Бухорода браконьерлар табиатга 48 млн сўмлик зарар етказди

Бухоро вилоятида ҳуқуқ-тартибот идоралари ёввойи қушларни ноқонуний овлаш ҳолатини тўхтатди. Экология қўмитаси маълумотига кўра, браконьерлар 94 та ўрдак ва 23 та лишуха қушини отиб улгурди. Табиатга етказилган зарар 48 млн сўмга баҳоланди.
Рейд тадбирлари Пешку туманида ўтказилиб, эко-патрул “Қорақир” табиий сув ҳавзасида рухсатсиз ов қилган 10 нафар Ўзбекистон фуқаросидан иборат гуруҳни аниқлади.
Шунингдек, “Газли” ҳудудида яна бир экологик қонунбузарлик қайд этилди: икки нафар эркак саксаулни ноқонуний кесиш, йиғиш ва ташиш билан шуғуллангани маълум бўлди. Улардан 10 куб метр ёғоч ашёси ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Қўмитада таъкидланишича, вилоятда ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилишга қаратилган рейдлар давом эттирилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг