00:20 / 25.05.2017
6 522

Она бўлиш азоби ёхуд тарки одат амри маҳолми?

Она бўлиш азоби ёхуд тарки одат амри маҳолми?
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 5 январь ҳамда 7 февраль кунлари мамлакатимиздаги тиббиёт тизими мутасадди раҳбарлари билан учрашиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга жиддий эътибор қаратиш юзасидан зарур фикр-мулоҳазалар ва таклифларни билдирган эди. Президентимизнинг ушбу соҳа раҳбарлари билан бир ой мобайнида икки марта учрашиб, тизимдаги аҳволни кескин танқид қилгани кўпчиликда бундан буён бу йўналишда ижобий ўзгаришлар юз беришига ишонч уйғотган эди. Бироқ ҳали ҳам жойларда бугунги давр талабини чуқур ҳис қилмай, эскича ишлаш услубларидан воз кечолмаётган шифокорларнинг борлиги ҳайрон қолдиради.

Яқинда учинчи фарзандимга ҳомиладорлик давримда Олмалиқ шаҳридаги тиббиёт ходимларига бир неча бор мурожаат қилишимга тўғри келди. Ҳомилам ўн икки ҳафталик бўлганида, шаҳримиздаги 2-оилавий поликлиникага бордим. Буёғини сўрасангиз, у ерда ҳомиладорлик рўйхатига туриш учун оддий бир дафтар очиш тўрт минг сўмга тушаркан. Майли, балки туғруқ давридаги аёллар сони кўпайиб кетиб, дафтар етишмаётгандир, деб ўйладим. Лекин қон ва бошқа зарур анализларни топширишга ҳар бир хонада махсус қўлқоп (перчатка) учун икки минг сўмдан сўраб олишлари тоза сурбетлик бўлиб туюлди. Шунингдек, ҳомиладор аёлларнинг қўлига бир тутам қоғозни тутқазиб, бошқа бир хонадан улардан нусха олиб келишни тайинлашар экан. Эҳ-э, кейин билсам, бундай югур-югурларнинг сонидан машмашаси кўп экан. Масалан, мен яшайдиган ҳудудга бириктирилган шифокор рўйхатга қўйиш учун 50 дона қоғоз ҳамда бошқа ўқув қуролларини келтириб беришим лозимлигини уқтирди. Айтилган амалларни бажариб, базўр оилавий поликлиниканинг рўйхатидан ўтиб олдим.

Аввалига «Бошга тушганини кўз кўрар» дегандек унча парво қилмадим. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас эди. 10 апрель куни Олмалиқ шаҳридаги оилавий поликлиникага юракни кардиограмма қилдириш учун бордим. Топқир шифокор юрагим соппа-соғ эканлигини айтиб, «гемоглобин»им 120 эканлигини маълум қилди. Албатта, соғлигимдан кўнглим тўқ бўлиб, одатдагидек хотиржам тарзда ишлашда давом этдим. Афсуски, хурсандчилигим узоққа бормади. Орадан бор-йўғи уч кун ўтгач, негадир ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Шаҳардаги тиббиёт бирлашмасининг гинекология бўлимида мени кутиб олган ҳамшира ўзи билганича укол қилмоқчи бўлди. Аммо билардимки, бундай вақтда олий маълумотли, малакали шифокорнинг кўриги ва рухсатисиз беморга ҳеч қандай укол қилиб бўлмасди. Шу боис ёшгина ҳамширанинг ёрдамига изн бермадим. Оқибатда шифокор Ш.Шоматовани 20 дақиқача кутишга мажбур бўлдим. Опахон аҳволим яхши эмаслигини айтиб, керакли дори-дармонлар рўйхатини ёзганча қўлимга тутқазди. Бир томондан қаттиқ хавотирга тушган бўлсам, иккинчи томондан кўнглимдан ўтаётган саволга жавоб топишни истардим: ахир уч кунгина аввал оилавий поликлиника шифокори бутунлай бошқача ташхис қўйган эди-ку? Зеро, ўша куни гемоглобиним 120 ни кўрсатган бўлса, уч кундан сўнг 110-115 ни кўрсатиб турибди. Эртасига эрталаб ҳомила ҳолатимни аниқлаш учун Олмалиқ шаҳридаги хусусий клиникада УЗИ кўригидан ўтишим учун йўлланма беришди. Таажжубим баттар ошди. Туғруқ мажмуасида бу ускуна бўла туриб, нима учун хусусий клиникага боришим керак? Ёки бу ерда менга номаълум бўлган бирон бир сир бормикин?..

Хуллас, УЗИ натижасини кўздан кечирган гинекология бўлими шифокори Тожиниса опа ҳомилам нобуд бўлганини таъкидлаб, керакли ва қимматли таблеткалар номини ёзар экан, уларни фақат Тошкент шаҳридаги дорихоналардан топишим мумкинлигини алоҳида қистириб ўтди. Мен эса аҳволим тобора оғирлашиб бораётгани боис уларни шифохонанинг ўзидан топиб ишлатиб туришни илтимос қилдим. Фойдаси бўлмади. Ўша куни тушга яқин такси ёллаб, бор-йўғи 2 та таблетка учун пойтахтга йўл олдик. У ерда кун бўйи сарсон бўлиб излаб топилган таблеткалар билан яна Олмалиққа қайтдик. 15 апрель куни ўша таблеткалардан биринчисини ичгач, кутилган оғриқ тобора кучая бошлади. Бундан хабар топган шифокорлар эса бамайлихотир ўтирар, ҳатто ҳол сўрашни ҳам ўзларига эп билишмасди. Тўғрироғи, улар ўзларининг таъбири билан айтганда, туғруқ бўлимидаги оғир операцияларга ёрдам қўлини чўзгани чиқиб кетишган эмиш. Нима, у ерда бошқа тажрибалироқ шифокорлар йўқмиди ё менга ёрдам кўрсатишни пайсалга солган шифокорлар билим ва малака борасида улардан устунроқмиди?

Эртасига соат саккизларга яқин шифокор ёрдамисиз қаттиқ оғриқлар ва азоблар билан 16 ҳафталик ҳомиламни йўқотдим. Палатага хавотир билан кириб келган ҳамшира мени гинеколог шифокор У.Имомбердиев (қизиқ, ҳали ҳам шифохоналарда эркак гинекологлар бор экан – муаллиф) деган гинеколог олдига олиб кирди.

Ҳа, ўша кунлари яна бир-иккита бемор минг бир қийинчилик ва машаққатлар билан мен каби ҳомиласини йўқотди. Камига ўша куни баъзи оғриқли саволлар сира тинчлик бермасди: Олмалиқ шаҳридаги шифокорларга нима бўлган ўзи? Улар қачон халқни рози қилиш, беморларга виждонан хизмат кўрсатишни ўрганишади? Уларга шундай ишлаш учун нима халал беряпти – масъулиятсизликми, ўзибўларчиликми ёки инсофсизлик?!.

Лобар ЖАЛИЛОВА

Манба: Hilol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Она бўлиш азоби ёхуд тарки одат амри маҳолми?