date

Дамашқ суди собиқ президент Башар Асадни ҳибсга олишга ордер чиқарди

Дамашқ суди собиқ президент Башар Асадни ҳибсга олишга ордер чиқарди

Сурия пойтахти Дамашқдаги суд жорий йилнинг сентябрида мамлакатнинг собиқ раҳбари Башар Асадга нисбатан расмий равишда ҳибсга олиш ордерини берди. Бу ҳақда маҳаллий ва халқаро ОАВлар хабар тарқатди.

Айбловлар 2011 йилда Суриянинг Даръа вилоятида бошланган ва кейинчалик бутун мамлакатни қамраб олган қонли тўқнашувлар билан боғлиқ. Ўша йилнинг баҳорида содир бўлган намойишларнинг куч билан бостирилиши нафақат юзлаб тинч аҳоли вафотига олиб келган, балки кейинчалик Сурияни ўн йиллаб изтироб ва қонли уруш ичига тортган эди.

Суриянинг Sana ахборот агентлиги ёзганидек, қурбонлар оиласи ва яқинлари судга расмий даъво аризаси билан мурожаат қилган. Асад қасддан одам ўлдириш, аҳолини қийноққа солиш ва ноқонуний равишда эркинликдан маҳрум қилишда айбланмоқда.

Сурия Олий суди билдиришича, ушбу ҳибсга олиш ордери Интерпол орқали Асадни халқаро қидирувга бериш имкониятини ҳам яратади. Бу эса унга нисбатан иш қўзғатиш жараёни янада жиддий босқичга кирганини англатади.

Эслатиб ўтиш жоиз, 2011 йилда Даръадаги намойишлар аввалида фақат тинч талаблар билан чиқилган бўлса-да, армиянинг зирҳли техника билан кириши ва хавфсизлик кучлари томонидан ўт очилиши юзлаб одамларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган. Шу воқеалар кейинчалик кенг кўламли фуқаролик урушига йўл очган эди.

Асад 2000 йилдан 2024 йил декабрига қадар Сурияни бошқарган, аммо ўтган йил декабр ойида исёнчилар ҳокимиятга келгач, Россияга қочиб ўтган. У ва оиласи Москвадан сиёсий бошпана олган.

Франция судлари ҳам унинг номи атрофида бир неча марта қарор чиқарган. Жумладан, 2013 йилда кимёвий қурол ишлатиш билан боғлиқ иш доирасида ордер берилган, аммо ўшанда Асаднинг президент сифатидаги дахлсизлиги сабабли қарор бекор қилинганди. Фақат 2025 йилнинг январ ойида, Асад ҳокимиятдан четлатилгандан сўнг, Францияда ҳам унга инсониятга қарши жиноятлар бўйича ҳибсга олиш ордери чиқарилди.

Шу билан бирга, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар йиллар давомида Асад режимига қарши даҳшатли айбловларни келтириб чиқарган. «Седная» қамоқхонаси мисолида, 2011–2018 йиллар оралиғида қийноқлар, тиббий ёрдамдан маҳрум қилиш ва очлик сабаб 30 мингдан ортиқ маҳбус ҳалок бўлгани қайд этилган.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам ушбу янгиликка муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, Асад “ўтган йилдан буён Москвада яшириниб юрибди ва турли жиноий тузилмалар билан алоқада”. Зеленский “жазосизлик пойтахтида дунёнинг энг йирик жиноятчилари паноҳ топаётгани тарихий ирония” эканини таъкидлади.

Шу тариқа, Сурияни чорак асрдан ортиқ вақт бошқарган Башар Асад тарихий жавобгарлик босқичига яқинлашмоқда. Унга қўйилаётган айбловлар инсон ҳуқуқлари ва халқаро адолат учун муҳим синов бўлиб қолиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дамашқ суди собиқ президент Башар Асадни ҳибсга олишга ордер чиқарди