Мустақил молиявий эксперт Александр Давлетов Uz24 нашрига берган интервьюсида узоқ кутилган валюта сиёсати либерализацияси ҳақидаги қарорга изоҳ берди ва валюта бозори бундан кейин қандай ривожланиши ҳақида ҳикоя қилади, деб ёзмоқда «Дарё» нашри.
— 5 сентябрдан юридик шахслар жорий халқаро операциялар бўйича тўлов учун тижорат банкларидан чекловларсиз хорижий валютани харид қилиши мумкин. Жисмоний шахслар валютани эркин сотиш ва харид қилиши мумкин, бироқ нақд шаклда эмас, халқаро пластик картага ўтказиш йўли билан. Сизнинг фикрингизча, нега аҳоли учун тўлиқ бўлмаган конвертация механизми танланди?
— Биринчидан, кеча чиқарилган фармон тарихий фармон эканлигини таъкидламоқчиман. Янги даврда ҳаётимизнинг турли соҳаларига дахлдор кўплаб ислоҳотлар бошланди, бироқ айнан валюта соҳасини қайта шакллантириш аввал бошланганларидан олдинга ўтиб кетди ва у ўзининг мантиқий якунига яқинлашмоқда. Биз мамлакатда эркин бозорни шакллантириш учун биринчи қадамни қўйдик, бироқ бу қадам — кейинги ва узоқ ўзгаришлар учун энг муҳим қадам. Саволингизга қуйидагича жавоб бераман: жисмоний шахсларга чет эл валютасини халқаро пластик карточкаларга ўтказиш йўли билан сотишни жисмоний шахслар учун чекланган конвертация деб атамаслик керак. Бу шунчаки техник ҳолат. Аввал миқдорда ҳам, сотиш такрорийлигида ҳам чеклов бўлган, фойдаланиш учун ҳам турли мумкин ва мумкин бўлмаган чекловлар белгиланган даврда буни чекланган конвертация деб аташ мумкин эди. Бироқ ҳозир вазият бутунлай бошқача. Хорижий валютани харид қилиш миқдори ва кейинчалик ундан фойдаланиш бўйича ҳам ҳеч қандай чеклов белгиланмаган. Харид қилувчи фақат конверсион картани биринчи марта очаётган пайтда бироз вақт йўқотиши мумкин. Кейинги конверсион операциялар 10—15 дақиқадан ортиқ вақт олмайди. Бу, биринчидан, ислоҳотлар бошланишида спекулятив босимни истисно этади, иккинчидан, операциялар шаффофлигини таъминлайди. Бир мунча вақтдан сўнг, барча бозор ўйинчилари янги шартларга кўникиб, мувозанат шакллангандан сўнг жисмоний шахсларга валютани нақд шаклда сотиш бошланади. Бироқ фуқароларимиз конверсион карталарнинг янги шароитлардаги қулайлигини шахсий тажрибасида ҳис қилгандан сўнг, уларда харидни нақд ёки конверсион карта орқали амалга ошириш имконияти бўлганда, улар аксарият ҳолларда айнан конверсион карталарни танлайди деб ўйлайман.
— «Қора» бозорнинг тақдири бундан кейин қандай кечади? Доллар курсининг ўзгарувчанлиги пасаядими?
— «Қора» бозор йўқолмайди, бироқ тўлиқ яккаланади ва иқтисодиётнинг легал соҳаларига хизмат кўрсатишни тўхтатади. У ерда криминал ва яримкриминал қолади. Бироқ бу энди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг иши. Долларнинг курси дастлабки пайтларда ўзгариб туриши мумкин. Кейинчалик сўм курси техник эмас, макроиқтисодий омиллар, Марказий банк ва ҳукумат сиёсати билан белгиланади. Албатта, ташқи омиллар ҳам ўз ўрнига эга бўлади, бунга тайёр туришимиз керак. Инфантиллик дарҳол йўқолмайди.
— Баъзи экспертлар Марказий банк бир талай курслар амалиётини қўллашда давом этиб, миллий валютани босқичма-босқич девальвация қилишни давом эттиришини тахмин қилган эди. Нега Марказий банк кескин девальвация ҳақидаги қарорни қабул қилди? Бу борадаги фикрингиз.
— Бир ой аввал ҳукумат ва Марказий банк томонидан қандай эҳтиёткор ва ошиғич бўлмаган қадамлар ташланаётганини кузатиб, мен ҳам шу вариант томонида эдим. Экспертлар ҳамжамияти, жумладан мен томонимдан ҳам, кўплаб курсларнинг узоқ муддатли келажакдаги зарари ҳақида кўп ёзилди. Иқтисодиёт тарихида валюта курсларининг кўп сонли режими иқтисодиётнинг узоқ муддатли ўсишини таъминлаган бирор бир муваффақиятли ҳолат йўқ. Ўйлашимча, Марказий банк ва ҳукумат иқтисодий фаолликнинг умумий пасайишини қайд этгандан сўнг кескин девальвация ҳақидаги якуний қарорни қабул қилди. Ахир ёз фаслида бутун бизнес инвестиция киритишни тўхтатди ва тўлиқ кутиш режимига ўтди. Мавҳумликка чек қўйиш керак эди.
— Сўм расмий алмашув курсининг пасайиши импорт товарларининг қиймати ошиши ва инфляция суръатларига таъсир қиладими?
— Бу савол ҳозир энг кўп бериладиган савол. Алмашув курсининг пасайиши ҳар доим нархларнинг шаклланишига таъсир кўрсатади, бироқ бу товар бозори ва хизматлар бозори сегментига боғлиқ. Аввал субъектларида имтиёзли конвертация имкони бўлган товарлар ва хизматлар бозорларидаги нархлар кучли ўзгаришларга дучор бўлмайди. Бу асосан халқ истеъмоли товарлари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлардир. Уларда нархлар умуман олганда ошмайди, ушбу сегмент узоқ йиллар давомида бозор курсини кўзда тутиб ишлаган, у ерда рақобат муҳити шаклланган. Бундан ташқари, баъзи ижтимоий сегментлардаги давлат тартибга солиши ва дотацияларини ҳисобга олиш лозим. Бунинг учун истеъмол бозорида Нархларни барқарорлаштиришга кўмак бериш махсус жамғармаси ташкил этилган. Аҳоли мақбул нархлардаги дори-дармон воситалари ва ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат билан таъминланади. Бироқ монополия бор жойда нархлар ошади — бу энергия ташувчилар, ҳаво ва темирйўл транспорти. Бу соҳалар ҳар доим имтиёзли ресурслар, жумладан имтиёзли конвертациядан фойдаланиш имконига эга бўлган. Бунда нархларнинг шаклланиши шаффоф эмас. Монополиялар муаммоси конвертацияга қадар ҳам бўлган ва у ушбу соҳалар ислоҳ қилингунга қадар янги шароитда ҳам бўлади.
— Истеъмол товарлари импорти билан шуғулланувчи юридик шахс шакллантирмаган якка тадбиркорларга жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда чел эл валютасини банк ҳисоблари орқали харид қилишга рухсат берилган. Бу мазкур товарларни нақд ва картага харид қилиш ўртасидаги фарқнинг йўқолишини англатадими?
— Ҳа, айнан шундай. Энди якка тадбиркорларнинг ўзлари банкларда сўмни долларга конвертация қилиш учун маблағларни тезроқ банк ҳисобларида тўплашдан манфаатдор. Уларга энди нақд ёки нақдсиз маблағнинг фарқи йўқ. Инкасса қилинаётган маблағ якка тадбиркорнинг ҳисоботида кейинги банк кунида пайдо бўлишини инобатга олганда, у учун маблағлар шу заҳоти тушиши туфайли айнан пластик карточка орқали сотиш афзалроқ бўлади. Айтиш мумкинки, чакана савдодаги нақд ва нақдсиз воситалар ўртасидаги фарқ тарихда қолади.
— Фармонга мувофиқ, экспортчилар учун мулк шаклидан қатъий назар валюта тушумини мажбурий сотиш талаби бекор қилинмоқда. Бу сўм курсининг тушиши ички бозорда экспорт қилинадиган товарларга катта таъсир кўрсатмаслигини англатадими?
— Биринчидан, ички бозорда экспорт қилинадиган товарларнинг қиймати экспорт тушумини мажбурий сотиш ҳажмига боғлиқ эмас. Улар бошқа омиллар, биринчи навбатда, алмашув курси ва экспорт божлари ва чекловларга боғлиқ. Доллар курси сўмга нисбатан қанчалик юқори бўлса, экспорт қилувчи ўз товар ёки хизматларини четда сотишдан шунча кўп манфаатдор бўлади. Чунки унга ички бозорда сотгандан экспорт учун сотиш фойдалироқ. Шунинг учун дастлабки пайтларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, айниқса мева ва сабзавотларнинг нархлари ошиши мумкин. Бироқ айнан шу ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантиради. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ички бозорда экспорт товарлари нархларини тартибга солиш учун давлатнинг амалий дастаги — экспорт божлари ва вақтинчалик чекловлар механизми бор. Давлат вазият ва олдига қўйган вазифаларга қараб экспорт божларини камайтиради ёки оширади.
— Сир эмаски, баъзи ишлаб чиқариш лойиҳалари аввал бошдан имтиёзли конвертация олиш учун йўлга қўйилган, тадбиркорларнинг ундан оладиган фойда қисми ишлаб чиқаришнинг ўзидан анча катта эди. Бу лойиҳалар энди нима бўлади? Ташқи заёмлар олинган тиббиёт, таълим ва қурилиш лойиҳалари билан қандай йўл тутиш лозим? Уларга давлат кўмаги керакми?
— Имтиёзли конвертацияга таяниб яратилган ёки ишловчи заҳарли лойиҳалар ёки «текинхўр» ташкилотлар ёпилади. Бу бозор қонуни. Ижтимоий соҳалардаги ташқи заёмлар олинган лойиҳалар амалга оширилишда давом этади. Биринчидан, бу заёмлар узоқ муддат, 15—20 йилга имтиёзли давр билан олинган, энг асосийси, уларда давлат кафил. Шунчаки, ушбу заёмларга хизмат кўрсатиш қимматлашади ва бу давлат бюджетига тушади. Сўм курсининг тушиши шароитида бу қўшимча харажатлар девальвация эффекти билан (солиққа тортилувчи база кучли кенгаяди), яъни бюджетнинг солиқ ва божлар кўринишидаги қўшимча даромадлари билан қопланади.
— Сизнинг фикрингизча, валюта сиёсати либерализацияси очиб берадиган иқтисодий номутаносибликларни бартараф этиш учун қандай ислоҳотлар ўтказиш лозим?
— Бу ислоҳотлар дастури ва ёндашувга боғлиқ. Иқтисодий соҳада, биринчи галда, банк соҳасидаги ислоҳотлар муҳим. Шаффоф кредит бозорини яратиш, банкларини уларга хос бўлмаган функциялардан озод қилиш лозим. Солиқ ислоҳотлари ҳам жуда муҳим. Солиққа тортишни тубдан ўзгартириш лозим. Бунда барча қайта ўзгартиришларнинг асосий мақсади ва асоси мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлиши лозим. Бусиз барча ислоҳотлар бекор ва мазмунсиздир. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас