date

Винисиус Жуниор судда ғалаба қозониб, ўз брендини ҳимоя қилди

Винисиус Жуниор судда ғалаба қозониб, ўз брендини ҳимоя қилди

Бразилия терма жамоаси етакчиларидан бири ва “Реал Мадрид” клуби юлдузи Винисиус Жуниор суддаги навбатдаги баҳсда ўз ҳақ-ҳуқуқини қўлга киритди.

Маълумотларга кўра, Ла-Коруньялик бизнесмен 2018 йили футболчининг номи кўрсатилган брендни ўз номига рўйхатдан ўтказган. Бироқ Винисиус Жуниор ундан бир йил аввал — 2017 йилдаёқ “Vinicius Jr” савдо маркасини расмийлаштириб қўйганди. Шу боис, футболчи ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этди.

Sport.es сайти ёзганидек, айбланаётган тадбиркор ўзини оқлаш жараёнида “ўша вақтларда Винисиус кенг жамоатчиликка унчалик танилмаган ва бу ном футболчига алоқадор эмас эди”, деган иддао билан чиқиш қилди.

Аммо суд органлари бизнесменнинг бу даъвосини асоссиз деб топди. Қизиғи шундаки, у 2023 йилда ҳам футболчи билан судлашишга уринган, ўшанда эса брендини Рим империяси тарихи ва шахсий оилавий мероси билан боғлаб кўрсатганди. Бироқ ўша вақтда ҳам суд унинг сабабларини қабул қилмаган.

Охир-оқибат, Ла-Корунья ва Провинциал судлари Винисиус Жуниор томонидан берилган даъвони қондиришга қарор чиқарди. Шу билан бизнесменнинг брендни ўз номига рўйхатдан ўтказиши бекор қилинди ва унга суд харажатларини тўлаш мажбурияти юкланди.

Шу тариқа, Винисиус Жуниор нафақат майдонда, балки ҳуқуқий майдончада ҳам муҳим ғалабага эришди. Унинг номи ва бренди энди расмий равишда футболчининг шахсий ҳуқуқи сифатида мустаҳкамланди.

Бу қарор спортчи учун катта аҳамиятга эга, чунки замонавий футболда майдондаги натижалар билан бир қаторда шахсий бренд ҳам жуда катта қимматга эга. Винисиуснинг сўнгги йиллардаги омадли ўйинлари ва дунё миқёсидаги танилиши унинг брендини янада қимматли қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Винисиус Жуниор судда ғалаба қозониб, ўз брендини ҳимоя қилди