(Воқеий ҳикоя)
Эсимни танибманки, уйимиздан катта-кичик мол аримаган. Отам (Норсафар Маҳмадалиев) узоқ йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган бўлсалар-да, бирор катта харажати бўлса мол боқардилар. Бизга ҳовли, уйларни ҳам, ўқиш пули, тўйларимизни ҳам шу ҳалол меҳнатлари эвазидан қилиб беришган. Ҳаж сафарларига ҳам нафақаларини йиғиб, олти-етти йил давомида мол боқишиб, ҳалол пуллари эвазига бориб келишди. 45 йил банк бош ҳисобчиси, банк раҳбари лавозимларида ишлаган одам истаса ҳаммаси бошқача бўлиши ҳам мумкин эди, аммо бундай йўл тутмаганлар. Юрсалар, турсалар биз, фарзандларининг келажагига соя солмасликка ҳаракат қилганлар. Фарзандларимнинг одамлар олдида мен сабаб юзи шувут бўлмасин, деганлар.
Мамлакат эндигина мустақил бўлган, оғир дамлар эди. Бозорга чиқдик. Танлаб- танлаб отамга жуда кўркам бир сигир ёқди. Бичими худди отникидек келишган сигир экан. Сотиб олиб уйга қайтдик. Отам невараларининг оғзига оқ тегишидан хурсанд. Аммо ёмоннинг бир қилиғи ортиқ деганларидек, сигиримизнинг ҳам қилиғи чиқиб қолди. Сигир ўзини ўзи эмиб қўяр экан. Эгаси ҳам номардлик қилиб, молининг айбини айтмапти. Сотиб олаётганимизда эътибор бермаган эканмиз, сигирнинг бурнининг ичи яра эди. Аввалги эгалари ҳам сигирнинг елинига ҳатто таёқчалар қўйиб ҳам ўзини емиб қўйишнинг олдини олишга ҳаракат қилишган экан. Аммо сигир бурнига чўп кириб, озор берса ҳам тарки одатни амри маҳол билган. Бизнинг ҳам қилмаган бирорта чорамиз қолмади, сутини асрай олмадик. Ўзини ўзи эмиб қўяверди.
Бундай сигир кимга керак? Агар сиз оғир бир дамда пулингиз куйиб, шунақа сигир олсангиз қандай йўл тутган бўлардингиз? Сигирни қассобга берсангиз, сув текин кетади. Ҳатто сотиб олган пулининг ярими ҳам бўлмайди!
-Нима бўлса бўлди, сигирни қассобга топширамиз,-деди отам.
Эндигина рўзғоримизни оёққа қўяётган биз фарзандлар эса отамга қарши турдик.
-Емай, киймай не бир машаққатда йиққан пулимизни бир туллакка қўш қўллаб тутқаздик, қолганини қассобнинг оғзига тутамизми?-дедик.
Онамга умидвор тикилдик.
-Дадангиз нима деса, шу,-дедилар онам.
Бир ҳафта давомида отам кўнмай, биз ҳам унамай юрдик. Ниҳоят, биз, болалар устун келдик. Молни бозорга олиб чиқдик. Молни отамнинг ўзлари сотадиган бўлди. Илгари ҳеч бундай қилмас, бизларга қўйиб берарди. Негадир отам молга жуда катта баҳо қўйди. Тушмади ҳам, савдолашмади ҳам. Нима учун бундай қилаётганини кейинроқ англадик. У киши харидор ушламоқчи эмас, яъни отамнинг молни сотиш истаги йўқ эди.
Молга таниш бир йигит харидор бўлди.
-Ака, айтган пулингизни бераман, менга сигир ёқди, менга сотинг!-деди йигит.
Отам унамади.
-Невараларингиз сут-қатиқ сўрашаяпти. Шулар учун олмоқчиман!
Отам унамади. Харидор ҳам кетмай оёқ тираб туриб олди. Аммо бошқа бир харидор билан жуда қуюқ сўрашиб, сигирни унга сотадиган бўлди. Харидорнинг қулоғига нимадир деб шивирлади. Харидор йигит ҳам кулимсираб нимадир деди. Бор-барака бўлди. Отам пулни санаб ҳам ўтирмадилар.
-Ука, сизга ишонаман!-деди.
Харидор сигирни етаклаб кетди.
-Ака! Мен бу йигитдан олдин келгандим, нимага молни менга эмас, унга сотдингиз?-ранжиди ҳалиги йигит. –Керак бўлса ундан ҳам кўпроқ берардим, эссиз, жуда яхши мол эдида.
-Хафа бўлманг, иним, бу молни сизга сота олмасдим, -деди отам.
Йигит норози бош чайқаганича биздан узоқлашди.
-Худога шукур, ўзи мушкулимни осон қилди!
-Аммо молни у йигитга сотдингиз-ку?-дедим ажабланиб.
-Бу йигитни яхши танийман, укахондамиз бўлади. Унга молнинг айбини айтиб сотдим. Ўзи қассоб, фермаси бор, семиртириб, сўйиб сотар экан.
Бозордан қайтар эканмиз, отам жуда мамнун эди.
Эркин Норсафар
Манба: Erk.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар