11:14 / 02.12.2017
9 005

Пўшт, арава... ёхуд бозорда арава тортиб юрган кишилар ҳаёти ҳақида

Пўшт, арава... ёхуд бозорда арава тортиб юрган кишилар ҳаёти ҳақида
Деярли барчамиз бозорларда арава судраб юрган кишилар кўмагидан фойдаланганмиз. Аравакаш хизматини чўнтагинг кўтармаса, юкингни ўзинг кўтарасан, деган ҳазиломуз гап ҳам бор. Нима бўлганда ҳам улар туфайли оғиримиз – енгил, узоғимиз – яқин. Бироқ, тан олиш керак, аравакашнинг кундалик иш тарзи, тирикчилиги қандай, уни қандай муаммолар қийнайди, деган саволлар ҳақида ўйлаб ўтирмаймиз. Очиғи, уларга бир оз қўпол муносабатда бўладиганлар, менсимайдиганлар ҳам йўқ эмас. Пойтахтимиздаги Қўйлиқ, Олой, Эски жўва (Чорсу) бозорларида бўлиб, у ерда меҳнат қилаётган аравакашлар билан суҳбат асносида юқоридаги саволларга жавоб топишга уриндик.

КАСБ ҲАМ, ҲУНАР ҲАМ ЭМАС

– Аравакашлик касб ҳам, ҳунар ҳам эмас, вақтинчалик иш бу, – дейди Қўйлиқ деҳқон бозорида меҳнат қилаётган Азизбек Шодиев. – Бу ишни ўрганиш учун бозор деган “мактабда” қисқа муддат ўқишнинг ўзи кифоя. Ҳаётнинг ўзи тажрибангизни ошириб қўяди. Кимдир рўзғор тебратиш, кимдир шунчаки яшаш учун бу иш билан шуғулланади. Орамизда “Бугун куним ўтса бас, эртага бир гап бўлар”, дейдиганлар ҳам бор. Аммо шу иш ортидан бола-чақасини боқиб, иморат тиклаётган, ҳалол меҳнат қилиб, маҳалла-кўй орасида обрў топган шерикларим ҳам жуда кўп. Меҳнатимизга яраша ҳақ тўлаб, раҳмат айтиб, дуо қилиб кетадиганлар ҳам, бизга паст назар билан қаровчилар ҳам бор. Яқинда такси ҳайдовчиси билан суҳбатлашиб кетаётгандик. Гап орасида нима иш билан шуғулланишимни сўраб қолди. Арава тортишимни эшитди-ю, суҳбат тўхтади. Мана, одамларнинг муносабати. Бундайлар билан гап талашиб, жанжаллашиб ўтирмайман. Бу қўрқоқликдан эмас, андиша қиламан. Меҳнатим ҳалол эканини биламан. Муҳими – шу!

ГУНОҲИМНИНГ ЖАЗОСИНИ ТОРТЯПМАН...
– 52 ёшга етганимда жуда катта хатога йўл қўйдим, – дейди исмини айтишни истамаган фарғоналик аравакаш киши. – Пойтахтга ишлагани келиб, ёшроқ бир жувон билан танишдим. Қишлоқдаги аёлим, болаларимни эсдан чиқардим. Охир-оқибат кўз очиб кўрган хотиним билан қонуний ажрашиб, шаҳарлик ўша аёлга уйландим. Топган-тутганимни йиғиб, етмаганига қарз кўтариб, бир хонали уй сотиб олдим. Тошкент шаҳрида доимий яшаш учун рўйхатим бўлмагани боис уйни янги хотинимнинг номига расмийлаштирдик. Мана, икки йилдирки, кўчада сарсон-саргардон уйсиз, оиласиз юрибман. Иккинчи хотинимнинг қариндош-уруғлари уйни сотиб, пулини зарур эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишди. Мен эса бурнимни тишлаб қолавердим.

– Ёшим 60 да, Сурхондарё вилоятидан келганман, – дейди Муҳаммадсоли Усмонов. – Уч фарзандим, беш нафар неварам бор. Тўғрисини айтсам, шу ёшда неварам тенги йигитлар билан арава тортиб юрганимдан афсусланаман. Лекин яшаш учун ҳаракат қилиш керак. Айрим мижозлар ёшимни ҳурмат қилиб, хизматимдан фойдаланишса, баъзилар бу одам ишга ярамайди, деб воз кечишади. Оғир юк тортиш зарур бўлиб қолса, ёшлардан илтимос қиламан, ёрдам беришади. Уйга 3-4 ойда бораман. Кенжато­йимни уйлантиришим керак. Қўйлиқ бозорида нарх-наволар ҳам, аравакаш хизмати ҳам бошқа бозорларга қараганда анча арзон. Масалан, мижоз билан 1-2 соат айланиб юришимиз учун 10 минг сўм ҳақ оламиз. Бир кунлик патта пулимиз 18.700 сўм. Еб-ичиш, ижара ҳақидан ташқари, кунига 30-40 минг сўм касса қиламиз. Ҳар ой уйга 1 миллион сўм жўнатиб тураман. Жон деб қишлоғимда ишлардим, бироқ бунақа пул берадиган валломат йўқ.

10 МИЛЛИОН СЎМ БИЛАН УЙГА ҚАЙТИШДИ
– Омборимизда 144 та арава бор, – дейди Қўйлиқ деҳқон бозори хизмат кўрсатиш бўлимининг арава хизмати назоратчиси Баҳром Оқилхўжаев. – Булар асосан хўжаликларга хизмат қиладиган арава турига киради. Бизга мурожаат қилган ишчилар туман бандлик бўлимидан ишлашга рухсатнома олиб келишади. Ишчиларнинг қандайлигини 2-3 кунда билиб оламан. Кайфу-сафога берилган бўлса, дарров сезилиб қолади. Бундайлар билан ишлашда ҳушёр бўламиз. Илгари асосан вилоятлардан келиб ишларди. Ҳозир Тошкент вилоятида яшовчи элликка яқин эркак шу ерда тирикчилик қиляпти. Ҳатто корейс миллатига мансуб ишчилар ҳам бор. Айрим йигитлар кунлик топган пулларини менга бериб қўйишади. Йиғиб, уйга кетаётганларида қўлларига топшираман. Мана, яқинда сурхондарёлик ака-укалар уч ойда 10 миллион сўм ишлаб кетишди.

ОЛТИ ОЙ ПУЛ ЮБОРМАГАН
– Бизнинг бозоримизда 20 та арава бор, – дейди Олой деҳқон бозори арава хизмати назоратчиси Абдувоҳид Раҳматқулов. – Бу ерга ишга келганимда аравакашларнинг кийинишлари, ўзларини тутишларини кўриб, хурсанд бўлганман. Ишчиларнинг аксарияти вилоятдан. “Патта пули 12-15 минг сўм атрофида бўлса, яхшийди”, дейишади. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 20 апрелдаги “Тошкент шаҳридаги бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг янги миқдорларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан бир кунлик нарх белгиланган. Гоҳида фарзанди коллежда ўқиётган ота-оналар: “Янги йил яқинлашяпти, уч-тўрт сўм ишлаб олсин”, деб илтимос қилишади. Лекин вояга етмаган болаларнинг ишлашига рози бўлмайман. Ўқувчими, ўқишига борсин. Дарсини қилсин. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, аравакашлар орасида масъулиятни ҳис қилмайдиган, бола-чақа, оиласини унутиб, ўзи учун яшайдиганлари ҳам бор. Ўтган йили бир ишчининг хотини жанжал қилиб келди. Олти ойдан буён уйига пул юбормас, хабар ҳам олмас экан. Ички ишлар ходимлари билан бирга тушунтириш ишларини олиб борганимиздан сўнг дарров ўзини йиғиштириб олди.

ИШИМДАН УЯЛАМАН
– Мен Сурхондарё вилоятиданман, – дейди Эрали Ибрагимов. – Ёшим 20 да. Пойтахтга олий ўқув юртига кириш ниятида келганман. Омадим чопмай турибди. Уйдагиларга оғирлигим тушмасин, деб арава тортаяпман. Ишдан кейин спорт залига бориб, таэквандо билан шуғулланаман. Бир ойда 1 миллион сўм топаман. Эрталаб 7.00 дан иш бошлайман. Кунига 3 маҳал овқат учун 18 минг, паттага 18.700, уйнинг бир ойлик ижарасига 250 минг сўм сарфлайман. Харажатлардан орттириб, уйга пул юбораман. Бутун умр арава тортиб яшаш ниятим йўқ. Тўғри, ҳалол иш, шунинг орқасидан нон топаяпман, аммо бу ишдан уяламан. Баъзида танишларимни бозорда кўриб қолсам, беркиниб оламан.

– Балансимизда 140 та арава бўлиб, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардан келган 18 ёшдан катта бўлган фуқароларни бир марталик иш билан таъминлаймиз, – дейди “Эски жўва” (Чорсу) деҳқон бозори арава хизмати мутахассиси Тойир Шарипов. – Бизга ишга келган йигитларнинг номига “Шахсий тиббиёт китобчаси” очилган бўлиши ҳамда туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ишлашга рухсатнома берилиши шарт. Бозорнинг умумий майдони 19 гектарни ташкил қилади. Аравакашлар асосан гўшт, сут, нон бозорида ишлайди. Аравалар рақамланган ва ҳар бири маҳсулот турига қараб хизмат кўрсатади. Агар мижоз ишчини йўқотиб қўйса, рақам орқали топиб берамиз. Ишчилар “Арава хизмати” нимчаси билан таъминланган. Эрталаб соат 6.00 да иш бошлашади. Уларнинг аксарияти 20-25 ёшли йигитлар. Асосан Қашқадарё вилоятидан келган. Ота-онасининг бағридан узоқда яшашади. Уларнинг соч-соқолини олиб, озода кийинишини ҳам назорат қиламиз. Шунингдек, ҳар хил диний оқимларга қўшилиб кетмасин, кайф-сафога берилмасин, деган мақсадда маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиб турамиз.

ФАРЗАНДЛАР УЧУН ИШЛАЙМИЗ
– Болаларимни соғинсам, таксига ўтираману, уйга шошаман, – дейди тўрт фарзанднинг отаси қашқадарёлик Пиримқул Бобоназаров. – Юборган пулларимни хотиним беҳуда сарфламай, жой-жойига ишлатади. Ўртамизда ишонч бор. Бу томондан хотиржамман. Топган пулини фақат кайф-сафога ишлатиб юрадиган, бола-чақасини унутган оталар ҳам бор. Аммо икки-учта фарзандини шу иш орқали олий ўқув юртида шартнома асосида ўқитаётган танишларим ҳам кўп. Одам бугунги кунини эмас, келажакни ўйлаб яшаши, ҳаракат қилиши зарур. Болаларим, оилам даврасида яшагим келади. Аммо бугун ҳаракат қилишим, болаларим учун шароит яратишим шартлигини ҳис этаман. Улар ҳам мен каби арава судраб яшашларини истамайман.

- Баъзида ишлашдан, атрофдаги муаммолардан, одамларнинг муносабатидан чарчайди одам, – дейди қашқадарёлик 25 ёшли Тўлқин Расулов, – Шундай пайтда баъзи бир ёшлар аламини ичкиликдан олади. Мен эса ота-онамга қўнғироқ қилиб, уларнинг овозини эшитсам, ҳовурим босилади. Онам: “Болам озгина сабр қил, бу қийинчиликлар вақтинчалик, ўтиб кетади. Шароит шуни тақозо қилиб қолди”, дея овутади. Акамнинг топганини янги уй қуришга, меникини эса рўзғорга сарфлашади. Ўз уйим, яқинларим бағрида бўлмасам-да ўз ватанимда яшаётганим мени қувонтиради.

Мен суҳбатда бўлган ишчилар турли вилоятлардан келган. Улар орасида эгни юпун, оёғига енгил шиппак кийиб олганлари ҳам бор. Мижозлар билан чиройли муомала қилаётган, озода кийиниб, ҳушёр, руҳи тетик ҳолда ишлаётган йигитларни ҳам кўрдим. Демак, бугун ва эртага қандай яшаш инсоннинг ўзига боғлиқ. Боболаримиз айтганидек, касб-ҳунарнинг яхши-ёмони бўлмайди. Муҳими, унинг ортидан келадиган даромад ҳалол бўлсин.
Нигора Раҳмонова

Манба: Dia.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пўшт, арава... ёхуд бозорда арава тортиб юрган кишилар ҳаёти ҳақида