Юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан кун чирой очаётгани, айниқса, кўчаларимиз қиёфаси гўзаллашиб бораётгани барчамизни бирдек хурсанд этади. Бундай кенг ва равон йўллардан автоуловларни елдириб борарканмиз, мусаффо осмон остида, обод юртда яшаётганимиздан дилда шукроналик ҳисси жўш уради.
Фақат жамият юзига тушган доғ каби кўринаётган бир жиҳат хусусида гапирмасликнинг сира иложи йўқ. У ҳам бўлса кўча ва жамоат жойларида тиланчилик қилаётган одамлар, хусусан, ёш бола, қиз-жувонларнинг сезиларли даражада кўзга ташланаётганидир. Ҳар куни кўчага чиққанимизда уларга дуч келаётган эканмиз, бунга панжа орасидан қараб бўлмайди. Светофорнинг «тўртинчи чироғи» дея истеҳзоли номланган бундай одамлар орасида ҳақиқатда шунга мажбур бўлган, иш тополмай, ноиложлик кўчасига кириб қолганлар озчиликни ташкил этади. Нега деганда, маълум бир нуқтани эгаллаган ёхуд аниқ бир йўналишда икки бекат у ёққа, уч бекат бу ёққа юриб тиланчилик қиладиган, «ҳасратли» сўзлари ҳайдовчи ва йўловчиларга ёд бўлиб кетганлар талайгина. Бу пойтахтимиз кўчаларида кўзга ташланади. Мисоллар истаганча топилади.
— Сирғали тумани Ўзгариш даҳасидан неча йилдан бери автобусда шаҳар марказидаги ишхонамга қатнайман, — дейди Д.Худойқулова. — Бир ёш йигитни биламан. Кунора автобусга чиқади. Қуруқ, ҳиссиз овозда «Отам ўлган, онам ташлаб кетган, иккита синглим бор…» деб бошлаган «таваллоси» ҳамманинг асабини бузади. Албатта, унга ачиниб, пул берувчилар топилади. Йўқса, у бу ишини йиллар давомида бажармасди. Яқинда шу йигит чиптачи билан даҳанаки уришиб кетса денг. Чиптачи яқиндан биларкан, шекилли, уни ёлғончиликда айблади ва чипта сотиб олишини талаб қилди. Бекатда тушиб қолган тиланчи зўравонга айланиб, автобусга, ҳозиргина унга раҳми келиб пул узатган одамларга қарата тош отди…
Таассуфки, бундан баттар ҳолатлар ҳам бор. Яна бир опага қўл чўзиб турган гадой аёлнинг сумкачасидан майда пулини излаб қолганига тоқат қилолмай: «Бўлақол-ей, вақтим зиқ», дегани ҳам ҳақиқат. Тўғри, баъзан тиланчилик қилишга мажбур бўлиб қолганлар ҳам бўлади. Лекин бугунги замонда излаган имкон топади-ку. Қолаверса, чорраҳада машиналар тўхтар-тўхтамас жонини хатарга қўйиб, чопа-чопа пул тераётган болалар эртага ким бўлиб етишади?!
— Пойтахтга келиб, чорраҳалардан бирида тўхташим билан ўн ёшлардаги бола югуриб келди, — дейди қаршилик бир ҳайдовчи. — Машинанинг давлат рақамига ҳам қараб олди. Қўлида мих бор ва агар пул бермасам юришим билан машинамга мих билан чизиб юборгудай. Тушиб қувиб юборайми ё майда-чақа бериб тинчгина кетайми — билмай қолдим. Пул берақолдим. Бошимни оғритиб юраманми, дедим…
Ҳамкасблар даврасида шу мавзудан гап очганимда навбатма-навбат кўрган-кечирганларини сўзлай кетишди. Бирига жуда пўрим кийинган ёши катта киши ўзини «профессор» деб таништириб, уйига кетишга пули тугаб қолгани, бошқасига сўнгги русумда кийинган қизлар учраб, метрога тушишга пули етмай қолганини айтиб ёрдам сўрагани, тағин кимгадир садақа бермаса туфлаш билан пўписа қилганлар рўбарў келгани, қизиғи, уларни бошқалар ҳам учратгани ўртага чиқди. Шунингдек, опичлаб олинган ёш гўдаклар нега кўпинча карахт ё ухлаётган бўлиши хусусида сўз борди. Баъзилар бола тинч туриши ва сулайган ҳолда одамларнинг раҳмини келтириши учун спиртли ичимлик ё шунга ўхшаш нарса ичиришдан ҳам тап тортмас экан…
— Гадойлар ҳақида гап кетса, Артур Конан Дойлнинг Шерлок Холмс иштирокидаги ҳикояларидан бири эсга тушади, — дейди ИИВ ЙҲХ ходими А.Юнусов. — Унда йўқолиб қолган ёзувчини топишда Холмсдан ёрдам сўралади. У эса тўғри кўчага чиқиб, бир тиланчини етаклаб киради. Юзи ювилиб, жанда кийими алмаштирилгач, қидирганлар ёзувчини танишади. Қисқаси, гадойлар ҳаёти ҳақида ёзиш учун уларнинг ичига кирган адиб бора-бора мўмай даромад топгани учун бу ишни касбга айлантирган бўлади. Демоқчиманки, тепага чиқишдан пастга тушиш осон бўлгани каби, ишёқмас, юз териси қаттиқ одамлар тиланчиликни касб қилиб олади.
Мана, сиз ё бошқа бир касб эгаси ўқиб-ўрганиб, интилиб, қийинчиликларни енгиб, камолотга етаяпсиз. Тиланишни эса тасаввур ҳам қилолмайсиз. Шунинг ўзи бу ишнинг қанчалик жирканч эканлигини англатмайдими?! Масаланинг яна бир томони эса, қўли очиқ халқмиз-да, учраган тиланчини қуруқ қўймаймиз. Бу билан эса танбаллар сони ортишига ҳисса қўшаётганимизни ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ҳолбуки, аксарият тўрт мучаси соғ тиланувчиларга изласа, албатта, лойиқ иш топилади. Уларнинг йўллар четида туриб олишини (агар белгиланган йўл ҳаракати қоидасини бузмаса) чеклаш эса бошқа масала…
Бу ишнинг янада ҳадисини олганлар бор экан. Мисол учун, ижтимоий тармоқларда турли усуллар билан ҳисоб-рақами ёки телефон рақамига пул ташлатиб олишни ҳам эплашаркан. Бир танишимнинг айтишича, шундайлардан бири саккиз йилдан бери «тоғдан тушолмайди», яъни довонда қолиб кетган, машинада касал онаси бор… Дуч келган телефон рақамига СМС ёзиб «пайнет» қилиб юборишини сўрайди. Ўтган вақт мобайнида сўраладиган сумма миқдори ҳам кўпайиб бораётганмиш. СМСни кўриб ёқа ушлайсан, киши. Илк бора «ростдан ҳам шундай бўлса-чи», деган хулосага келиш ҳам мумкин-да…
Мамлакатимизга турли ўлкалардан сайёҳлар, меҳмонлар келади. Юзага келаётган мазкур ҳолатлар эса уларнинг юртимиз ва юртдошларимиз ҳақида нотўғри хулоса чиқаришига сабаб бўлмайди, деб айтолмаймиз.
Дин нима дейди?
Бундай олиб қараганда хайр-эҳсон қилиш муқаддас ислом динимиз кўрсатмасига, қолаверса, миллий қадриятларимизга бориб тақалади. Шундай экан, шариатда уни амалга ошириш тартиби хусусида нима дейилган?!
— Ибодатнинг тури кўп — маънавий, жисмоний, молиявий ибодатлар бор, — дейди Юнусобод туманидаги «Мирза Юсуф» жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов. — Бинобарин, молиявий ибодатнинг маъноси шуки, инсон ўзига Аллоҳ таоло ато этган моддий неъматлардан У Зотнинг розилиги йўлида сарфлаши лозим. У тўғри бўлиши учун, энг аввало, маблағ ҳалол касбдан, ҳалол йўл билан топилган бўлиши шартдир. Бу асосий масала.
Кейинги муҳим масала маблағни ҳалол йўлга, шаръий мақсадларга сарфлашдир. Аммо Аллоҳнинг синови келиб, ўз меҳнати билан ўзини, аҳли оиласини таъминлай олмаган одам қандай йўл тутиши керак? Ислом эзгулик, яхшилик, меҳр-мурувват, хайру саховат динидир. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, биродарининг эҳтиёжини ўзиникидан устун кўриш динимизда энг юксак қадрланадиган, барчага ўрнак қилиб кўрсатиладиган фазилат ҳисобланади. Уламоларимиз айтадиларки, динимизда садақа ёки ёрдам сўраб келган одамни, яъни соилни жеркимасликка, уни имкон қадар қуруқ қайтармасликка буюрилган. Аммо соил ҳам соиллик қилишга ҳақли бўлиши лозим. Гап шундаки, мусулмон кишига тиланчилик қилиш мумкин эмас.
Фақатгина ногирон ёки бир кунлик таоми ҳам йўқ ёхуд катта қарзга ботган кишигина бировлардан нарса сўраб, эҳтиёжини қондириши мумкин. Тўрт мучаси соғлом, ҳеч бўлмаса ҳаммоллик билан ҳам тирикчилик қила оладиган кишига бировлардан нарса тиланиш жоиз эмас. Бойлик орттириш мақсадида тиланиш эса мутлақо мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ансорлардан бири соиллик қилиб келди. Унинг тўрт мучаси соғ эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга уйидаги бор нарсасини пуллаб, бу маблағга арқон ва болта харид қилиш ва ўтин териб келиб сотишни буюрдилар. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига амал қилиб, ҳеч қанча вақт ўтмай, тирикчилиги яхшиланганини айтиб, у зотга миннатдорлик билдирди.
Демак, садақа ва хайру эҳсонга кимлар ҳақли эканини билиб олиш керак. Бунинг учун Қуръони Карим оятлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини ўрганиш лозим. Умумий қоида шуки, Аллоҳ имкон берган одамлар жиддий, узрли сабаб билан ўз-ўзини таъминлай олмаётган, ҳақиқатан муҳтож бўлиб қолган инсонларга ёрдам қўлини чўзиши керак. Одатда бундай инсонлар иффатлари, уятлари кучли бўлганидан ўзларининг ҳожатманд эканини яширади. Асл ҳолни билмаган одам сиртдан уларни бой деб ўйлайди.
Нафақани, хайр-эҳсонни ана шундай тоифадаги инсонларга қилиш керак. Аммо улар андиша қилиб, ўз ҳолатларини яширса, хиралик қилиб, одамлардан тиланмаса, садақа бераман деб, бундай кишиларнинг ҳис-туйғуларини оёқости қилиб қўймаслик керак. Эҳсон Аллоҳ учун қилинаётган бўлса, имкон қадар махфий тарзда қилингани маъқул. Ихлос билан, Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб садақа қилаверинг, у ёғини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтиладики, Набий алайҳиссалом: «Ким ўзида етарли нарса бўлатуриб одамлардан тиланса, қиёмат куни юзи тирналган ҳолда келади», дедилар… Шу ва шу мазмундаги бошқа шаръий далиллар асосида етарли нарсаси бор одамга тиланчилик қилиш ҳаром, деган ҳукм чиқарилган.
Тиланчилик кўнгилни ғаш қиладиган нохуш ишдир. Шариатда яшаши ниҳоятда қийинлашиб, танг аҳволда қолгандагина, ўзини ҳалокатдан қутқариш учунгина тиланчилик килишга рухсат берилган. Лекин умр бўйи тиланчиликни касб қилиб олиш, ўзи соғ-саломат бўлса ҳам, ишламасдан, ҳалол меҳнат қилмасдан, балки меҳнатдан қочиб, бойлик тўплаш учун ёки умуман умрини тиланчилик орқали ўтказиш учун тиланчилик қилиш шариатга тўғри келмайдиган нарсадир.
Афсуски, ҳозирги кунда кўча, масжид, маҳалла ва бошқа жойларда ҳам тиланишни одат қилиб олган кимсалар кўпайиб бормоқда. Бундай жирканч ишни касб қилиб олганларга бирон нарса бермаган одам асло гуноҳкор бўлмайди, аксинча, садақанинг асл моҳиятини тўғри тушуниб олсак, уни фақат ҳақиқий муҳтожларга берсак, жамиятдаги тиланчилик иллати ҳам аста-секин йўқолиб боради. Бунга қарши курашиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
Абдулатиф Абдуллаев
Манба: tafsilot.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас