
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат тиббиёт ходимларини уларнинг касб байрами – Тиббиёт ходимлари куни билан табриклади. Ушбу байрам ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида кенг нишонланади.
Давлат раҳбари ўз табрик сўзида тиббиёт соҳаси ходимларининг халқ саломатлигини сақлашдаги хизматларини юксак қадрлашини билдириб, сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида эришилган ютуқларни алоҳида таъкидлади. Президент шундай деди: “Ҳақиқий самимият билан, юракдан сизларни – халқимиз саломатлиги посбонларини касб байрамингиз билан табриклайман.
Сизларга чуқур ҳурмат ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.” Президентнинг таъкидлашича, охирги йилларда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар олти баробар кўпайди, юқори сифатли тиббий хизматлар эса аҳолига, хусусан, маҳалла даражасида ҳам яқинлашди. Бугунги кунда ҳудудий марказларда илгари фақат пойтахтда мавжуд бўлган 400 дан ортиқ юқори технологияли тиббий хизматлар кўрсатилмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, амалга оширилган ислоҳотлар натижасида оналар ўлими кўрсаткичи 21 промилледан 11 промиллега, чақалоқлар ўлими эса 11,5 промилледан 7,8 промиллега камайди. Президент соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштиришда эришилган ютуқларга ҳам тўхталиб ўтди: “DMED ягона электрон ахборот платформаси ишга туширилди, бу тизимда 36 миллиондан ортиқ фуқароларнинг тиббий маълумотлари мавжуд.
Сунъий интеллект ёрдамида бажарилаётган тиббий текширувлар сони 43 турга етди.” Шунингдек, давлат раҳбари мамлакатда робототехнологиялар, тез тиббий ёрдам чақирувларини бошқаришнинг электрон тизими жорий этилаётгани ва тиббий суғурта тизимини татбиқ этиш ишлари давом этаётганини таъкидлади. Президент хусусий сектор ривожи масаласига ҳам эътибор қаратди.
Сўнгги саккиз йил ичида хусусий клиникалар сони 3,5 мингдан 9 минггача ошган, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сони эса 130 турга етган. Президент фармацевтика соҳасидаги муваффақиятларни ҳам қайд этди: “2017-йилдан буён миллий ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 триллион сўмдан 6,3 триллион сўмга етди, экспорт эса 6,3 миллион доллардан 250 миллион долларгача ошди.” Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, тиббиёт кадрларини тайёрлаш даражасини ошириш мақсадида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди, Урганч ва Самарқанд олий ўқув юртлари фаолияти мустаҳкамланди, саккизта тиббиёт университети халқаро аккредитациядан ўтди.
Президент шунингдек, Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 йилдан 75,1 йилга ошганини алоҳида таъкидлади ва бу ютуқларда тиббиёт ходимларининг ҳиссаси катта эканини қайд этди. “Яна бир бор сизларни касб байрамингиз билан табриклайман, соғлиқ, шарафли фаолиятингизда муваффақиятлар, оилаларингизга бахт, тинчлик ва фаровонлик тилайман”, – деди давлат раҳбари.
Президент Мирзиёев тиббиёт ходимларини табриклади
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар