Туркманистонда маданият соҳаси ходимларига жорий йилнинг 27 сентябрь куни бўлиб ўтадиган Мустақиллик байрамига тайёргарлик доирасида вазн ташлаш топшириқ қилинди. Бу ҳақда маҳаллий манбалар хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, маданият ва санъат муассасаларида фаолият юритаётган актёр, хонанда ва рақс гуруҳлари аъзоларига махсус кўрсатма берилган. Унга кўра, улар байрам дастурида иштирок этиш учун ташқи кўринишида керакли мезонларга мос бўлиши шарт. Агар улар белгиланган оғирлик меъёрига тўғри келмаса, саҳнага чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Талабнинг аниқ қайси юқори идора томонидан берилгани очиқланмаган, аммо маданият ходимлари орасида бу кўрсатма катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айримлари буни соғлиқ учун ижобий деб баҳоласа, бошқалар уни инсон ҳуқуқларига зид ҳаракат сифатида танқид қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Туркманистонда давлат байрамлари катта шукуҳ ва расмий тадбирлар билан нишонланади. Санъаткорлар эса бу тантаналарда асосий ролни бажаради. Шу боис уларнинг ташқи қиёфасига алоҳида эътибор қаратилаётгани тасодифий эмас.
Ҳозирда мамлакатдаги кўплаб маданият муассасаларида машғулотлар ва репетициялар давом этмоқда, бундан ташқари айрим санъаткорлар шахсий овқатланиш режаларини ҳам қайта кўриб чиқишга мажбур бўлишган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!