date

Бухорода ҳоким ёрдамчиси пора олаётганда ушланди

Бухорода ҳоким ёрдамчиси пора олаётганда ушланди

Бухоро вилоятида жиноятчиликка қарши кураш доирасида яна бир ҳолат фош этилди. Пешку туманида истиқомат қилаётган тадбиркор маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчисининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида жорий йилнинг 10 сентябрь куни мутасадди идораларга расмий ариза билан мурожаат қилди.

Ариза мазмунига кўра, ҳоким ёрдамчиси ўз хизмат ваколатидан суиистеъмол қилган ҳолда тадбиркорга ёрдам бериш баҳонасида пора талаб қилган. У ҳокимият захирасидаги 7 сотих ер майдонини “К-савдо” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиб, онлайн аукцион савдолари орқали расмийлаштириб олиб бериш эвазига фуқародан 6 минг АҚШ доллари талаб қилгани маълум қилинди.

Мазкур хабар асосида Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ташкил этилди. Унга кўра, ҳоким ёрдамчиси талаб қилинган 6000 АҚШ доллари миқдоридаги пора маблағини учинчи шахс орқали олган вақтда ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланди.

Терговга қадар дастлабки суриштирув натижалари шуни кўрсатдики, ҳоким ёрдамчисининг ноқонуний ҳаракатлари тадбиркорнинг ишончини суиистеъмол қилиш орқали амалга оширилган. Бу эса унинг мансаб ваколатидан фойдаланиб шахсий манфаатини кўзлаганини яққол кўрсатади.

Ҳозирда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди — яъни мансабдор шахс томонидан пора олиш айби билан жиноят иши қўзғатилган. Суд томонидан айбланувчига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бухорода ҳоким ёрдамчиси пора олаётганда ушланди