date

Қирғизистонда ўлим жазосини қайта жорий этиш бўйича муҳокама бошланди

Қирғизистонда ўлим жазосини қайта жорий этиш бўйича муҳокама бошланди

Қирғизистон президенти маъмурияти мамлакат Конституциясига ўлим жазосини қайта киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига чиқарди, деб хабар берди Kabar.kg.

Ҳужжатнинг асосий мақсади — болалар ва аёлларни оғир жиноятлардан, жумладан, зўравонлик ва қотилликдан ҳимоя қилишни кучайтиришдан иборат. Ташаббус муаллифларига кўра, мамлакатда бундай жиноятлар сони ортиб бораётгани сабабли айбдорлар учун “жазонинг аниқ чегараси”ни белгилаш зарур бўлиб қолган.

“Болалар ва аёлларга нисбатан шафқатсиз зўравонлик содир этган ҳар қандай шахс жамиятдан бутунлай четлатилиши ва энг оғир жазога — ўлим ҳукмига тортилиши мумкин бўлган вақт келди”, — дейилади лойиҳада.

Ҳозирда Қирғизистонда ўлим жазоси амалда тақиқланган. Бу тақиқ Конституциянинг 25-моддаси 1-қисмида мустаҳкамланган. Янгиланган лойиҳага кўра, 2010 йилда мамлакат қўшилган БМТнинг “ўлим жазосини тақиқловчи Иккинчи факультатив протоколи” ҳам кучини йўқотади.

Тушунтириш хатида таъкидланишича, ўлим жазоси фақат энг оғир жиноятлар учун, жиноят содир этилган вақтда амал қилган қонунлар асосида ва ваколатли суднинг якуний ҳукмига биноан қўлланилиши мумкин. Бу жараён халқаро ҳуқуқ нормалари ва геноциднинг олдини олишга оид конвенция талабларига зид бўлмаслиги керак.

Президент Садир Жапаров ушбу ташаббусни октябр ойи бошида илгари сурган эди. У болаларни зўрлаган ёки аёлларни зўрлаб, ўлдирган шахслар учун ўлим жазосини жорий этишни таклиф қилди. Бу қарор Иссиқкўл вилоятида 2008 йилда туғилган қизнинг шафқатсиз тарзда зўрланиши ва ўлдирилиши билан боғлиқ ҳолатдан сўнг пайдо бўлди.

Айбдор сифатида гумонланган шахс аллақачон қўлга олинган. 4 октябр куни Жапаров “ўлим жазоси бўйича қонун лойиҳаси умумхалқ овозига қўйилиши мумкин”, — деб баёнот берган эди.

Маълумот учун, Қирғизистонда ўлим жазоси 1998 йилда мораторий эълон қилинганидан сўнг тўхтатилган, 2007 йилда эса умрбод қамоқ жазоси билан тўлиқ алмаштирилган. 2010 йилда мамлакат ўлим жазосини қайта жорий этмаслик мажбуриятини ўз зиммасига олган халқаро протоколни ратификация қилган.

Агар янги ташаббус қўллаб-қувватланса, Қирғизистонда ўлим жазосини тиклаш учун Конституцияга ўзгартиришлар киритиш ва умумхалқ референдуми ўтказиш талаб этилади.

Таҳлилчиларга кўра, мазкур ташаббус мамлакатда кескин муҳокамаларни келтириб чиқаради — бири адолат талабини қўллаб-қувватласа, бошқалар инсонпарварлик тамойилларига зид деб ҳисобламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистонда ўлим жазосини қайта жорий этиш бўйича муҳокама бошланди