АҚШ элчихонасининг ҳамдардлиги ижтимоий тармоқларда нотўғри превью билан чиқмоқда

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Браун университетида содир бўлган отишмада ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароси Муҳаммадазиз Умурзаковнинг яқинларига билдирган ҳамдардлик баёноти ижтимоий тармоқларда нотўғри кўринишда акс этмоқда. Бу ҳолатга Kursiv Uzbekistan эътибор қаратди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Facebook фойдаланувчилари ҳаволани улашганда, хабарнинг мазмуни ўрнига АҚШдан ўзбекистонликлар депортацияси ҳақидаги сарлавҳа ва турли ирқ вакилларидан иборат кулаётган ёшлар сурати чиқмоқда. Аслида эса ҳамдардлик матни элчихона расмий сайтида 15 декабр куни, Браун университетидаги фожиадан бир кун ўтиб эълон қилинган.
Баёнотда элчи Жонатан Ҳеник номидан 13 декабр куни Браун университети талабаси Муҳаммадазиз Умурзаковнинг фожиали ўлими ҳақидаги хабар чуқур қайғу билан қабул қилингани, марҳумнинг оиласи, дўстлари ва курсдошларига ҳамдардлик билдирилгани айтилади. Шунингдек, унинг порлоқ келажаги барбод бўлгани катта йўқотиш экани таъкидланиб, марҳумга Оллоҳдан раҳмат сўралган.
Бироқ ижтимоий тармоқлар ва Google News’да ушбу материал бошқа кўринишда чиқмоқда. Хусусан, Facebook’да ҳавола превьюсида SEO-сарлавҳа сифатида “Removal of Uzbekistanis from the United States” (“АҚШдан ўзбекистонликларни депортация қилиш”) пайдо бўлади. X платформасида ҳам айни сарлавҳа остида “АҚШ ҳукумати Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг 100 дан ортиқ фуқаросини депортация қилди…” мазмунидаги тавсиф тортиб келинмоқда.
Google News лентасида ҳам депортация ҳақидаги сарлавҳа сақланиб қолган, сурат эса ҳамдардлик мавзусига алоқадор бўлмаган расмий тадбир фотоси билан чиқмоқда. 6 январ ҳолатига кўра, муаммо ҳануз долзарб.
Kursiv Uzbekistan масала юзасидан АҚШ элчихонасидан изоҳ сўраган. Элчихона матбуот хизмати вазият техник носозлик билан боғлиқлигини билдириб, ижтимоий платформалардаги ҳавола превьюлари муаммосидан хабардор эканини, яқин ойлар ичида янги веб-платформага ўтилгач, бу камчилик бартараф этилиши кутилаётганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Муҳаммадазиз Умурзаков АҚШнинг Род-Айленд штати, Провиденс шаҳридаги Браун университетининг муҳандислик корпусида содир бўлган отишмада ҳалок бўлган икки кишидан бири эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!