Электромобил зарядлаш харажатларига субсидия бериш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда электромобиллардан фойдаланишни янада рағбатлантириш мақсадида муҳим ташаббус илгари сурилди. 2026 йил 1 майдан бошлаб электр транспорт воситаларини зарядлаш харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаб бериш бўйича ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Таклиф этилаётган янги тартибга кўра, агар зарядлаш станцияларида 1 кВт/соат электр энергияси нархи 300 сўмдан юқори бўлса, ушбу чегарадан ошган қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бу имтиёз 2030 йил охиригача амал қилиши режалаштирилган бўлиб, электромобиллар эгалари учун сезиларли енгиллик яратиши кутилмоқда.
Субсидиялар тўғридан-тўғри фуқароларнинг банк карталарига ўтказилади ва даромад сифатида ҳисобланмайди. Тўловлар ҳар ойда амалга оширилиб, уларни «Soliq» мобил иловаси орқали кузатиш ва қабул қилиш имкони бўлади.
Шу билан бирга, зарядлаш станцияларининг маълумотлари солиқ тизими билан интеграция қилинади. Бу орқали ҳар бир фойдаланувчининг қанча электр энергияси сарфлагани автоматик равишда ҳисоблаб борилади, бу эса шаффофлик ва қулайликни таъминлайди.
Яна бир муҳим янгилик сифатида 2026 йил давомида «EV-Power» номли рақамли платформа ишга туширилиши режалаштирилган. У дастлаб Тошкент шаҳрида синов тариқасида жорий этилади, кейинчалик эса босқичма-босқич бутун республика бўйлаб татбиқ этилади.
2027 йилдан бошлаб эса барча субсидиялар айнан ушбу платформа орқали тақдим этилиши кўзда тутилган. Бу тизим орқали барча ҳисоб-китоблар автоматлаштирилиб, жараён янада самарали ва шаффоф бўлиши таъминланади.
Қисқача айтганда, мазкур ташаббус нафақат электромобиллар сонини ошириш, балки экологик тоза транспортни оммалаштириш йўлида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!