Гвардиола «Брайтон» олдидан жароҳатлар ва трансферлар ҳақида гапирди

АПЛнинг 21-турида “Брайтон”га қарши муҳим баҳс олдидан “Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола матбуот анжуманида қатнашди. Жамоадаги жароҳатлар “бош оғриқ” бўлиб турган бир пайтда, у қишки трансфер режалари, “Арсенал”нинг кучайиши ва айрим кадрлар атрофидаги муҳокамалар бўйича ҳам ўз фикрини яширмади.
“Рубен Аморим — юқори савиядаги мураббий”
Гвардиола “Манчестер Юнайтед” томонидан қабул қилинган қарор ҳақида сўралганда, Аморимнинг мураббий сифатидаги салоҳиятини алоҳида таъкидлади.
Унинг айтишича, қарорни қўшнилар — “Юнайтед” раҳбарияти қабул қилган, шунинг учун у бунга аралашмайди. Лекин Аморимга кейинги фаолиятида омад тилашни ҳам унутмади:
“Рубен — катта даражадаги мутахассис. Қарорни ‘Манчестер Юнайтед’ қабул қилди. Мен эса унга келажакда омад тилайман”.
Жон Стоунз масаласи: “Ҳозирча аниқлик йўқ”
Жамоа ҳимоясида муаммолар кўпайган паллада, Жон Стоунзнинг ҳолати ҳақидаги савол табиий. Гвардиола бу борада ҳозирча қатъий ташхис ва аниқ муддат айта олмаслигини билдирди.
“Ҳозирча ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ. У яқин ўйинларга тайёр эмас”, — деди у.
Бу гапдан битта хулоса: “Сити” ҳимоя чизиғи ҳали бир муддат “қисқа одеял” ҳолатида қолиши мумкин.
Қишки трансферлар: “Тўрт-бешта ўйинчи эмас”
Қишки ойна ҳақидаги саволга келганда, Гвардиола мухлислар кутган “катта харидлар” сценарийини совутди. У айни пайтда вазият ўтган мавсумдагидек эмаслигини, шунинг учун оммавий трансферлар кутилмаслигини очиқ айтди.
“Балким, бирор футболчи қўшилиши мумкин. Лекин ўтган йилдагидек бўлмайди. Биз тўрт ёки беш нафар ўйинчини сотиб олмаймиз — вазият тамоман бошқа”, — деди мутахассис.
Яъни, “Сити” бу қишда катта сарф-харажат билан бозорни “портлатиш” режасида эмас, эҳтимол — нуқтани кучайтириш вариантини ушлаб турибди.
“Арсенал” ҳақида: “Ростдан ҳам жуда кучли”
Чемпионлик пойгасида асосий рақобатчи сифатида тилга олинаётган “Арсенал” борасида Гвардиола эҳтиёткор, лекин жуда ҳурмат билан гапирди.
“Жуда кучли жамоа. Сўнгги икки-уч мавсумда улар тобора ўсиб, кучайиб бормоқда. Ҳақиқатдан ҳам жуда бақувват”, — дея баҳо берди у.
Бу сўзлар “Арсенал”ни камситиш эмас, аксинча — реал вазиятни тан олиш. Чемпионликка кетаётган йўлда шундай рақибга қарши ҳар бир очко олтинга тенг.
Жароҳатлар ва таркиб: “Бизда база бор, фақат қайтадиганлар керак”
Гвардиола яна бир муҳим нуқтани урғулади: мавсум олди йиғинида қандай таркиб бўлган бўлса, у шу жамоадан ҳозир ҳам мамнун. Муаммо — айнан ўша таркиб тўлиқ қўл остида эмаслигида.
“Гвардиол, Рубен Диаш ва Жон Стоунзнинг тезроқ сафга қайтишини истаймиз. Шунингдек, Африкада бўлган футболчиларимиз ҳам ортга келиши керак. Бу даврдан омон ўтиб, кейинги босқичга ўтишни мақсад қилганмиз”, — деди у.
Қисқаси, режа оддий: бу оғир фазани “йиқилмасдан” ўтиб олиш, саф қайта тўлдирилганда эса яна тўлиқ тезликка чиқиш.
Ўйин қачон?
Маълумот учун, “Брайтон” — “Манчестер Сити” учрашуви эртага Тошкент вақти билан 00:30 да старт олади.
Мухлислар учун интрига тайёр: жароҳатлар “Сити”ни синовдан ўтказяпти, рақиблар эса кечирмайди. Лекин Гвардиоланинг кайфиятидан битта нарса сезилди — у ҳали ҳам бу мавсумда катта гап айтишга ишониб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!