юрт меҳри ва соғинчи билан яшаётган ватандошларимизни ҳам чин дилдан табриклаб, самимий тилакларимизни изҳор этамиз", дейди президент.
Маълум қилинишича, Наврўзи олам 3 минг йиллик давлатчилик тарихида ўзининг беқиёс маънавий аҳамияти билан ҳамиша алоҳида эътибор топган буюк байрамдир. Ушбу бебаҳо айём ҳақида битилган илмий-тарихий ва бадиий асарлар шу қадар кўпки, улар ҳақли равишда миллий меросимизнинг ўлмас дурдоналарига айланган.
"Халқимиз асрлар давомида оғир ва машаққатли, синовли пайтларда ҳам бу байрамни олижаноб табиати ва қадриятлари билан асраб-авайлаб келгани чинакам мўъжизадир. Наврўзнинг бетакрор гўзаллиги, инсонпарварлик руҳи ва теран фалсафаси глобаллашув даврида ҳам бутун башариятни ҳайратга солаётгани унинг азалий моҳияти ва ҳаётбахш кучидан далолат беради. Айниқса, инсоннинг табиат ва борлиқ билан уйғунлиги, яратувчанлик иштиёқи, ғайрат ва шижоати, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва саховат каби олижаноб фазилатлари Наврўз тимсолида янада ёрқин намоён бўлади.
Наврўз кунларида бобо деҳқонларимиз ризқ-рўзимиз, дастурхонимиз қут-баракасини ўйлаб, она заминга ўз меҳрини беради, мўл ҳосил олиш ниятида қаттиқ бел боғлайди. Шу маънода, Мир Алишер Навоий бобомизнинг “Деҳқонки, дона сочар, ерни ёрмоқ билан ризқ йўлин очар” деган сўзларида чуқур ҳаётий маъно мужассам. Кўнглимизда меҳнат ва ижод, уйғониш ва яшариш завқи тобора кучайиб бораётган мана шундай баҳорий лаҳзаларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз, боғбон ва чорвадорларимизга алоҳида эҳтиром изҳор этамиз", деди давлат раҳбари.
Билдирилишича, бугун мамлакатда инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини юксалтириш йўлида қатъий қадамлар қўйилмоқда.
"Юртимизда кўплаб замонавий саноат мажмуалари, инфратузилма ва логистика тармоқлари, автомобил ва темирйўллар барпо этилмоқда. Бизнес, “Ай-ти” ва туризм соҳалари жадал ривожланмоқда. Минглаб янги иморат ва уй-жойлар, боғча ва мактаблар, олийгоҳлар, шифохоналар, маданият ва спорт масканлари бунёд этилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимиз қиёфаси тобора гўзал ва обод бўлиб бормоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида диёримизда янги экологик муҳит яратилмоқда. Ҳар йили миллионлаб кўчатлар экиш, яшил боғлар барпо этиш, ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш каби юксак экологик маданий қадриятлар кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланмоқда. “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” давлат дастури доирасидаги улкан ишларимиз бу жараёнларни янада юқори босқичга олиб чиқишига аминман", деди Шавкат Мирзиёев.
Таъкидланишича, бугун мамлакатдаги юқори технологик корхоналарни бошқараётганлар – асосан билимли ва малакали ёшлар.
"Тадбиркорлик ривожига янги куч ва шиддат бераётган ҳам ақл-идрокли, серғайрат ва ишбилармон ўғил-қизларимиздир. Сарҳадларимизда доимо сергак турган аскар ва офицерлар ҳам мард ва жасур ўғлонларимиздир. Илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат соҳаларида Ватанимизни дунёга тараннум этаётганлар ҳам ёшлардир. Хусусан, юртимизни жаҳонга машҳур қилишда ёш спортчиларимизнинг алоҳида ўрни ва ҳиссаси бор. Халқимизга ҳар томонлама муносиб бўлган бундай навқирон авлодимизга шон-шарафлар бўлсин! Азиз фарзандларим, сизлар Ватанимиз осмонида ёрқин юлдузлар бўлиб порлайдиган вақт келди.
Бу улуғ мақсад йўлида мана шу Наврўз фаслида таваллуд топган Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек, Зулфияхоним, Озод Шарафиддинов, Абдулла Орипов каби мутафаккир зотлар сизлар учун чинакам ибрат намунасидир. Юртимиздаги беқиёс имкониятларни амалий натижаларга айлантириш учун тинимсиз ҳаракат қилинг! Қаерда бўлманг, қайси соҳада ишламанг, миллий қадриятларимизга, ўзлигимизга, Ватанимизга муносиб ва содиқ бўлинг! Ҳеч қачон унутмангки, ортингизда салкам 38 миллионлик буюк халқ, Президент турибди. Сизларга доимо омад ва зафарлар ёр бўлсин!" - деди президент.
Қайд этилишича, Наврўзнинг бетакрор сеҳру жозибаси, энг аввало, тўққиз ярим мингга яқин маҳалламизда ўтказилаётган халқ сайилларида, байрам тантаналарида ўз ифодасини топади. Кўп минг йиллик анъаналар ва замонавий қадриятларни ўзида мужассам этган маҳалла тизимининг ҳаётидаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Айниқса, турли муаммо ва масалалар маҳалланинг ўзида ҳал этилаётгани ислоҳотлар халқчиллиги ва натижадорлигини кескин оширмоқда. Ёшлар тарбияси, осойишталикни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, ижтимоий ҳимоя ва хотин-қизлар фаоллигини кучайтириш, экология ва ободлик каби бири-биридан муҳим вазифалар маҳалла еттилиги тизими орқали самарали ечим топмоқда.
"Маълумки, бу йил юртимизда маҳалла раислари сайловлари бўлиб ўтади. Халқимиз ушбу масъулиятли жараёнда фидойи ва ватанпарвар юртдошларимиз учун овоз беради, деб ишонаман. Маҳаллаларни ҳар томонлама ривожлантириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, эртага – 22 март куни мамлакатимизда кенг нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни билан барча юртдошларимизни, маҳалла фаолларини самимий табриклаб, уларнинг шарафли фаолиятида улкан ютуқлар тилайман", деди давлат раҳбари.
Наврўз азалдан халқнинг миллий ва умумбашарий қадриятларга, дунёвий давлат тамойилларига, бағрикенглик, чин дўстлик ва ҳамкорлик ғояларига содиқлигининг яққол рамзидир. Бу айём юртдаги барча миллат ва элат вакиллари учун севимли, том маънода умумхалқ байрамига айланган.
"Мана шу қувончли лаҳзаларда бутун халқимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: бизнинг кучимиз – бирлик ва аҳилликда, қудратимиз – Ватанга меҳр ва садоқатда, ютуғимиз – ўзимизга бўлган юксак ишончимизда! Наврўз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро байрам сифатида эътироф этилгани бизга алоҳида мамнуният бағишлайди. Наврўзи олам ҳозирги кунда барча элу элатларни, жумладан, Марказий Осиё халқларини янада жипслаштирмоқда. Бугунги имкониятдан фойдаланиб, бепоён минтақамизда яшаётган жамики соф ниятли инсонларни эл-юртимиз номидан қизғин табриклайман. Том маънода дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлик маконига айланаётган минтақамиз ҳамиша тинч бўлсин, ҳамиша гуллаб-яшнасин!
Шу ўринда минтақамизнинг ҳурматли зиёлилари, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт намояндаларига мурожаат қилиб айтмоқчиман. Азиз дўстлар, сизлар ноёб истеъдодингиз, ақл-тафаккурингиз билан азалий қардошлигимизни, муштарак қадрият ва урф-одатларимизни, эзгу интилишларимизни тараннум этадиган асарлар яратиб, ёшларимизни айни шу руҳда тарбиялашга ҳисса қўшсангиз, халқларимиз сизлардан албатта миннатдор бўлади. Бундай баркамол ижод намуналари бугунги таҳликали даврда элларимиз, айниқса, ёш авлодларимизга мустаҳкам маънавий қалқон бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Шу ой охирида қадимий Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчиларининг уч томонлама учрашуви мана шу йўлда яна бир амалий қадам бўлади, деб ишонаман", деди Шавкат Мирзиёев.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар