Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, 2016 йил 1 ноябрдан 2017 йил 1 ноябрга қадар бакалавр босқичи талабаларининг 8 минг 582 нафари олий таълим муассасасидан кетган. Шундан 600 нафари контракт тўловини тўлолмагани боис талабалар сафидан четлаштирилган. «Оила даврасида» нашри мухбири ўз мақоласида юзлаб талабаларнинг ўқишдан кетиши айбдорларини қидиради.
Бу рақамларга бир разм солинг. Нақадар хунук, ачинарли ҳолат: 600 нафар талаба, 600 тақдир моддий қийинчилик сабабли таълимнинг энг асосий босқичини давом эттира олмади. Умиди, шашти сўниб, музлаб қолди. Ахир, улар не-не орзу-умидлар билан ўқишга кирмаган дейсиз? «Эртага олий маълумотли, касб-корли бўлиб, шу юртга хизмат қиламан», деган мақсад бўлган бу ёшларда. Таассуфки, жамиятимизда олий маълумотсиз шахслар яна олти юзтага кўпайди. Бу эса уларнинг аксарияти ишсиз қолиб кетишига ҳам ўз таъсирини кўрсатиши ҳеч гап эмас.
Ҳа, фақат ойлик маошга кун кечирадиган айрим оилалар учун фарзандининг шартнома пулини тўлашнинг ўзи бўлмайди. Буни бошдан ўтказганлар яхши билади. Шунинг учун давлатимиз томонидан аҳолининг кам таъминланган қатламига бу борада қатор қулайликлар яратилган. Хусусан, банкларда бир неча йиллардан бери таълим олиш учун кредитлар жорий этилган. Бу хизматдан кўп талабалар фойдаланиб келади.
Аммо шунга қарамай, бу имкониятдан фойдаланиш осон эмас. Ўзига яраша қийинчиликлари бор. Аниқроқ айтсак, банклар кўп ҳолларда ушбу кредитни тақдим этмаслик учун турли баҳоналарни ўйлаб топиб, сунъий тўсиқларни юзага келтирар экан.
Отангга бор, онангга бор…
Аброр Ҳакимов ўқишни давом эттириш насиб этмаган 600 та собиқ талабалардан бири. Гап шундаки, у мактабни тамомлагач, кетма-кет уч йил ўқишга ҳужжат топширди. Бироқ ҳар гал «йиқилаверди». Ва ниҳоят, 2017 йил тўлов-контракт асосида ўқишга кирди. Кирди-ю, институтни бир ойдаёқ тарк этди. Бунинг сабабини у қуйидагича изоҳлайди:
— Оилада мен ва акам тўлов-контракт асосида таҳсил олардик, — дейди Аброр. — Ойликка рўзғор тебратаётган ота-онам учун икки фарзандини ўқитиш табиийки, мушкул. Шундай бўлса-да, улар менинг ўқишимни истади. «Бир амаллаб контракт пулини топамиз», деб роса ҳаракат қилишди. Туманимиздаги банкдан таълим кредити олмоқчи бўлдик. Лекин иложи бўлмади. Банк ходимлари турли баҳона-ю важ билан қайтариб юборди. Шу боис, ўтган йил ноябрь ойида ўз ихтиёрим билан ўқишдан кетдим. Ҳозир қайта тайёрланяпман. Шу йил давлат гранти асосида ўқишга киришдан умидворман.
— Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабасиман, — дейди Муаттар Асадова. — Ота-онам пенсионер. Шу боис таълим кредитини олишга қарор қилдик. Аммо бу кредитни олиш игна билан қудуқ қазигандек гап экан. Роса қийин. Барча ҳужжатларни йиғдик, кафил ҳам топилди. Аммо банк пул ўтказишни пайсалга солаверди. Бу орада контракт суммасини тўлаш муддатига оз қолди. Шунда ҳам банк «Отангга бор, онангга бор», қабилида иш тутди. Сансалорликлардан чарчаган отам, охири ҳаммасига қўл силтаб, катта ҳовлимизнинг бир бурчагини сотишга мажбур бўлди.
Ҳозир ўқияпман. Аммо ҳар сафар уйга борганимда ҳовлимизни иккига бўлиб турган деворни кўриб, қалбим ўртанади, кўзларимга ёш келади.
«Ёрдам»га тайёр рақамлар
Ёшларнинг сўзларидан кўриниб турибдики, талаба кредитини банк осонликча бериб қўймайди. Нега? Ахир, ҳамма ҳужжатлар жойида, ҳеч қандай камчилик бўлмаса, кредитни пайсалга солишдан мақсад не?
Бир танишим бор. Ўтган йили институтга ўқишга кирди. Унинг айтишича, у ҳам худди шу масалада банкка мурожаат қилган. Лекин банк ходимлари талаба кредитини ажратишни асоссиз чўзиб юраверган. Охири, танишим Президент виртуал қабулхонасига ёзишга мажбур бўлибди. Натижада қарабсизки, уч кун ичида кредит масаласи ҳал бўлди.
Вазиятга ўзингиз баҳо беринг. Ишончимиз комилки, агар юқоридаги икки талаба ҳам давлатимиз раҳбарига мурожаат йўллаганида уларнинг ҳам муаммоси қисқа фурсатларда ўз ечимини топарди. Лекин улар бу йўлни тутмади. Бундай масалани Президентимизнинг виртуал қабулхонасигача кўтариб чиқишни ўзларига эп кўрмади. Буни ўша банк маъмуриятининг ўзи ҳам яхши билади. Масъулиятни ҳис этиш уларнинг зиммасида. Бироқ бунга бепарволик, лоқайдлик билан қарайди. Нима учун?
Албатта, банклар орасида талаба кредити ва умуман, бошқа масалаларда ҳам аҳолига намунали хизмат кўрсатаётганлари кўп. Шунга қарамай, фуқароларимизни ортиқча овора қилаётган, уларнинг дардини тинглагиси келмаётганлар ҳам оз эмас?
Хўш, бунга мутасаддилар қандай изоҳ беради? Умуман, ўтган 2017 йилда неча киши банкдан талаба кредити олган? Ҳамма мурожаатнинг ҳам ижобий ҳал этилмаслигининг сабаби нима?
Шу каби саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мурожаат қилдик. Дастлаб, банкнинг ахборот хизмати расмий равишда хат билан мурожаат қилишимизни сўради. Аммо журналист фаолиятини амалга ошириш чоғида тегишли қонунларга асосан, оғзаки маълумот олишга ҳақи борлигини эслатганимизда, ахборот хизмати ходими бўлимлар ўзгаргани боис саволларимизга айнан қайси ходим жавоб бериши кераклиги, қолаверса, бўлимларнинг тўлиқ телефон рақами мавжуд эмаслигини айтиб, бир нечта рақамни берди.
Ушбу рақамларга қўнғироқ қилдик, бироқ улар ҳам бошқа рақамларни таклиф қилди. Хуллас, бир ярим соатдан ортиқ уринишлар бесамар кетди. Топганимиз рақам бўлди, холос.
Ана, Марказий банкдаги аҳвол. Журналист-ку, керакли маълумотни ололмаган бир пайтда, оддий одам қандай қилиб ўзини қийнаётган савол ёки муаммога улардан жавоб топиши мумкин?
Бугун ахборот технологиялари жадаллик билан ривожланмоқда. Кўп ташкилот ўз хизматларини онлайн тарзда йўлга қўйишга улгурди. Шундай экан, банклар ҳам тўлов-контракт учун кредит олиш истагида бўлган кишиларга қулайлик яратиб, ортиқча оворагарчилик ва қоғозбозликдан воз кечса, мақсадга мувофиқ эмас-ми? Бу давр талаби-ку!
Ёрдам фақат фаолларгами?
Очиғи, 600 нафар талабанинг тўлов-контракт пулини тўлолмай ўқишдан четлатилгани юзасидан қайси ташкилотга мурожаат қилган бўлсак, барчаси бир сесканиб тушди. Ҳар ким ўз бошига ёққан қорни ўзи курасин, қабилида иш кўрди. Энди ўйлаб кўринг: саволларимизга жўяли жавоб бермайдиган ташкилотга контракт тўловида қийналиб мурожаат қилган талабанинг аҳволи не кечади? Буни тасаввур қилиш қийин эмас.
Ёки бўлмаса, биргина тўлов-контракт пулини ўз вақтида тўламагани учун ўқишдан четлатиб, ўрнига бошқа пулдор талабани олийгоҳга қабул қилган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан бундан ортиқ яна нимани кутиш мумкин? Олти юз нафар талабанинг тақдири билан на Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, на Хотин-қизлар қўмитаси, на Ёшлар иттифоқи ва на банклар шуғулланган.
Дарвоқе, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Таълим бўлими бошлиғи Баҳодир Кучаровнинг сўзларига кўра, контракт асосида таҳсил олаётган талаба тортинмасдан иттифоққа мурожаат этиши мумкин. Улар ҳарбий имтиёзга эга талабалар шартнома пулининг ўттиз беш фоизини тўлаб беришидан кўпчиликнинг хабари бор. Эндиликда иттифоқ ташкилотга аъзо, уларнинг тадбирларида фаол қатнашган, ўқишнинг биринчи ярим йиллигини аъло баҳога тугатган талабаларнинг ҳам контракт пули маълум фоизини тўлаб бераркан.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Республикамизнинг олис ҳудудидан пойтахтга келиб, тўлов-контракт асосида ўқишга кирган, аммо уни тўлашга қийналаётган, Ёшлар иттифоқининг тадбирларида фаол қатнашиш у ёқда турсин, ҳатто, ташкилот ҳақида тўла тасаввурга эга бўлмаган талабага ким ёрдам беради? Ахир, у иттифоқнинг тадбирларида иштирок этмаган бўлса ёки бунга имконияти, вақти бўлмаса, унда талабанинг айби йўқ-ку? Бунинг тартибини жиддий кўриб чиқиш керак, бизнингча.
* * *
Бугун давлатимиз раҳбарининг бевосита топшириғига асосан, турли давлат идоралари билиб-билмай жиноятга қўл урган ёшларни кафиллик эвазига жазодан қутқариб қоляпти. Бу амалда ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Қанчадан-қанча адашган ёш Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси каби ташкилотларнинг кафиллиги остида тўғри йўлга қайтмоқда.
Шуни инобатга олсак, нега ушбу жамоатчилик идоралари тўлов-контракт пулини ҳақиқатдан ҳам тўлаш имконияти йўқ иқтидорли талабаларни кафилликка олмаяпти? Ахир, гап бир ёки иккита одамнинг тақдири ҳақида кетмаяпти. Аслида ўша бир-иккита бўлса ҳам, бу унинг эртанги ҳаёти билан боғлиқ. Ўқишни тарк этишга мажбур бўлган биргина талабадан келажакда ноёб, профессионал кадр етишиб чиқиши мумкин. Агар уни бошида қўлласак, эртага у шу жамиятга, шу юртга сидқидилдан хизмат қилиши аниқ-ку! Шундай экан, умид билан бўй чўзаётган ниҳолларнинг униб-ўсишига ёрдам берайлик. Шунда улар давлатдан рози бўлади.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...