date

Адиз Бобоев раҳбарларни ҳалолликка ва шахсий намунага чақирди (видео)

Адиз Бобоев раҳбарларни ҳалолликка ва шахсий намунага чақирди (видео)

Самарқанд вилоятида давлат бошқарувида ҳалоллик ва очиқликни кучайтириш мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев раҳбарларни коррупцияга қарши шахсий намуна орқали курашишга чақирди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Йиғилиш 15 октябр куни ўтказилди. Унда туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда таълим ва соғлиқни сақлаш тизими вакиллари иштирок этди.

Адиз Бобоев сўзида коррупцияни “давлатга бўлган ишончни емирадиган иллат” деб атади ва бу балога қарши кураш аввало раҳбарларнинг ўзидан бошланиши кераклигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ойликлар ошган, иш ҳақи етарли бўлган ҳолда ҳам айрим раҳбарлар порага қўл урмоқда. Бу эса тизимдаги бошқаларга “у олган бўлса, мен ҳам олишим мумкин” деган фикрни сингдиради. Шу тарзда иллат юқорида бошланиб, пастки даражаларгача тарқалади.

Бобоев раҳбарларни ҳалол ишлашга, қонунга риоя қилишда шахсий намуна бўлишга чақирди. Унинг фикрича, агар раҳбар ўзини тўғри тутса, унинг остидаги ходимлар ҳам шундай йўл тутади.

«Агар сиз тўғри ишласангиз, қўлингиздаги одамлар ҳам сизга қараб ўрнак олади. Халқ ҳаммасини кўриб турибди, кимнинг уйи қандай қурилганини, кимнинг машинаси қайси пулга олинганини билмайди деб ўйлайсизларми? Ҳамма билиб ўтирибди. Ҳар бир раҳбар ўзидан хулоса чиқарсин», — деди у йиғилишда.

Йиғилиш якунида ҳокимлик ва мутасадди идоралар раҳбарларига профилактик тадбирларни кучайтириш, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда ҳалоллик ва масъулият ҳақида тушунтириш ишларини фаол олиб бориш вазифаси юклатилди. Шу билан бирга, ҳалол меҳнат қилиш маданиятини мустаҳкамлашга қаратилган амалий чоралар кўриш топширилди.

Самарқанд ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоевнинг фикрича, коррупцияни йўқотиш учун биринчи навбатда раҳбарларнинг ўзи ўзгариши, халққа намуна бўлиши керак. Шундагина тизимда ишонч ва ҳалоллик муҳити қарор топади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адиз Бобоев раҳбарларни ҳалолликка ва шахсий намунага чақирди (видео)