09:33 / 30.03.2018
3 512

Таълим ҳақида ўйлар...

Таълим ҳақида ўйлар...
Ўқитувчининг жамият ичра обрўси масаласи. Улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий XV асрда “Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, Айламак бўлмас осон онин ҳақин минг ганж ила” деса, милоддан аввалги IV асрда юнонларнинг қомусий олими Аристотель “Устоз отангдек улуғ” деган эди. Чунки ота болани осмонлардан ерга туширган бўлса, устоз унинг даражасини ерлардан осмонларга қадар кўтаради. Ҳа, устознинг, ўқитувчининг обрўси китобларда шунчалар улуғланади. Лекин ҳаётда-чи?.. Муаммо шу ерда! Уни ҳал қилиш учун эса, назаримда, қуйидаги икки жиддий масалага эътибор қаратмоқ лозим бўлади. Биринчиси, ўқитувчига муносабат. Иккинчиси эса, ўқитувчининг ўз касбига муносиб бўлиб-бўлмаётгани масаласидир.

Биринчи масалага бўйича:
Назаримда, ўқитувчининг бугунги кундаги обрўйи мамлакатимиз келажагига муносиб ёшларни тарбиялаб етиштириш учун етарли эмас. Хўш, етарли бўлиши учун нималарга эътибор бериш керак?

1. Ўқитувчининг бирламчи ва қўшимча вазифалари. Ҳозирда ўқитувчи ўзининг бирламчи иши - ўқитишдан бошқа (буларнинг номини санаб адоқ қилиб бўлмайди: кўча супуриш, дарахтларни оқлаш, дала ва қурилиш ишларига жалб қилиниш, турли хил мажлисларга қатнашиш, байрам тадбирларига талабаларни тайёрлаш, қоғоз ва металлалом тўплаш, сайлов қоғозларини уйма-уй юриб тарқатиш, ўқув ва ётоқхона биноларида навбатчилик қилиш ва ҳ.к...) ишларга жуда кўп жалб қилинмоқда. Вилоятлардаги мактаб, коллеж ва лицейлар ўқитувчилари йилнинг талай вақтида кўчадан уйига келолмай қолаётгани кундек равшан ҳақиқат. Шу мавзуда гап кетганда, бир шогирдимиз (Н. Тоштемирова) нинг “Дарс” деган ҳикояси ёдимга тушади. Ҳикояда адабиёт дарси тасвирланади. Мавзу – “Алишер Навоий”. Мактаб директори ўқитувчи ва ўқувчиларни баҳорги ишларга жалб қилмоқчи бўлиб, дарс бораётган синф хонаси эшигини қоқади. Ўқитувчи эшикни очади. Директор дарсни тўхтатиб, ўқувчиларни зудлик билан ишга олиш чиқиши зарурлигини айтади. Лекин ўқитувчи дарсни чала ташлаб, ўқувчиларни ишга олиб чиқмоқчи бўлмайди. Эшикни қулфлаб, дарсни давом эттиради. Бир муддат ўтиб, эшик яна қоқилади. Ўқитувчи дарсни ўтаберади. Эшик такрору такрор қоқилади. Лекин бундай топшириқлардан безор бўлиб кетган ўқитувчи уни очиб, ўқувчиларни жисмоний меҳнатга йўлламайди. Ниҳоят, дарс соати ҳам, дарс ҳам якунланади. Бу вақтда эса, эшик синиб кетгудек бўлиб тақиллайди. Дарсини тугатган ўқитувчи бориб эшикни очади. Бу сафар директор ўзи билан бирга бошқа раҳбарларни ҳам етаклаб келган бўлиб, улар раҳбарият буйруғига бўйин эгмаган ўқитувчидан ариза ёзиб, ишдан кетишни талаб қилишади... Уларнинг мантиғига кўра, бу ерда ўқитувчи айбдор. Аслида-чи? Аслида, у қаҳрамон эмасмиди? Нега биз қаҳрамонларимизни жазоламоқдамиз? Қаҳрамонлар жазоланар экан, ёш авлоддан қаҳрамон чиқадими?!.. У ҳолда, қаҳрамони йўқ юртнинг тақдири нима кечади!?..

2. Ўқитувчи ва бюрократизм. Таълимда қоғоз шунчалар кўпки, ўқитувчи уларнинг орасидан чиқиб ўқувчининг, талабанинг олдига келолмайди. Бу рамзий маънода, албатта. Аслида, жисми келади, хаёллари қоғозда қолади. Қоғозбозлик ўз ишининг устаси моҳир педагокни ишга яроқсиз қилиб, калласида алиф йўқ, лекин қоғозларни тахт қилгувчи лўттибозни тўрига олиб чиқадиган иллатдир. Чунки моҳиятга эътибор берадиган ўқитувчи, одатда, қоғозлар билан яхши ишлай олмайди. Уларни муҳим санамайди. Ўз ишига, касбига шўнғиган бўлади. Қоғозбозликни пухта ўзлаштириб олган ўқитувчидан эса яхши педагог чиқмайди. Ҳозир қоғозлар ишлаяпти. Ҳатто қоғоз-ҳужжатинг зўрми, демак, дарс беришнинг ҳожати йўқ, деган гап чиққан. Шунинг негизида таълим раҳбарлари ёнида қоғозини тахт қилиб қўйиб, қулдек қўл қовуштириб турадиган қавм пайдо бўлган. Айнан шундай қавм туфайли ҳам айрим раҳбарлар босар-тусарини билмай қолмоқда.

3. Ўқитувчи маоши. Маош масаласи ҳам таълимдаги энг муҳим масалалардан биридир. Ҳаётга реал қарайдиган бўлсак, ўқитувчи ҳозирги маоши билан рўзғор тебрата олмайди. Ҳалол ўқитувчи бола-чақасини боқаман, рўзғор тебратаман, дея иккинчи, учинчи ишлар бошини тутмоқда, харомга ўрганган ўқитувчи эса, таълимдаги турли жараёнларда (мас.,кириш ва бошқа имтихонлар вақтида) коррупцияга қўл урмоқда. “Ўғрилик қилиш имконияти ўғриликни пайдо қилади” дейди ҳинд халқи. Таълимда, умуман, жамиятнинг бирон соҳасида ўғрилик имкониятини қолдирмаслик лозим. Бунинг учун эса, масалан, таълимда ҳар бир ўқитувчига яхши ҳақ тўланмоғи керакки, “рўзғоримни қандай бутлайман?” дея унинг хаёли сочилмасин. Агар у яхши ҳақ олиб ҳам яхши ишламаса, демак, бундай ўқитувчи таълимдек муқаддас даргоҳга номуносиб саналиб, ишдан бутунлай кетиши лозим бўлади.

4. Ўқитувчи - ижодкор. Ўқитувчи айни вақтда ижодкор ҳисобланади. Унинг ўз устида ишлаши учун имкон яратишимиз керак. Япония бош вазиридан мамлакатнинг технологик тараққиётининг сири нимада эканлиги сўралганда, унинг жавоби шундай бўлган эди: “Биз ўқитувчиларга вазирларнинг маошини, дипломатларнинг дахлсизлигини ва императорнинг ҳурматини бердик”. Ўқитувчини боши-кети йўқ тадбирлар ўтказиш ёки шундай тадбирларга қатнашишдан озод қилиб, эртанги дарсга тайёрланиши учун бўш вақт қолдириш ва бу вақт ҳам иш соати ҳисобига саналса қандай бўларкин? 2017 йилда Европа мамлакатларидан бирида ишга бориб келиш учун йўлда сарфланган вақт ҳам иш соати деб ҳисобланиши ҳақида қарор қабул қилинганини ўқидим. Бу билан биз ҳам шундай қилайлик, демайман. Биламан, ҳали ҳатто бу ҳақда ўйлашга ҳам тайёр эмасмиз. Мен ҳеч қурса, ўқитувчининг ишлаган реал соатлари учун муносиб ҳақ тўлайлик демоқчиман. Яқинда бир суратга кўзим тушди. Унда тун манзараси ва кўпқаватли уй тасвирланган. Ҳамма чироқлар ўчиқ. Фақат биттаси ёниқ. Суратнинг остига қарасангиз, шундай сўзлар ёзилган: ЎҚИТУВЧИ. Менимча, изоҳга ҳожат йўқ. Ҳамма ухлаганда ҳам меҳнат қиладиган, шунга мажбур бўладиган бирдан бир касб эгаси бу - ўқитувчи! Лекин бу меҳнатнинг ҳақини тўлай оляпмизми? Ҳеч қурса, маънавий жиҳатдан унинг қадрига етаяпмизми?..

5.Ўқитувчи ва ҳокимият. Ҳокимият таълимдан қўлини тортиши керак, деган гапларни ўқидим ижтимоий тармоқларда. Дарҳақиқат, нега у таълимга аралашади? Ўқитувчи нега қишлоқ хўжалиги ва ёки шаҳардаги ободонлаштириш, металлалом, қоғоз тўплаш (макулатура), сайлов қоғозларини тарқатиш, ватандош (фуқаро)ни рўйхатга олиш билан шуғулланиши керак? Ахир, ўқитувчига булар учун ҳақ тўланмайди-ку! Ҳатто мардикорга ҳам меҳнат ҳаққи берилади. Қолаверса, ўқитувчининг асл вазифаси нима эди?.. Ҳокимиятнинг кучи кўп, бели бақувват бўлса, ана, қанча ишсиз одам бор, уларга иш бериб, қонуний ёллаб ишлатса, минглаб ишсиз аҳолини иш билан бандлигини таъминлаган, бу билан хорижга иш излаб кетаётганлар сонини камайтирган бўлади.

Иккинчи масала бўйича:

Ўқитувчи олдига қўйиладиган талаблар
1.Ўқитувчи ўз фанини пухта билсин. Ўқувчи ё талабанинг онги ва руҳини уйғотсин! Унга соҳанинг асосларини ўргата олсин.

2.Ўқитувчи дарслик ва ўқув қўланма доирасида қолиб кетмасин. Мустақил фикрлай олсин, ўқувчи ва талабани ҳам шунга ўргата билсин.

3.Ўқитувчи қайси фандан дарс берса берсин, замон нафасини ҳис қилсин, замондош инсон зиммасига давр юклаётган вазифаларни яхши тушунсин ва тушунтириб берсин. Яъни замон билан ҳамнафас юриб, ўз фанини ҳаёт билан, ҳаёт ёш авлод олдига қўяётган муаммолар билан боғлай олсин. Яъни ўқитувчининг алмисоқда қотиб қолган тафаккури сабаб бутун бошли фан ўқувчи-талабалар назарида ҳаётдан узилиб қолмасин.

4. Моддий, маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганига қарамай, ўқитувчи ўз ўрнига номуносиб бўлса, яъни мутахассис сифатида талабга жавоб бермаса ё шаънига номуносиб иш тутса, масалан, таъмагирлик қилса, унинг меҳнат дафтарчасига шундай бир алоҳида муҳр тушсинки, бу муҳр уни таълим соҳасига яқинлашишга умрбод йўл қўймасин.
Улуғбек Ҳамдам
филология фанлари доктори,
ёзувчи

Манба: ЎзА

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Таълим ҳақида ўйлар...