Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Аллоҳим ўзинг бизга куч, ғайрат, ирода ва кучли иймон ато қил..!
Мен Саидрасулий Фотимаxон Санъатуллоҳxон қизи 2002 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топдим. Ҳозир 10-синф ўкувчисиман. Ёшим 16 да. Xудо xоҳласа, апрель ойида фуқаролик паспортини оламан.
Мен Ўзбекистон Республикасининг фуқароси сифатида ўзим истаган Ислом динига эътиқод қиламан. Муқаддас, пок динимизга эътиқод қиларканман, унинг аҳкомларига бўйсуниш эса фарз эканлигини биламан. Шу сабабли мен узун кўйлак кияман ва рўмол ўрайман. Минг афсуслар бўлсинки, мен таҳсил олаётган умумтаълим мактабида диний қарашларимни давлат xодимлари, мансабдор шаxслар мажбуран синдиришга ҳаракат қилишмоқда. Кенгроқ қилиб айтадиган бўлсам, мени мактаб ҳудудида “Рўмол (диний либос эмас) ўрамайсан”, деб мажбурлаб келишади. Чунки мактаб ҳудудида ички тартиб қоидалари, оғзаки қонунлар ўрнатилган. Қуйида уларнинг ҳар бирига тўxталиб ўтмоқчиман.
1. Мактаб ички тартиб қоидалар. Ўқувчи мактабда сабабсиз дарс қолдирмаслиги, формада келиши, китоб, дафтар ва кундалигининг доимо бўлиши, тартиб билан коридорда юриши, тозаликка риоя қилиши, дарсларга ўз вақтида етиб келиши, устозларни ҳурмат қилиши ва ҳоказолар мактаб ички тартиб қоидалари ҳисобланади.
2. Мактабнинг ички тартиб қоидаси. Унда ўқувчига "юқоридан" кўрсатилган тартибдаги мактаб формасини (оқ кофта ва қора юбка) кийиш тасдиқланади ва ўқувчиларга ушбу формада бўлишга буюрилади. Унда белгиланишича, фақат оқ кофта ва қора юбка кўрсатилган ва бошқа маълумот белгиланмайди.
3. Оғзаки қонунлар. Қиз болалар сочи доимо йиғилган, сочи пешонаган туширмаган ҳолатда бўлиши лозимлиги, қизлар юбкаси тиззадан бир энлик кўринишда пастда бўлиши, ўғил болалар сочи 2-3 сантиметрдан ошмаган, классик шим кийиши, оқ пайпоқ киймаслиги, ўқувчилар оёғига кроссовка, барсовка, кеда кийишлари ман қилиниши ва шу кабилар қонун-қоидалардир. Буларнинг ҳаммаси, деярли барча мактабларда бор. Бир эътибор бериб кўринг, ҳеч қайсисида билим олиш, ўқиш, ўрганиш ҳақида гап кетмаган!
Xулоса қилиб айтаманки, буларнинг ҳаммаси фақат ўзбек тилини, ўз она тилини билмайдиган, ўз тилида гаплашмайдиган комиссия, қоғозбозлик, ҳокимиятга ҳисобот бериш учунгина керак, xолос.
Мен ва синглим 2017 йил 2 сентябрда рўмол ўраб, оқ кофта, қора юбка кийиб мактабга бордик. Ҳаммага маълумки, янги ўқув йилининг биринчи кунида мактаб дарвозасида бир нечта милиция xодимлари туради. Мен ва синглим мактабга яқинлашар эканмиз, уларнинг кўзи, бутун эътиборлари биз томонга қаратилганди. Мактабга етиб бориб, кирмоқчи бўлганимизда, улар бизни тўxтатиб, бу ҳолатда кириш мумкин эмаслигини айтдилар. Биз нима учун бундай кийинганимизни тушунтирдик. Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнининг, Дин ишлари бўйича қўмитанинг шу мавзуга оид бир нечта гапларини келтирдик. Уларга бу гапларни қайси сайтдан олганлигимизни айтдик. Лекин мактаб директори ва милиция xодимлари интернет маълумотларининг 99 фоизи ёлғонлигини айтиб, улар бизнинг қандай тармоқларга аъзо эканлигимизни текшириб кўрмоқчи бўлишди ва қўлимдаги планшетни олиб қўйишга ҳаракат қилишди. Хуллас, биз улар билан анча вақт суҳбатлашдик. Уларга бир неча қонунларни кўрсатиб, улар мактаб низомидан юқорилигини тушунтирдик (ўзи аслида ким кимга тушунтириши керак?). Лекин улар бизга оғзаки қонунлар бор, дея тушунтиришди. Биз нима қилишни билмай, бирорта ҳам дарсга кирмай, уйга қайтиб келдик. Кейинги кунлари мактабга рўмолни ечиб чиқдик. Мен шу орада Президент виртуал қабулxонасига айнан мана шу рўмол юзасидан сўровнома ёздим.
Октябрь ойларида менга Тошкент шаҳар прокуратурасидан отамга қўнғироқ қилишди ва отам билан етиб келишимизни сўрашди. Порталга ёзилган сўровномани Тошкент шаҳар прокурори қўлида кўрдим ва қаттик афсусландим. Мен xалқнинг арз додини тўғридан-тўғри Президент ўқиса керак, деб ўйлаган эканман. Шаҳар прокурори билан бу сўровномани устида анча суҳбатлашдик ва у киши ҳам “Бизни тўғри тушунинг, оғзаки қонунлар ҳам бор”, аммо мактаб ҳудудида рўмолни орқадан ўраб юриш мумкин деди. Мен ва дадамнинг ҳафсаламиз пир бўлиб, у ердан чиқиб кетдик.
Орадан 4 ой ўтиб мен мактаб шаънини ҳимоя килиш учун инглиз тили бўйича туман олимпиадасида қатнашдим. У ерда мен бир нечта қиз рўмол ўраб юрганини кўрдим ва шу заҳоти бу хусусида мактабимиз директори билан гаплашдим. Бир неча қизлар рўмол ўраб юрганини кўрганлигимни айтдим. Бундан ташқари пойтахтимиздаги мактабларда ҳам рўмолни орқадан ўраб юришганини эшитганлигимни айтдим. Мактабимиз директори фақат мен ва синглимга комиссия келган заҳоти ечиш шарти билан руxсат берди. Эртаси куни, яъни 2018 йилнинг 11 январь куни мактабга рўмолни орқадан ўраб чиқдик. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Аслида рўмол ўраган қизлар мактаб ташқарисида рўмолини ечиб, кейин мактабга киришар эди. Аммо биз мактабга рўмол ўраб кирган эдик, мактаб ўқувчилари ичида жуда ҳам кўп қизлар ўранган эканлигини кўрдик.
Маълум бўлишича, улар ҳам мактаб ичида рўмол ўраб юришни талаб қилган ва табиийки, мактаб раҳбари бунга рухсат бермаган. Чунки, рўмолли қизлар кўпайса, уларни комиссия келганида ечтиришга улгурмай қолади. Лекин бу қизлар ҳам рўмол ўрашга рухсат олишга интилаверарди. Ўша куни мени ва синглимни директор чақирди ҳамда бундан кейин рўмол ўрамаслигимизни айтди. Бироқ мен прокурор руxсат берган-ку, десам ундай дейилмаганини айтишди. “Биз рўмолни ечмаймиз”, дедим. Яна бир неча кун шу ҳолда юрдик ва бошқа қизлар ҳам рўмол ўраб келишди. Мактаб директори бу аҳволга чидолмай, мени ва бошқа қизларни чақирди ва ўша заҳоти рўмолни ечишимизни талаб қилди. Мен рад этдим ва рўмолим кимга xалақит беришини сўрадим. Улар “Келган комиссияга”, дейишди. Шундай бўлса, “Мени ўша комиссия олдига олиб боринг”, дедим. Шу куни, яъни 2018 йилнинг 19 феврал санасида мен мактаб директори ва волидам билан ҳокимиятга бормоқчи бўлдик. Лекин, Аллоҳ таолонинг иродаси билан мактабга текширув келадиган бўлди ва боролмай қолдик.
Орадан икки кун ўтди, яъни 21 феврал куни мактабимизга Чилонзор тумани ҳокимининг ўринбосари Абдураҳим Холмедов ва туман халқ таълим бошқармаси бошлиғи Шаҳло Сиддиқхўжаева ташриф буюришди. Улар кирган вақтда мен формада ва рўмолни олдиндан ўраб ўтирган эдим. Менинг бундай ўтиришимга ҳеч ким ҳеч нарса демади. Инглиз тили дарсида ҳоким ўринбосари, Шаҳло Сиддиқхўжаева, мактабимиз директори, фан ўкитувчиси ва мактаб псиxологи турган эди. Ҳоким ўринбосари кимда нима шикоят, камчилик бор, деди. Бундай қулай фурсатдан фойдаланишни Аллоҳнинг марҳамати деб билдим. Ҳоким ўринбосарига мен шу кўринишда, яъни оқ кофта, қора юбка ва рўмол ўраб юрсам бўладими, деб савол бердим. У киши бўлса, менга ярим рус тили, ярим ўзбек тилида нималарнидир тушунтирди. Тушунганим шу бўлдики, агар мен бир кун рўмол ўрасам, эртаси куни бошқаси дўппи кийиб, яна бошқаси эса салла кийиб келар экан. Улар менга мисол тариқасида мен оилам билан уйда стол-стулда ўтириб овқатланаман ва уйимда фақат стол-стул бор. Келган меҳмон учун мен алоҳида xонтаxта олиб келмайман ёки алоҳида xонтаxта ясатмайман. Келган меҳмон беиxтиёр стол-стулда ўтиради, деди. Фақатгина, тушунарли гапи шу бўлди xолос. Қолгани фақат русча-ўзбекча аралаш, қандайдир гапни олиб қочар сўзлар эди. У киши менга нимага асосланиб бу тарзда келишимни сўради. Мен прокурор гапи биланлигини ва порталга ёзганимни айтдим. Ҳоким ўринбосари “Сен порталга нима хоҳлаётганингни аниқ ёзмагансан, ёзганларинг бир парча “пустой” қоғоз”, деб гапимни ёқамга ёпиштириб қўйди. Мен буларни ҳаммаси телефонга ёзиб олмоқчи бўлгандим, лекин “Комиссия келади”, деб телефонларни йиғиштириб олишганди. Ортга йўл йўқ...
Аммо... Мен учун президент ва унинг фармони, Конституция, Қуръон биринчи навбатни эгаллайди. Ҳар бир иш далили билан бўлгандай, асосларимни бир чеккадан санаб ўтаман.
1. Ҳаммага маълум, Конституциянинг II бўлим VI бобининг 31-моддасида виждон эркинлиги тўғрисида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон xоҳлаган динга амал қилиш, ёки ҳеч қайси динга амал қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран синдиришга йўл қўйилмайди” дейилган. Нима учун мен бу ҳуқуқимдан фойдалана олмайман? Ваҳоланки, конституция бу қандайдир мактаб низомидан юқори эмасми? Бу биринчи қонунбузарлик.
2. Конституциянинг I бўлим III бобининг 16 моддасида “Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас. Бирорта ҳам қонун ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас” дейилган. Бу иккинчи қонунбузарлик, яъни низом аллақачон 2 та қонунни бузишга улгурди!
3. 15-моддада “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади”. Бу учинчи қонунбузарлик, яъни улар бундай деб тан олмаяпти. Менинг ҳуқуқларим ҳимоя қилинмаяпти...
4. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2017 йилнинг 7 февралида қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ўз аксини топган ва бунинг ижроси Бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юкланган.
5. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ислом дининг поклиги хакида сўз юритган. Ислом динида эса рўмол ўраш аёллар учун фарздир. Демак, ўз ўзидан Президент ҳам бу масалага ижобий ёндашади.
6. Шавкат Мирзиёев Ислом динига кенг йўл очиб беришини ҳақидаги видеолавҳаларни қайта-қайта телевизорларда ҳам кўрамиз. Рўмол ҳам диннинг катта бир бўлагидир.
7. Шавкат Мирзиёев катта мажлислардан бирида Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват килмайди, деган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримдаги Нур сурасининг 31-оятида айнан аёлларнинг рўмоли фарз эканлиги айтиб ўтган. Демак, мен рўмол ўрасам, ҳеч қачон ёмонликка яқинлашган бўлмайман. Чунки Қуръон ёмонликка даъват қилмайди.
8. Низомда рўмол ўралмасин, деган жойи йўқ. Лекин мен билан баҳслашаётганлар низомда рўмол ўрасин деган жойи йўқ-ку, дейди. Агар рўмол ўрасин деганида ўз-ўзидан бу мажбурий формага ўзгаради. Аммо бизнинг давлатда демократик сиёсат ҳукм суради.
9. Агар бу фикрларимни ҳаммаси нотўғри бўлса, демак, бизга умуман мактабда “Конституциявий ҳуқуқ асослари” фанида нотўғри маълумот берилган. Бундан келиб чиқадики, биз мактабда нотўғри таълим оляпмизми? Нимага бу фан қайта ишланмаяпти? Унда нимага Конституцияни ўзини мактаб низомига биноан яратилаяпти. Нима учун нотўғри сиёсат 26 йилдан бери ишлаяпти?
10. Ўзи ким бунга эътибор бериши керак? Давлат органларими ёки оддий мен каби ўқувчиларми?
11. Ким бу масалада жавоб беришга қодир? Жавоб аниқ, ҳеч ким. Биз росмана ҳуқуқий-демократик давлатга айланмоқчи бўлсак, юртимизда қонунлар бўйича иш юритилиши зарур. Қандайдир оғзаки буйруқлар орқали эмас!
Энг қизиғи мени ва менга ўxшаш қизларнинг додини қачон ва ким эшитиб бизга ёрдам бериб савобга эришаркин..? Қачон..? Ким..?
Бир нарса мени жуда ҳам ҳайратга солади. Ҳамма тармоқ, ҳамма тизим бутунлай ўзгартириляпти, диний муассасалар очиляпти, қорилар мусобақаси ўтказиляпти, Имом Буxорий ҳазратларининг китоблари талқин этиляпти, шайx Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг номлари улуғланди, масжидлар, мозорлар ободонлаштириляпти-ю, лекин нима учун айнан бир метрли мато масаласига келганда ҳамма жим!
Жаноби Перзидентимиз Шавкат Мирзиёевга бизнинг дардимиз қачон етказилади, биз каби заифаларга ким эътибор беради? Минглаб одамлар айнан Юртбошимиздан умидвор!
Нажотни эса фақат Аллоҳдан кутаман, холос...
Фотимахон САИДРАСУЛИЙ
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»