date
views 103

Сўнгги қўнғироқ куни давлат томонидан хавфсизликка олий даражада эътибор

Сўнгги қўнғироқ куни давлат томонидан хавфсизликка олий даражада эътибор
2024–2025 ўқув йилининг якунланиши муносабати билан 24 май куни Ўзбекистондаги барча мактабларда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари тантанали равишда нишонланади. Мазкур кун мактаб битирувчилари учун ўзига хос ҳаёт босқичининг якунланиши, янги истиқболлар сари қадам қўйиш рамзидир. Ҳар йилгидек бу байрам мамлакат бўйлаб кенг нишонланиши режалаштирилган.

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти маълумотига кўра, мамлакат бўйлаб 10 мингдан зиёд мактабда ўтказиладиган мазкур тадбирларда 2 миллионга яқин ўқувчи, уларнинг ота-оналари ҳамда ўқитувчилар иштирок этади. Ҳудудлардаги барча таълим муассасалари махсус хизматлар томонидан тўлиқ текширувдан ўтказилди ва қўриқлаш пультларига уланди.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларига 27 минг нафардан зиёд ИИВ, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ва ҳарбий хизматчилар жалб қилинган. Шунингдек, йўлда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун ЙПХ ходимлари мактаблар атрофида кучайтирилган режимда хизмат олиб боради.

Тадбирлар пайтида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Мактаб олдида транспорт ҳаракати вақтинча чекланади. Фуқароларга, айниқса, ёшларга жамоат транспортидан фойдаланиш тавсия қилинмоқда.

Шунингдек, мактаблар ёпилгандан сўнг ёшлар кўпчилик бўлиб хиёбонлар, истироҳат боғлари ва обод жойларда йиғилиши кутилмоқда. Шу боис, ҳудудий ички ишлар органлари бу жойларда ҳам тартибни таъминлаш мақсадида 5000 дан ортиқ ходимни хизматга сафарбар этган.

ИИВ ва Таълим вазирлиги томонидан жамоатчиликка махсус мурожаат ҳам қилинди. Унда ота-оналардан фарзандларининг кайфияти, ҳаракатлари, кимлар билан вақт ўтказаётгани, интернетдаги фаолияти ва молиявий эҳтиёжларига диққат қилиш сўралди. Бу каби эътибор ортиқча чиқимлар, “мусобақалишиш” кайфияти ва ҳатто нохуш ҳолатларнинг олдини олади.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, “Сўнгги қўнғироқ” байрами муносабати билан мактабларда валс рақсини бажариш тақиқлангани ҳақида тарқалган хабарлар тасдиқланмаган. Таълим вазирлиги бу борада ҳеч қандай расмий чеклов йўқлигини билдирган, бироқ айрим ота-оналар ортиқча харажатлардан норози бўлаётгани сабабли, рақслардан воз кечаётган мактаблар борлиги маълум қилинган.

Zamin.uz таҳририяти ушбу йирик байрам куни тинчлик, тартиб ва хавфсизликни таъминлашда ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши лозим, деб ҳисоблайди. Бу кун ҳар бир ўқувчи хотирасида чиройли ва ижобий тарзда муҳрланиши лозим.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сўнгги қўнғироқ куни давлат томонидан хавфсизликка олий даражада эътибор