
Ўзбекистон бўйлаб Янги йил байрами муносабати билан туризм соҳасида қатор имтиёз ва чегирмалар жорий этилади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси расмий ахборот берди. Ташаббус байрам кунларида аҳоли ва меҳмонлар учун маданий дам олиш имкониятларини кенгайтириш, шу билан бирга ички туризм фаоллигини оширишни мақсад қилган.
Маълум қилинишича, байрам даврида Маданий мерос агентлиги ҳамда “Вақф” жамғармаси тасарруфидаги тарихий ва диққатга сазовор объектларга кириш чипталари 10 фоизгача арзонлаштирилади. Айрим маданий мерос масканларига эса фуқаролар умуман бепул ташриф буюришлари мумкин. Ушбу имтиёзлар маҳаллий аҳоли билан бир қаторда хорижий сайёҳлар учун ҳам амал қилади.
Шунингдек, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар ҳам байрам кайфиятини ошириш мақсадида ўз ташаббуслари билан меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ва дам олиш масканларида 20 фоизгача чегирмалар тақдим этишни режалаштирган. Бундай имтиёзлар рўйхати алоҳида ҳавола орқали эълон қилинган.
Бундан ташқари, ижтимоий қўллаб-қувватлаш доирасида “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган шахслар, шунингдек ногиронлиги бўлган фуқаролар давлат театрларида намойиш этиладиган спектаклларни мутлақо бепул томоша қилиш имкониятига эга бўлади.
Мутахассислар фикрича, ушбу ташаббуслар Янги йил кунларида мамлакат бўйлаб саёҳат қилишни янада жозибадор этиб, аҳоли учун маданий дам олишни арзон ва қулай қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.