
British Management University (BMU)да илк бор 2025 Investment Challenge мусобақаси – CFA Level 1 имтиҳони намунаси асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон фонд бозорининг амалиётига мослаштирилган ўзаро университетлараро танлов ўтказилди. Тадбирда саккизта университетнинг ҳар бири беш нафар юқори курс талабасидан иборат жамоалари қатнашди.
Мусобақа ташкилотчиси сифатида Миллий инвестиция институтлари уюшмаси (НАИИ) чиқди ва унга Freedom Broker инвестиция компанияси ҳомийлик қилди. BMU проректори Лионел Хендерсоннинг сўзларига кўра, танловнинг асосий мақсади талабаларни CFA сертификацияси учун тайёрлаш ва молия ҳамда инвестиция соҳасидаги касбий имкониятларга эътиборни жалб қилишдан иборат: "Бу тадбир талабаларни CFA имтиҳонига яқин форматда синовдан ўтказишга имкон беради.
Биз иқтисодиёт ўсиши билан бирга юқори даражада молия ва инвестициялар билан ишлай оладиган профессионал мутахассисларни тайёрлашни истаймиз." НАИИ бош котиби Темур Ҳасановнинг таъкидлашича, ташаббус ёшлар орасида капитал бозорига қизиқишни шакллантиришга қаратилган: "Кўпчилик молия бўлими битирувчилари банкда иш топишни ўйлайди. Биз эса уларга бошқа имкониятлар – инвестиция компаниялари, брокерлик фаолияти, биржалар ҳам борлигини кўрсатмоқчимиз.
Агар ҳозир талабаларни капитал бозорининг асосларига ўргатсак, келгуси авлод молиявий саводхонроқ бўлади ва бозорни ривожлантира олади." Freedom Broker бош директорининг маслаҳатчиси Зафар Каримов эса талабалар учун амалий тажрибанинг аҳамиятини таъкидлади: "Биз Ўзбекистонда нафақат аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишга, балки капитал бозорида ривожланишни истаган талабалар учун имкониятлар яратишга эътибор қаратaётган НАИИ ва университетлар фаолиятидан жуда хурсандмиз. Бундай мусобақалар келажакдаги инвесторлар учун яхши рағбат бўлиши мумкин, компаниялар эса бу бозор учун ёш, билимли ва мотивацияга эга кадрлар билан бойийди." Танлов формати 40 та кўп танловли саволлардан иборат индивидуал топшириқларни ўз ичига олди.
Саволлар молиявий ҳисоботларни таҳлил қилиш, акцияларга инвестиция қилиш, корпоратив эмитентлар, миқдорий усуллар ва иқтисодиёт каби бешта асосий мавзуларни қамраб олди. Шунингдек, иштирокчилар фонд бозорининг тарихи ва Ўзбекистон капитал бозорининг хусусиятлари бўйича саволларга жавоб беришди.
Ҳар бир блок 40 баллик баҳоланди, жамоанинг максимал натижаси эса 200 баллни ташкил этди. Ташкилотчилар мамлакатда капитал бозорини ривожлантириш учун талабалар ва мутахассисларни бирлаштирувчи бундай ташаббусларни давом эттиришни режалаштирмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.