Сурхондарё вилоятида навбатдаги йўл фожиаси қайд этилди. Қумқўрғон тумани ҳудудида содир бўлган оғир автоҳалокат бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлди, яна бир йўловчи оғир ҳолатда шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.
Маълумотларга кўра, воқеа 19-октябрь куни соат 09:40 ларда “Азларсой” маҳалласи орқали ўтувчи йўлда рўй берган. 1997 йилда туғилган ҳайдовчи “Cobalt” русумли автомашина бошқарувида ҳаракатланиб келаётган вақтда, эҳтимол, тезликни оширгани ёки бошқарувни йўқотгани сабабли йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб кетган.
Шу пайтда қарши томондан келаётган “Nexia 2” автомашинаси билан кучли тўқнашув юз берган. Зарба оқибатида ҳар икки автомашина ҳам қаттиқ шикастланган.
Оқибатда “Nexia 2” русумли машинада йўловчи сифатида бўлган, 1963 йилда туғилган эркак воқеа жойидаёқ жон берган. Унинг ёнида бўлган 1959 йилда туғилган аёл турли тан жароҳатлари билан шошилинч тиббий ёрдам бўлимига етказилган. Ҳозирда у шифокорлар назоратида.
Терговчилар дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчилардан бири ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузган бўлиши мумкинлигини қайд этди. Ҳозирда Қумқўрғон тумани ички ишлар бўлими тергов гуруҳи томонидан жиноят иши қўзғатилган, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, охирги кунларда вилоятда йўл-транспорт ҳодисалари сони кескин ортган. Мутасаддилар ҳайдовчиларни чарчаган ҳолда рульга ўтирмаслик ва йўл қоидаларига қатъий амал қилишга чақирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!