15:47 / 02.02.2018
13 968

Қўшхотинлик - нафсга қул бўлиш...ми?

Қўшхотинлик - нафсга қул бўлиш...ми?“Ҳаёт — жуда мураккаб. Бир қарашда эса биз ўзимиз уни мураккаблаштираётгандекмиз”, деган экан аллақандай донишманд. Яшар эканмиз, қийинчиликлар мудом бўлган ва биз инсонлар бу қийинчиликлардан ўтиш учун енгил йўл ахтаришга ўчмиз. Сўзбошини бежизга қийинчиликлару мураккаб ҳаётдан бошлаганим йўқ. Инсониятнинг қонига сингиб кетган худбинлик, нафсга қуллик, жоҳиллик каби иллатлар гўёки қийинчиликлардан сўнг туғиладигандай.

Бироқ бир ишга қўл уришдан аввал тарозининг икки палласини тортиб кўриш шарт. Айниқса, биз учун қадрли инсонлар борасида. Тўғри, оиладаги эр-хотин жанжаллари, асаббузарликлар, ўртадаги ришталарнинг дарз кетиши, умуман, кундалик кўнгилсизликлардан кўп ҳолларда чарчаймиз, айтиш мумкинки, тўйиб кетамиз. Қаердандир қандайдир ҳузур-ҳаловат истаб қоламиз. Аёллар-ку ор-номус масалаларига жиддий ёндашиб (баъзи аёллар бундан истисно), ўзларини “кўча”га урмайдилар. Йиғлаб-сиқташ, нолиш, нари борса ота уйларига кетиб қолиш билан чекланарлар. Бироқ эркаклар… Эҳ, эркаклар алоҳида бир дунё.

“Турмушимизнинг дастлабки йиллари жуда гўзал ўтди. Гарчи севишиб турмуш қурмаган бўлсак-да, бир-биримизга меҳримиз тушганди. Йиллар ўтиб, уч фарзанднинг ота-онаси бўлдик. Бахтли эдик. Аммо қани энди мана шу “аммо” бўлмаса-ю, мен ҳамон бахтли аёллигимча қолсам. Афсуски, эрим иккимизнинг ўртамизда ҳозир катта жарлик бор. Ҳамма бало унинг иккинчи марта уйланган кунидан бошланди. Аёл учун бу қанчалар изтироб эканини фақат аёлларгина тушуна олади. Аввалига чидай олмайман деб ажрашишга қарор қилдим. Кейин эса фарзандларим ва уларнинг келажаклари кўз олдимга келди.

“Чидолмайман”, дея адашган эканман, инсоннинг жони темирдан деган гап ҳақиқат. Мана, ҳамон эрим билан яшаяпман. Лекин бизнинг ҳаётни ҳаёт дейиш тўғри бўлармикан?! Гоҳ рашк, гоҳ моддий таъминотнинг етишмаслиги ва яна бир қатор нохушликлар сабаб кунда-кунора жанжал кўтарилади. Ўртада болаларимнинг юраги ҳам визиллаб қолган. Аламимни кимдан олишни билмай, уларни тез-тез дўппослайдиган одат чиқардим. Нима қилай, ўзимни ҳеч босолмаяпман. Кундошимни эса Худога солиб қўйдим. Қолганига ожизман” (мухлис ҳикояси).

Қўш хотинлик хусусида мулоҳаза қиларканмиз, биздан ниҳоятда катта эътибор талаб қилинади. Бу мавзу шу даражада нозикки, сабаби, муқаддас динимизда бу хусусдаги инкор этиб бўлмас ҳақиқатлар белгилаб қўйилган. Айни шу важдан жуда кўп эркаклар кўп хотинлик борасида виждонларини бўшатиб юборарлар, эҳтимол. “Динда рухсат берилган-ку, шу кифояда” — аксарият эркаклар айни шу гапни ўзларига қалқон қилганлар. Ваҳоланки, дин томонидан олиб қарайдиган бўлсак ҳам қўш хотинликнинг амал қилиниши лозим бўлган жуда катта талаблари бор. Аввало, иккинчи бор уйланишда фақат кўнгилхушлик эмас, балки бева, ночор аёлларга қилинадиган савобли ёрдамлар назарда тутилган.

Агарда бир эркак рафиқалари ўртасида адолат қила олмас экан, ҳам манъан, ҳам моддий томондан уларни баравар кўрмас экан, бунинг ҳам қатъий ҳукмлари бор. Бу фикр­лар “динда рухсат этилган” дея ўз нафсининг кирдикорларини шу йўл орқали хаспўшлашга уринаётганлар учун. Ўртада адолат, муҳаббат йўқолган, болалар етим қолган, тинчлик унутилган оилада, жирканч ниқобни кийган баъзи эркаклар “талаб этилади” деган мезонларни ҳам қайта ўрганиб чиқсалар, фойдадан холи бўлмасди.

«Эркак киши уйидан тополмаган меҳрни кўчадан қидириши рост. Дўстларимдан баъзилари ўзларига ёққан жувонга уйланиб, бахтли ҳаёт кечиришаётганига кўп гувоҳ бўлганман. Бу иш хусусида бироз ўйладим ва уларнинг “Кўчада ҳаром юргандан кўра, уйлансанг ёмонми?” деган гапларидан сўнг шу қарорим устун чиқди. Мен ҳам рафиқам сўнгги пайтлар кўнглимга ўтирмай қолгани учун иккинчи маротаба уйландим. Иккинчи хотиним дастлабки ойларда мендан ҳеч нарса талаб қилмади. Унга меҳр, эътиборим керак эди, холос. Лекин бироз ўтиб ҳаётимиз уни қониқтирмаётгани ҳақида кўп гапирадиган одат чиқарди. Бугунги кунга келиб эса бошим ғавғода. Қайси хотинимнинг ёнига бормай, жанжал!

Аслида-ку, хотинимнинг жаврашларидан қутулиш учун иккинчи марта уйлангандим. Аммо энди икки ўт орасидаман. Болаларим ҳам менга тескари бўлиб қолгандек. Ёзилиб гаплашишмайди, қовоқларидан қор ёғиб, мудом тунд кайфиятда юришади. Гапнинг очиғи, икки томонга пул етказиб беришим ҳам тобора қийинлашиб кетяпти. Гоҳо ўйлаб қоламан, балки нафсим йўлида икки аёлимни ҳам қурбон қилаётгандирман. Виждоним қийналади, лекин ортга энди йўл йўқ» (номини сир тутган мухлисимиз).

Тарихдан бизга маълумки, ҳатто Амир Темур салтанати қулашининг асосий жиҳатини ҳам айни кўп хотинлик ва болаларнинг бошқа оналардан бўлгани ташкил этади. Кундошларнинг бир-бирига бўлган ўзаро нафратини кўриб ўсган болалар, табиийки, ўгай ака-укаларига нисбатан адоват ва ғайирлик билан катта бўлишади. Умуман олганда, бу борада тарихий варақларни саҳифалаш ҳам шарт эмас. Мулоҳаза билан фикр юритсак, қўш хотинликка ким кўпроқ қўл уради. Албатта, бадавлат эркак. Бадавлат эркакда эса меросхўрлар ва жанжалларга сабаб бўлувчи омиллар бисёр.

Эркак ҳар икки томонни моддий жиҳатдан қанчалик тенг кўрса ҳам кейинчалик, барибир, анча зиддиятли вазиятлар келиб чиқиши турган гап. Абдулла Қодирий ҳам “Меҳробдон чаён” асарида Худоёрхоннинг қўш хотинлигини қоралаб чиққан. Яъни бундай ҳолатда оиладаги соғлом муҳит бузилади, бу эса жамият муҳитининг бузилишига олиб келади. Қўш хотинлик хусусида гап кетаркан, иккинчи хотинликка кўнган аёлнинг ҳам руҳиятига зарар етишини унутмайлик.

“Биринчи турмушим ўхшамагани сабаб оиламдан ажрашдим. Ёш, навқирон, кўҳликкина жувонлигим сабаб кўча-кўйда ёмон назар билан қарайдиганлар кўпайди. Фарзандим йўқлиги, ёлғизланиб қолганим боис анчадан буён танийдиган танишимнинг таклифига рози бўлдим. Ҳозир ўша танишимнинг иккинчи хотиниман. У ҳафтада икки-уч кун менинг уйимга келиб туради. Аввалига “Иккинчи никоҳимни асрайман, энди чиройли оила қураман”, деган ҳавасда эдим. Бироқ иккинчи хотин бўлиш итнинг орқа оёқларига айланишдек гап экан. Устига-устак, ёмон кўз билан қарайдиганлар сони камайди, деб ҳам айтолмайман. Аксинча, “Бировнинг оиласини бузиб, тегиб олган”, деган тамға урилди пешонамга. Менга ўхшаганларни жамият бузғунчиси, оила кушандаси, деб аташади. Гулдай оиланинг, бир ожизанинг бахтига чанг солган уятсиз, дейишади. Лекин мен ҳам ёшлигимда бир кун келиб иккинчи хотин бўламан, дея ният қилмаганман. Дардим ўзимга аён!

Ҳар уч куннинг бирида рафиқаси билан тортишиб қолганида, фақат ҳузур истаганда ёнимга келадиган эмас, доим мени дейдиган, қалбим ва руҳиятимга ошиқадиган севикли жуфт орзум эди. Начора, тақдир экан» (исми сир тутилган мухлис).

Холис фикр юритиш осон эмас, азиз мухлис. Зеро, ҳеч бир инсон бошдан-оёқ фаришта бўлмаганидек, бошдан-оёқ ёвуз ҳам бўлмайди. “Иккинчи хотин” жуда қўрқинчли ва оғир ном. Иккинчи хотинлар ўзларини қадрсиз, баъзида керак бўлиб қоладиган, қўпол қилиб айтсак, захирадаги фоҳишадак ҳис этадилар. Бора-бора ўзларига ишончни, қатъиятни йўқотадилар ва кириб қолган тор кўчаларида эзилишни бошлайдилар. Жуфтингни “Бугун келиб қолармикан?” деган ўй билан кутиш нақадар азоб эканини тасаввур этиб кўринг-а. Йўқ, ҳатто тасаввурни ҳам раво кўрмайман сизга, азиз мухлис! Дарҳақиқат, ҳеч бир аёл йўқки, болалигида иккинчи хотин бўлишни орзу қилса.

Ёлғизлик инсонни кўп хатоларга мажбур этар, эҳтимол. Лекин сохта бахтга алданиб, вақтинчалик ҳаловатга учиб ҳар куни минг бор ўлгандан кўра Яратгандан бахт тилаш, чин тақдрни кутиш дуруст эмасмикан? Зеро, ўзганинг бахтсизлиги эвазига ким бахт топибдики, иккинчи хотинлар топса?! Хулоса ўрнида шуни айтишимиз жоизки, бу вазият жамият бузилишида долзарб масала бўлиб турибди. Гап жамият хусусида кетаркан, барчамиз бунга жиддий эътибор қаратишимиз ва ҳар бир ишимизни тарози палласида тортиб, сўнг бажаришимиз керак.

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қўшхотинлик - нафсга қул бўлиш...ми?