11:33 / 27.05.2017
10 136

"Жиноят-қидирув бўлимига бир келиб кетинг!"

"Жиноят-қидирув бўлимига бир келиб кетинг!"
Ички ишлар идорасиданман, деган одам “Бир келиб кетинг”, дедими, тамом, тиззангга оғриқ киради. Тиззангнинг қалтирайдиган ери борми, йўқми, фарқ қилмайди. Ўз-ўзидан тиззангга зўр келади.

Менда ҳам шундай бўлди. Ички ишлар бўлимидан қўнғироқ бўлди.

− Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси жиноят-қидирув бўлимидан лейтенант Бахтиёр Маъдиев бўламан, 7-сонли ички ишлар бўлимига келиб кета олмайсизми?

Жиноят-қидирув бўлимидан чақиришади-ю, “бориб кела олмайман”, дермидим?

− Ҳозир борайми ё... кейинроқ борсам ҳам... бўладими? – дедим овозимнинг қалтираганидан совқотиб.

Одам озодликда озгина бўлса ҳам кўпроқ юргиси келади-да.

− Ҳозир келинг, − деди лейтенант.

“Бир келиб кетинг”, деганларнинг кўпини кўрганмиз, аёлимга буюрдим:

− Хотин, иссиқ кийимларни олиб чиқ, яхши-ёмон гапирган бўлсам, рози бўл!

Хотиним иссиқ кийимларим солинган жомадонни оёғим остига қўйиб, битта нонни қўлимга тутди:

− Ой бориб, омон қайтинг, дадаси!

Эскироқ кийимларимни кийиб, Регистондаги ички ишлар бўлимига кириб борар эканман, қаддим букчайиб, бўйним ичимга тортилиб бораётганини ўзим ҳам ҳис қилдим. Қадамларим оғир-оғир бўлди, зинадан чиқиш қийин-қийин бўлди.

− Жиноят-қидирув бўлимидан Бахтиёр Маъдиев чақирган экан, − дедим навбатчига “У киши ишини тугатиб кетди”, десин-да, деган умид билан.

− Кутиб туринг, ҳозир келади, сизни кутаяпти! – деди навбатчи худди ҳукм ўқиётгандек овозда.
“Ана энди ўлдим!” дедим ичимда.

− Тўрамуродов сизмисиз? – деди бир йигит чиқиб. – Юринг!

У йигит ҳовлима-ҳовли, зинама-зина иккинчи қаватдаги ўз хонасига бошлаб боргунча адойи тамом бўлдим. Биз кирган эшикларни қулфлаб, калитини чўнтагига солиб олиши энг сўнгги умидларимни ҳам синдирди.

“Болаларни уйли-жойли қилолмадим-да...” деган ўй ўтди хаёлимдан.

− Ўтиринг! –жиноятчи ўтирадиган курсини кўрсатди лейтенант. – Мен Бахтиёр Маъдиевман.

− Мен Тўра Мурод, ёзувчиман, − дедим “Катта одам экан, уриб-сўкиб ётмайин”, деб ўйласин, деган илинж билан.

− Биламиз, − деди лейтенант. – Пасапортингизни беринг!

Оббо, ўзи паспортни йўқотиб, йигирма кундан бери кайфиятим йўқ эди. Янгисини олиш билан боғлиқ бош оғриқлар яна эсимга тушиб, юрагим санчди.

− Паспортимни йўқотиб қўйгандим, − дедим гуноҳкорона оҳангда.

− Қаерда?

− Билмайман, − дедим каловланиб. – Китоб туманига боргандим. Қайтаётганимда тушириб қўйибман, шекилли?

− Қанақа машинада боргандингиз?

− Пиёда, − дедим ва шерикларимни ҳам сотиб қўяётганимни англаб, шоша-пиша қўшимча қилдим: − Ҳар баҳор пиёда зиёрат қиладиган одатим бор. Аммо қайтишда таксида қайтдим. Регистондан бошқа таксига ўтириб, уйимга келганман. Уйда қарасам, паспортим тушиб қолибди.

− Йўқолгани тўғрисида ички ишлар идораларига хабар қилдингизми?
Лейтенантнинг биринчи бор дўғламайдиган оҳангда гапиришидан сал елкамдан нафас олдим:

− Топилмалар столига, манзиллар бюросига мурожаат қилдим, янги паспорт олиш учун ҳужжатлар тўғрилаяпман.
− Жаримасини биласизми?
− Билдим, уч ойлик, паспорт учун етмиш беш, ариза учун ўн беш, жами беш юз қирқ минг сўм бўлар экан.
− Тўлайсиз-да, энди?
− Тўлаймиз, бошга тушганни кўз кўрар.
− Сиз ҳеч қанча тўламайсиз! – деди ўрнидан турган лейтенант тортмасидан битта паспортни олиб, менга узатар экан. – Мана паспортингиз, олинг!

Кўзларимга ишонмайман! Йигирма кундан бери юрагимни қон қилган паспортимни қўлимга олганимга бир хурсанд бўлсам, мелисалар ҳам одамни хурсанд қилиши мумкинлигига ўзим гувоҳ бўлиб турганимга икки хурсанд эдим.
“У ёқда керак бўлиб қолар”, дея ҳар эҳтимолга қарши чўнтагимга аёлим солиб қўйган биттагина “ёмонларнинг пули”ни олиб,

Бахтиёржонга узатдим. (Энди у Бахтиёр эмас-да!)

− Ука, суюнчисига! Чин кўнгилдан!

− Э, ҳожи ака, нима қилаяпсиз? Бир сўм ҳам олмайман! Мен ўз бурчимни, вазифамни бажараяпман, холос. Биз бу ерда одамлардан суюнчи олиш учун ўтирганимиз йўқ, бизлардан одамлар, халқ рози бўлиши керак. Ана шунга ҳаракат қилаяпмиз, ҳожи ака, дуо қилсангиз бўлди.

− Э, қўлингизни очинг, укажон! – деб юборибман хурсанд бўлганимдан.

Мен Бахтиёржонни ҳам, унга тарбия берган ота-онасини ҳам, ҳалолликка ўргатган устозларини ҳам дуо қилдим. Бахтиёржон ўзи қулфлаган эшикларни очиб, мени катта йўлгача кузатиб қўйди.

Бошида айтмаган эдим. Қўрқиш ёмон, ички ишлар идрасининг раҳбарларидан бири оғайним, боришимда “Ходимларингиз чақиришибди, нима қилай?” деб нажот кутиб, унга қўнғироқ қилгандим. “Жиноят-қидирув бўлимидагилар фақат жиноятчиларни чақиришмайди, олдин боринг, вазиятни билинг, кейин қўнғироқ қиласиз”, деганди оғайним. “Сизнинг ходимларингиз ошга чақиришмайди-да”, дегандим, тарвузим қўлтиғимдан тушиб.

Дарров оғайнимга қўнғироқ қилдим:
− Ўртоқ бошлиқ, ростдан йигитларингиз одамни хурсанд қилиш учун ҳам чақиришар экан, йўқотиб юрган паспортимни топиб беришди! Уларнинг борига шукур!

− Сиз бўлса улар ошга чақирармиди, деб юрибсиз, − деди оғайним. – Энди ўша йигитни сиз ошга таклиф қилинг!
− Таклиф қилдим, унамади, − дедим. – Ҳатто озгина атаб қўйган суюнчимни ҳам олмади.
− Ундай бўлса, шу йигит ҳақида газетангизда битта мақола ёзинг! – деди бошлиқ.

Ана, ёздим.

Тўра Мурод

Манба: Hilol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Жиноят-қидирув бўлимига бир келиб кетинг!"