Сурхондарё вилоятида 16 ёшли қизга шилқимлик қилган эркакқа нисбатан суд ўз қарорини чиқарди. Маълумотларга кўра, ҳодиса 2025 йил 7 сентябрь куни Жарқўрғон туманида содир бўлган.
Маълум бўлишича, фуқаро тўйдан қайтаётган пайтда маст ҳолда йўлда 2009 йилда туғилган қўшни қизга дуч келган. У қизнинг йўлини тўсиб, телефон рақамини сўраган, кейин эса қўлидан ушлашга уринган.
Суд жараёнида айбланувчи қилмишини қисман тан олган. Унинг сўзларига кўра, қизга “шилқимлик” қилмаган, фақат рақамини сўраган ва унинг кетишига йўл қўймаган. Шу билан бирга, у қилган хатти-ҳаракатидан афсусда эканини билдирган.
Суд материалларига кўра, фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари асосида 5 сутка қамоқ жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Навоий вилояти Учқудуқ туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилган — маҳалла раиси “Аёллар дафтарига киритиш” баҳонасида аёлга нисбатан ноқулай ҳаракатлар қилгани учун жавобгарликка тортилиб, жамоатчилик томонидан кескин танқид қилинган эди.
Бу каби ҳолатлар жамиятда инсон қадри, айниқса вояга етмаганлар ва аёлларнинг дахлсизлиги қанчалик муҳим эканини яна бир бор эслатади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!