10:34 / 25.01.2018
7 162

Тирикчилик қилаётган аёллар...

Тирикчилик қилаётган аёллар...
Ўз ҳаётини таъминлаш учун меҳнат фаолиятининг янги-янги усуллари, йўлларини излаш — одамзодга хос хусусият. Шу маънода ўз мамлакатидан четга чиқиб ишлаш жараёни дунё аҳли учун янгилик эмас. Аммо бугун хорижда эмас, турли вилоятлардан келиб пойтахтимизда ишлаётган ҳамюртларимиз, хусусан, аёллар ҳақида фикр юритмоқчимиз. Хонадонларда, қаҳвахона ҳамда ошхоналарда ёлланма ишчи сифатида меҳнат қилаётган аёллар қандай шароитларда ишлайди, яшайди, уларнинг ҳақ-хуқуқлари ҳимояланганми?

Шу каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида бир гуруҳ аёллар билан суҳбатлашдик. Яшнобод туманидаги бандликка кўмаклашувчи марказ — “Вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюроси” мутасаддиларининг фикрларига қизиқдик.

“Чиққан қиз — чиғириқдан ташқари…”
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридан келганман. Уч фарзандим бор. 2012 йилдан бери пойтахтда тирикчилик қиламан.

Собиқ турмуш ўртоғим ҳеч қаерда ишламасди. Болаларимиз ёш пайти ота-онам ёрдам бериб туришди. Турмуш ўртоғимга: “Қўл билан берганга қуш тўймас. Сиз ҳам иш топиб, рўзғорни тебратинг, болалар қийналяпти” деб, бир неча марта айтдим. Натижаси бўлмади. Болаларим бетоб бўлса, дори-дармон, ёзга енгил, қишга иссиқ кийим-бош дегандек, фарзандларни улғайтириш, рўзғор тебратишнинг ўзи бўлмайди-ку, ахир…

Ўзим еттинчи синф маълумоти билан қолиб кетганман. Катта опам автоҳалокатга учраб, оёғи сингач, кўпроқ вақтим уни парваришлашга кетиб, дарсларга боролмаганман. Ҳозир қаерга борсам, билимсизлигим панд беради. Вақтида ўқиб ё бирор ҳунармандга шогирд тушганимда эди, тайинли касбим бўларди. Бирор идора эшигига дадил иш сўраб бора олардим. Бундай имкониятим бўлмагач, ўзимни ўтга-чўққа уриб, оила боқишнинг йўлларини ахтардим. Аҳволимга жони ачиган дадам: “Бундай боқиманда эр билан яшагандан кўра, ёлғиз ўтганинг яхши. Ўзинг учун ҳаракат қилмасанг бўлмайди”, — деди. Эрим билан қонуний ажрашгач, ота уйимга кўчиб ўтдим. У ерда икки келин бор. Улар қовоқ уйишмаса ҳам, “Чиққан қиз — чиғириқдан ташқари”, дейишади, қолаверса, уларнинг олдида ишламай ўтириш ўзимга ноқулай бўлди. Болаларимни ота-онамнинг қарамоғида қолдириб, пойтахтга ишлагани келдим. Бу ерда ўзимга ўхшаган аёллар билан танишдим. Эрталаб соат олти-еттидан бекатга чиқиб турамиз. Юнусобод, “Чорсу” тарафларда мижозларим бор. Уларнинг уйларини тозалайман, кирларини юваман. Иш берувчилар орасида меҳнатимга яраша ҳақ берадиган инсофлилари ҳам, инсофсизлари ҳам бор. Айримлари ишимиздан айб топиб, битта хизматни қайта-қайта бажаришга мажбур қилишади. Бир кун иш бўлса, уч кун ишсиз ўтирамиз. Топган пулимнинг бир қисмини ижара уйнинг тўловига берсам, қолганини тушлик ҳамда кечки овқатга ишлатаман.

Яқинда оиласидан ажрашган андижонлик бир эркак билан танишиб, қонуний оила қурдик. Аммо яшаш учун уй-жойимиз йўқ. Баъзан зарар кўрсам-да, индамай кетавераман. Ҳеч кимдан ҳақ-ҳуқуқимни талаб қилолмайман. Бу менга жуда алам қилади…

Икки-учта тилни биладиган, тадбиркор аёлларга ҳавасим келади. Мен ҳам ўқишим, ҳеч бўлмаганда, бирор ҳунар эгаллашим керак экан. Буни жуда кеч англадим. Илгари бунга эҳтиёж бўлмагани учун ўқиш шарт эмас, деб ҳисоблаганман. Шундай аҳволга тушиб қолишимга маълум маънода ота-онам ҳам айбдор, деб ўйлайман. Қиз бола, турмушга чиқса, эри боқиб олади, деб тақдиримга эътиборсиз бўлишган. Қиз боланинг билимли бўлиши, айниқса, оилали бўлгач жуда асқотар экан.

Қишлоққа борганимда, болаларимнинг кундалик дафтарларини кўздан кечираман, яхши ўқишлари кераклигини тайинлайман. Ўз ҳаётимнинг фарзандларимда ҳам такрорланишини мутлақо истамайман.
Розия ТИЛАНОВА, 35 ёш.


Тўй харажатлари учун пул йиғсам, кетаман
— Мен бу ерга яқинда келдим, — дейди Қўқонлик Зилола опа. — Ёшим 55 да. Қизларимни узатганман. Кенжа қизимнинг ўғлига суннат тўйи қилиш ниятида юрибмиз. Ҳозир тўй қилиш осон эмас, харажатлар жуда кўп. Мамлакатимиз миқёсида олиб борилаётган тўйларни ихчамлаштиришга оид тарғибот-ташвиқот туфайли битта нокерак маросимга чек қўйилса, янгиси пайдо бўляпти.

Биз томонларда суннат тўйида қизнинг ота-онаси куёвникига буқа олиб бориши шарт. Тўйбоп буқаларнинг нархи 4,5-5 миллион атрофида. Кошки буқани шундай олиб борсангиз. Унинг ёнида карнай-сурнай, яна денг, шохига беш килограмм новвот ёки шоколад осиб қўйиш урф бўлган. Агар шу удумлардан бирортасини қилолмасангиз, қизингиз маломатга, таънаю дашномларга қолади… Шу тўй харажатларига етарли маблағни йиғиб олсам, уйга қайтиб кетаман.

Ўтган ҳафта бир хонадонда икки кун ишладим. Уч хонали уйини тозалаб, тартибга келтириб бердим. Хонадон соҳибаси хизматим учун 150 минг сўм беришни ваъда қилди. Лекин иш тугагач, қўлимга эллик минг сўм тутқазиб, қолганини икки-уч кунда бераман, деб жўнатиб юборди. Бир ҳафтадан буён унга қўнғироқ қиламан, эшигини тақиллатиб бораман, яна баҳонаси тайёр. Хуллас, ишлаган ҳақимнинг қолганини бериш нияти йўқ. Агар қонуний фаолият юритаётган бирор ташкилот орқали ишга ёлланганимда, ўз ҳақимни талаб қилган бўлардим. Ҳолбуки, бундай ташкилотларга ўзимиз чап берамиз. Боиси, қонуний йўл билан иш қилиш, ўрганмаганим учунми, бир оз қийин туюлаверади.

Муросаи мадора қиламиз

— Ўн тўрт яшар ўғлимни “Пахтакор” футбол академиясига жойлаштириш учун келгандим, — дейди сурхондарёлик Дилфуза исмли аёл. — Уни ижара уйга жойлаштирдим. Ҳозир ўғлим синов муддатида. Унинг кундалик йўл кираси, ош-овқати учун маблағ топиш илинжида ишлаяпман.

Бир одам уйини таъмирдан чиқарган экан. Тозалаш учун келишиб, олиб кетди. У ерга борсам, ғишт, оғир-оғир темир бўлакларини ертўлага ташишга мажбур қилди. Катта-катта ўғиллари бор экан. “Оғир нарсаларни ташишга фарзандларингиз ҳам ёрдамлашсин”, десам, “Сизга шу ишингиз учун пул тўлайман”,— деди. Ноилож ишлайвердим.

Ҳар хил одамларга дуч келамиз. Болаларини бизга ёрдам беришга ундайдиган, меҳнатга ўргатадиган ота-оналар ҳам кўп. Ўзлари аёл бўла туриб, бизга паст назар билан қарайдиганлари ҳам йўқ эмас. На чора, бирини “опа”, бирини “ака” деб, муросаи мадора қилаверамиз-да.

Турли вазиятлар бўлиши табиий
Етти йилдан буён шу ерда тирикчилик қиламан. Битта қизим бор. Уни қайнанамнинг қарамоғида қолдирганман.

Ён дафтаримга иш берувчи мижозларимнинг телефон рақамлари ҳамда яшаш манзилларини ёзиб бораман. Қаерга ишга борсам, иш ҳақимни келишишдан аввал, иш берувчининг шахсини суриштираман.

Ўтган йили мактаб-интернат ошхонасига идиш ювиш учун олиб кетишди. Идиш ювиш воситасини сўрасам, кир ювадиган восита беришди. Кечга бориб қўлларимга тошмалар тошиб кетди, иситмам кўтарилди. Хўжайиним шифохонага олиб борганди, даволанишга ётқизишди. Даволаниш харажатларимни иш берувчига тўлаттирдим.

Баъзи одамлар иш битгач, пул беришга келганда, ишимиздан айб қидириб, келишилган пулни бермайди ёки пулсиз ҳайдамоқчи бўлишади. Бундай вазиятларда ички ишлар ходимларига мурожаат қиламан, улар вазиятга аралашгач, ҳақимни ундириб беришади.
Гулзода ШОДМОНОВА, Самарқанд вилояти.


Ҳуқуқи кафолатланган ёлланма ишчи ким?
Вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюроси 2010 йилда ишга тушган. Ушбу бюро шаҳар бўйича 8та ҳудудида жойлашган, Бектемир, Миробод, Яккасарой туманлари ҳам Яшнобод туманига бириктирилган. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2012 йил 31 январдаги “Вақтинчалик ишлар билан шуғулланувчи фуқароларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги 51-сонли қарорига асосан, бизга мурожаат қилган фуқароларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказамиз. Мурожаат қилган ишчи паспортининг асли ҳамда нусхаси, 4 дона сурат билан келади. Уларни рўйхатга олиб, сўровнома тўлдирамиз. Ички ишлар ходимлари бармоқ изларини олади. Сўнг вақтинчалик бир марталик ишларни ташкил этиш маркази рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида бир ой муддатга маълумотнома ёзиб берамиз. Барча хизматлар бепул амалга оширилади. Бундан ташқари, 6 ой муддатга ҳам гувоҳнома берилади. Бу гувоҳномани олиш учун фуқаро Тошкент шаҳрида вақтинчалик яшаш учун рўйхатдан ўтган бўлиши керак.

Гоҳида ёлланма ишчилар арзимаган суммани тўлашдан оғриниб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлишади.

Туманимиз бўйича 2017 йилнинг 9 ойи мобайнида 7922 нафар фуқаро рўйхатдан ўтган. Шулардан 745 нафари аёллардир.

Ишчилар эрталаб соат 6:00 дан бюрога келиб туришади. Аёллар Қўйлиқ бозори атрофида ҳамда кўприк тагида йиғилишади. Иш берувчи уларга иш таклиф қилади, хизмат ҳақини келишишади.

Ишчиларнинг айримлари иш ҳақини ололмаганидан шикоят қилишади. Ёлланма ишчи ҳақ бўлса, биз уларнинг манфаатларини ҳимоя қиламиз. Ёлланма ишчининг ҳаёти билан боғлиқ жиноят содир этилса, профилактика инспекторлари, маҳалла оқсоқоллари аралашиб, бартараф қилишади.
Саидраҳим НУРМАТОВ,
Яшнобод тумани бандликка
кўмаклашувчи марказ бош инспектори.


Норасмий бандликнинг салбий томонлари кўп
Вақтинчалик — бир марталик иш билан шуғулланаётган аёллар ижтимоий ҳимояланмаган меҳнат фаолияти билан банд бўлади. Меҳнат жараёнида улар шикастлансалар, ҳеч ким унинг тўловини тўлаб бермайди. Норасмий бандликнинг салбий томонларидан яна бири иш берувчи ёлланма ишчини истаганча меҳнат қилдириши мумкин. Унинг ишлаш, дам олиш, тушлик қилиш вақти иш берувчи томонидан белгиланади. Давлат корхонасида ишлайдиган ишчи билан эса меҳнат шартномаси тузилади. Унда ходим ва иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган бўлади. Агар ходимнинг ҳуқуқлари поймол бўлса, жавобгарлик масаласи юзага келади.
Шаҳноза ҒАФФОРОВА,
Республика “Оила” илмий-амалий
марказининг оила ва ҳуқуқ бўлими илмий ходими.


Юртимизда оилалар, айниқса, аёлларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Мамлакатимизда амал қилинаётган юздан ортиқ норматив ҳуқуқий ҳужжатлар аёлларнинг меҳнат қилиш, яшаш тарзини яхшилашга хизмат қилади. Аёлларга иш ўринлари яратиш, уларнинг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уй бекаларини касаначилик асосида иш билан таъминлаш мавзуси бежиз қайта-қайта тилга олинмаяпти. Чунки аёл энг аввало келгуси авлод тарбиячиси ҳамдир.

Тирикчиликнинг айби йўқ, дейишади. Чиндан ҳам, фарзандларига яхши келажак яратиб бериш учун оғир меҳнатга ҳам кўнаётган аёлларимиз борлиги — ҳақиқат. Норасмий ва ҳуқуқлари ҳимояланмаган ҳолда ишлаётган аёлларимиз соҳа мутасаддиларининг юқоридаги маслаҳатларига амал қиладилар, деган умиддамиз. Шундагина улар ўз саломатликларини, ҳақ-ҳуқуқларини хавфдан асраган бўладилар.
Нигора РАҲМОНОВА.

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тирикчилик қилаётган аёллар...