
Испания Ла Лигасининг 16-тури доирасида Ханс-Дитер Флик қўл остидаги «Барселона» ўз майдонида «Осасуна»ни қабул қилди. «Камп Ноу»да ўтган беллашувда каталонияликлар тўлиқ устунлик намоён этиб, 2:0 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди.
Учрашув давомида «кўк-анорранглилар» тўп назорати ва позицион ҳужумларда рақибидан анча устун кўринди. Бироқ «Осасуна» узоқ вақт давомида ҳимояда чидамли ўйнаб, ҳисоб очилишига йўл қўймади. Фақат иккинчи тайм ўрталарига келиб, майдондаги устунлик аниқ самара берди.
70-дақиқада Педрининг аниқ ва ўйланган узатмасидан сўнг Рафинья ҳисобни очди. Бразилиялик вингер ушбу вазиятда совуққонлик билан ҳаракат қилиб, дарвозабонга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Ўйин сўнгига яқин эса Рафинья яна бир бор ўз маҳоратини намойиш қилди — 86-дақиқада у дублни расмийлаштириб, жамоаси ғалабасини мустаҳкамлади.
Барселона – Осасуна 2:0
Гол: Рафиня 70, 86
Барселона – Жоан Гарсия, Балде (Кристенсен, 88), Кубарси (Фермин Лопес 75), Кунде, Жерар Мартин, Эрик Гарсия, Педри, Торрес, Рафиня (Касадо, 88), Ямал, Рэшфорд (Де Йонг, 74)
Осасуна –Эррера, Аргубиде (Росе, 69), Бойомо, Катена, Эррардо, Бретонес, Монкайола, Торро, Муньос (Бекер, 65), Орос, Будимир (Р. Гарсия, 64)
Бу натижадан кейин «Барселона» очколар жамғаришда тўхтаб қолмади. Жамоа ҳисобидаги очколар сони 43 тага етди ва пешқадамлик янада мустаҳкамланди. Шу тариқа каталонияликлар асосий рақиби «Реал Мадрид»дан устунликни 7 очкогача ошириб олди.
Айни пайтда «қироллик клуби» ушбу турдаги ўз учрашувини кейинроқ ўтказади. Бироқ «Барселона» мухлислари учун бу ғалаба жамоанинг чемпионлик йўлидаги ишончли қадамларидан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.