Forbes журнали эълон қилган янги ҳисоботда Дональд Трамп ва унинг оиласи молиявий жиҳатдан тарихий натижа қайд этгани маълум бўлди. Маълумотларга кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп ва турмуш ўртоғи Мелания Трампнинг умумий бойлиги 2024 йил ноябридан бери 3 миллиард долларга ошиб, 7,3 миллиард долларга етди. Шу билан у дунёнинг энг бой инсонлари рўйхатда 118 поғона юқорилаб, 201-ўринни эгаллади.
Forbes таҳлилчиларига кўра, молиявий ўсишнинг асосий манбаи криптовалюта бозоридаги инвестициялар ҳисобланади. Трампнинг шахсий активлари орасида қарийб 2 миллиард доллар мана шу йўналишга тўғри келади. Шу билан бирга, Нью-Йорк апелляция суди томонидан фирибгарлик иши доирасида белгиланган жариманинг бекор қилиниши унга қўшимча 500 миллион доллар маблағни сақлаб қолиш имконини берди.
Шунингдек, Трамп ўз брендини пойабзал, соат ва атир каби товарларда лицензиялаш орқали яна 400 миллион доллар даромад орттирган. Мелания Трамп эса шахсий фаолияти – китоблари, нутқлари ва яратган криптовалюта лойиҳаси орқали оилавий маблағга 200 миллион доллар қўшган.
Оиладаги бошқа аъзолар ҳам молиявий жиҳатдан сезиларли ютуқларга эришган. Дональд Жр. ва Эрик Трамп American Bitcoin ҳамда World Liberty Financial компанияларида улушга эгалиги орқали даромадини анча кўпайтирган. Иванка Трампнинг турмуш ўртоғи Жаред Кушнер эса Affinity Partners инвестиция компанияси орқали 4,6 миллиард доллардан зиёд маблағ жалб қилиб, расман миллиардер мақомини қўлга киритган. У, шунингдек, Трампнинг кўчмас мулклар бизнесида 560 миллион долларлик улушга эгалиги қайд этилган.
Экспертлар фикрича, Трамп оиласининг бойлиги кескин ўсиши нафақат криптовалюта бозорининг кучайиши, балки уларнинг турли бизнес йўналишларидаги фаолияти ва бренд таъсирини кучайтираётганидан далолат беради.
Шу тариқа, Трамп оиласи молиявий қудрат жиҳатидан дунё элитаси сафида мустаҳкам жой эгаллаб, ўзининг сиёсий ва иқтисодий таъсирини янада кенгайтирмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!