
Навоий давлат университетида коррупция билан боғлиқ навбатдаги ҳолат аниқланди. Таълим муассасасининг мансабдор ходими 35 миллион сўм миқдорида пора олган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати расмий ахборот берди.
Маълум қилинишича, коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида махсус тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида Навоий давлат университетининг мансабдор шахси ушбу олий таълим муассасасидаги ўқув хоналарини таъмирлаш ишларини амалга оширган масъулияти чекланган жамиятга хизмат ҳақи сифатида тўланиши лозим бўлган 189 миллион сўм маблағни МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказиб бериш эвазига таъмагирлик йўли билан 35 миллион сўм талаб қилгани ва уни олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушлангани аниқланган.
Ҳозирда ушбу мансабдорга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси, яъни пора олиш жиноятининг 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Суд томонидан унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Текширув жараёнида маълум бўлишича, мазкур шахс илгари ҳам судланган бўлган, аммо аввалги хатосидан етарли хулоса чиқармаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.