date

Энди Green Card лотереясида иштирок пулли бўлади

Энди Green Card лотереясида иштирок пулли бўлади

АҚШ Давлат департаменти 2025 йил 16 сентябрдан эътиборан Диверсификация визаси (DV Lottery) ёки машҳур “Green Card лотереяси”да иштирок этишни хоҳлайдиган барча шахслардан $1 электрон рўйхатдан ўтиш тўлови талаб қилинишини эълон қилди. Бу биринчи марта лотереяда қатнашувчи барча номзодлардан йиллик ҳақ олиниши ҳисобланади.

Маълум қилишларича, бу ўзгаришнинг асосий мақсади – DV лотереяни бошқариш харажатларини фақат танланган кам сонли аризачилар эмас, балки барча иштирокчилар ўртасида баробар ва адолатли тақсимлашдир. Янги сиёсат 2027 йил DV лотереяси рўйхатга олиш жараёни олдидан расман кучга киради.

Янги тўлов ҳақидаги асосий маълумотлар шундай:

$1 рўйхатдан ўтиш тўлови: Барча иштирокчилар АҚШ ҳукумати расмий сайти орқали электрон ариза топшириш пайтида 1 доллар тўлайди. Тўлов махсус ҳукумат портали орқали амалга оширилади.

Ариза тўлови ўзгармайди: Танланган аризачилар учун DV ариза тўлови $330 миқдорида қолади. Бироқ аввалги тўлов ичида қопланган айрим маъмурий харажатлар энди рўйхатдан ўтиш тўлови орқали қопланади.

Қайтарилмайдиган тўлов: Рўйхатдан ўтиш тўлови натижа қандай бўлишидан қатъи назар қайтарилмайди ва уни кейинги йилларга кўчириш мумкин эмас.

DV лотереяси ҳар йили тарихан АҚШга кам миграция қилинган мамлакатлардан 55 000 тагача виза бериб келади. Охирги йилларда аризалар сони ўн миллионлаб бўлиб, бу ҳукумат учун катта маъмурий харажатларни юзага келтирган.

DOS маълумотларига кўра, янги тузилма орқали йилига тахминан 25 миллион иштирокчи орқали дастур харажатлари қопланиши мумкин. Бу ўзгариш DV лотереяси иш жараёнларига йилига тахминан 25 миллион доллар қўшимча маблағ келтириш имконини беради. Бу маблағ система янгиланиши, маълумотлар тўплаш ва хавфсизлик текширувларига сарфланади.

Шунингдек, $1 тўлов кўплаб сохта аризалар юборувчи фирибгарларни камайтиришга ёрдам беради. Бу ўзгариш АҚШ миграция хизматлари томонидан амалга оширилаётган умумий тўловлар ортиш тенденциясининг бир қисми ҳисобланади. Харажатларнинг катта қисми эндиликда аризачилар зиммасига юкланмоқда.

DOS кутганидек, янги тўлов сабаб иштирокчилар сони бироз камайиши мумкин, бу эса иштирокчиларнинг имкониятларини янада яхшилайди. Янги қоидалар дастур хавфсизлигини ошириш, самарадорликни кучайтириш ва қайта ишлаш муддатларини қисқартиришга йўналтирилган.

Миллионлаб инсонлар учун бу сиёсат янги молиявий тўсиқ ҳисобланади. Айрим мамлакатларда электрон тўлов тизимларига кириш имконияти чекланган ёки валюта айирбошлаш харажатлари сабаб иштирок этишда қийинчиликлар юзага келиши мумкин. Дастурнинг асосий мақсади – миграцияда турлиликни таъминлаш, шу боис ҳатто кичик тўлов ҳам кам ривожланган минтақалардан иштирок этиш имкониятини чеклаши мумкин.

Ҳар ҳолда янги $1 тўлов кичик бўлса-да, муҳим ўзгариш саналади. У дастур самарадорлигини ошириши ва сохта аризаларни камайтириши мумкин, бироқ кам ресурсга эга мамлакатлардан иштирок этишда кичик молиявий тўсиқни ҳам яратади. АҚШ миграция сиёсати барқарор ўзгариб бораётгани сабаб, шундай янги қоидаларни кузатиб бориш ва улардан ҳушёрлик билан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Энди Green Card лотереясида иштирок пулли бўлади