Тошкент вилоятида олиб борилган текширув ишлари натижасида йирик савдо дўконларида автомобиллар учун мўлжалланган сифатсиз шиналар сотилаётгани маълум бўлди. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан ўтказилган махсус рейдлар чоғида Хитойда ишлаб чиқарилган “Миннелл радиал” бренди остидаги маҳсулотлар стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.
Назорат хариди жараёнида аниқланган бу ҳолат аҳоли учун жиддий хавф туғдириши мумкинлиги қайд этилди. Чунки автомобил шинаси транспорт воситалари хавфсизлигида энг асосий қисмлардан бири ҳисобланади. Агар унинг сифати талаб даражасида бўлмаса, йўл ҳаракати жараёнида турли нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.
Мутахассислар таъкидлашича, шиналар транспорт воситаларига ўрнатилганда уларнинг ён томонлари ва ён деворлари мутлақо деформациясиз бўлиши шарт. Агар бу талабга риоя қилинмаса, қатор салбий ҳолатлар юзага келиши мумкин. Жумладан, шинанинг герметиклиги бузилиши, ҳаво оқиб чиқиши ёки босимнинг кескин йўқолиши кузатилади. Бу эса йўл ҳаракати хавфсизлиги учун катта таҳдид туғдиради.
Шу билан бирга, инспекция ахборотида қайд этилишича, бундай сифатсиз шиналар нафақат транспорт воситасига зарар етказиши, балки ҳайдовчи ва йўловчилар ҳаётига ҳам хавф туғдириши мумкин. Чунки йўлда юқори тезликда ҳаракатланиш пайтида шинадаги кичгина нуқсон ҳам йирик ҳалокатга сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!